Ички ишлар вазири Сенатда ахборот берди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон ички ишлар вазири П.Бобожоновнинг ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти эшитилди.
Ички ишлар органлари қуйи бўғин бўлинмаларини кучайтиришга йўналтирилган чора-тадбирлар ҳамда секторларда самарали ишни ташкил этиш, аҳолининг энг муҳим муаммоларини ечиш орқали уларнинг ишончини оқлаш ва жамоатчилик кучидан кўпроқ фойдаланилиши натижасида республика ҳудудида жиноятларнинг камайишига эришилди.
Жумладан, жорий йилда мамлакатимизда жиноятлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 11 минг 788 тага, жиноят қидирув йўналишидаги жиноятлар 5 минг 722 тага пасайган. Уларни турлари бўйича таҳлил қиладиган бўлсак: қотиллик 122 тага, қасддан баданга оғир тан жароҳати етказиш 94 тага, номусга тегиш 92 тага, босқинчилик 78 тага, талончилик 142 тага, ўғирлик 511 тага, фирибгарлик 107 тага, безорилик 848 тага, транспорт воситаларни олиб қочиш 17 тага камайган.
Профилактика инспекторларига самарали хизмат қилишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилаётгани уларнинг хизмат самарадорлиги ошишига замин яратмоқда. Жорий йилда мамлакатимизнинг 1 минг 79 маҳалласида биронта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.
Энг муҳими, Хоразмда “Жамоатчилик назорат масканлари” йўлга қўйилгани эвазига мавжуд маҳаллалардан 25 фоизи, Наманган шаҳри “Орзу” маҳалласидаги ижобий тажрибадан самарали фойдаланилиши натижасида вилоятнинг 20 фоиз маҳалласи жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантирилишига эришилди.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида 107, Сурхондарёда 139, Жиззахда 53, Навоийда 52, Андижонда 126 маҳаллада жиноят содир этилмади.
Бунда Президентимиз ташаббуси асосида ҳар ҳафтанинг пайшанба куни “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни”, чоршанба куни “Ёнғинлар профилактикаси” тадбирлари ўтказилаётгани ўзининг ижобий самарасини бераётир.
