Афғон ҳукумати музокарачилари Толибон вакиллари билан учрашиш учун БААга борди
17 декабрда бошланган ва уч кун давом этадиган музокаралар Толибон билан тинчлик битимига эришиш йўналишидаги расмий музокараларнинг бошланиши сари ташланган жиддий қадам ўлароқ талқин қилинмоқда.
Хабарларда айтилишича, ҳозирча Афғон делегацияси раҳбари Абдул Салом Раҳимий АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Ҳалилзод билан учрашган. Кобул Толибон вакиллари Афғонистон ҳукумати музокарачилари билан юзма-юз учрашиши эҳтимоли катта эканини билдирди.
Толибон расмий вакили Забиҳулло Мужоҳид эса толиблар ҳукумат музокарачилари билан учрашиши мумкинлиги тўғрисидаги хабарларни рад этди. Толибон дастлаб АҚШ билан битимга эришиш мақсадида Афғонистон ҳукуматининг музокаралар тўғрисидаги таклифларини инобатга олмаяпти.
Афғонистоннинг БМТдаги элчиси Маҳмуд Сайқал Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Толибон билан тинчлик битимига эриши учун барча имкониятлардан фойдаланилаётганини айтди:
-БМТ Хавфсизлик кенгашига таъкидлаб айтаманки, биз барқарор тинчликка эришиш, халқимизнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга ҳаракат қилаяпмиз. Тинчликка эришиш жараёнини кимдир ўз манфаатига буриб юборишига 40 йилдан бери тўқнашувлар шароитида яшаб келаётган афғон халқи тоқат қилмайди,-деди Сайқал.