Англия Премьер-лигасининг 12-турида «Ливерпуль» «Фулҳэм»ни мағлуб этди. Ливерпулдаги «Энфилд» стадионида кечган учрашув майдон эгаларининг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Ўйиннинг 41-дақиқасида «Ливерпуль»нинг мисрлик ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳ ҳисобни очди. Иккинчи бўлим бошида Шердан Шақири «Фулҳэм» дарвозасига иккинчи голни уриб, мерсисайдликлар ғалабасини таъминлади. Шу тариқа, «Ливерпуль» Англия Премьер-лигасидаги мағлубиятсиз ўйинлари сериясини 12 ўйинга етказди - 9 ғалаба ва 3 дуранг. Эндиликда «Ливерпуль» 30 очко тўплаган ҳолда ҳозирча турнир жадвалида пешқадамга айланиб олди. Аммо «Манчестер Сити» ва «Челси» ўз ўйинларида очко ололса, «Ливерпуль»дан яна ўтиб кетиши мумкин. «Фулҳэм» 5 очкоси билан АПЛ турнир жадвалида энг охирги ўринда қолмоқда. Англия чемпионатининг кейинги турида «Ливерпуль» «Уотфорд» меҳмони бўлади, «Фулҳэм» эса «Саутҳемптон»ни қабул қилади. Англия чемпионати 12-тур Ливерпуль – Фулҳэм 2:0 (1:0, 1:0) Голлар: 1:0 – 41 Салоҳ, 2:0 – 53 Шақири. Ливерпуль – Алиссон, Гомес, Робертсон, Александер-Арнолд, ван Дейк, Вейналдум (Хендерсон, 69), Фабиньо (Кейта, 90), Шақири (Милнер, 81), Мане, Салоҳ, Фирмино. Фулҳэм – Рико, Одои, Чемберс, Ле Маршан, Моусон, Кэрни (Сери, 63), Шюррле (Вьетто, 78), Сессеньон, Замбо-Ангисса (Юхансен, 84), Кристи, Митрович. Огоҳлантиришлар: Чемберс (59), Гомес (77).