ТИВ: Марказий Осиё мамлакатлари билан савдода ижобий динамика кузатилди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ўн учинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири А.Комиловнинг Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг миллий қонун ҳужжатлари талабларини ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясидан келиб чиқадиган вазифаларни бажариш борасидаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти эшитилди.
Ташқи сиёсат хорижий давлатлар билан савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорлик ва туризмни ривожлантириш бўйича аниқ вазифаларни ҳал қилишга қаратилди.
Таъкидлаш жоизки, ҳисобот даврида мамлакатимизнинг ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаоллиги сезиларли даражада ошди. Жумладан, йил давомида 22 олий даражадаги ташриф алмашилди. 60 дан ортиқ давлат ва халқаро тузилма раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилди. 400 га яқин ҳужжат, жумладан 110 та халқаро шартнома (21 та давлатлараро, 48 та ҳукуматлараро ва 41 та идоралараро ҳужжат), шунингдек, муассаса ва минтақалар орасида 61 та ҳужжат имзоланди. Давлатимиз раҳбарининг ХХР, РФ, Турция, АҚШ, Жанубий Кореяга ташрифлари ҳамкорлигимиз ривожида ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Хўжалик юритувчи субъектлар билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда 60 миллиард АҚШ доллари миқорида 200 дан ортиқ шартнома ва битим тузилди.
Икки томонлама келишувларни сўзсиз амалга ошириш учун савдо-иқтисодий, инвестициявий, технологик, молия-техник, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш бўйича 41 та “йўл харитаси” тасдиқланди.
Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлар билан умумий товар айланмаси жорий йилнинг 10 ойи мобайнида 16,6 фоизга ошди ва 22 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Марказий Осиё мамлакатлари билан савдода ижобий динамика кузатилмоқда.
Халқаро ташкилотлар (БМТ, ШҲТ, МДҲ, ИҲТ ва бошқалар) билан мулоқот янада самарали тус олди. Ўзбекистон халқаро ташкилотларнинг имкониятларидан фойдаланиб, янги ташаббусларни илгари сурдики, улар жаҳон ҳамжамиятида кенг маъқулланиб, қўллаб-қувватланди.
Шу билан бирга, вазирлик фаолиятида айрим муаммо ва камчиликлар қайд этилиб, уларни ҳал қилиш ва вазирлик фаолиятини янада такомиллаштириш учун зарур чоралар кўрилиши талаб этилмоқда. Жумладан, ўтказилаётган халқаро тадбирларни аниқ мазмун билан янада бойитиш, уларнинг самарадорлигини ошириш, эришилган келишувларнинг ижро этилиши устидан мониторингни кучайтириш борасида фойдаланилмаган салоҳият мавжуд.
