Украинада Олий Рада янги таркибига муддатидан аввал сайлов бўлмоқда (ВИДЕО)
Владимир Зеленский президент этиб сайланганидан кейин парламентни тарқатган, янги таркиб учун сайловни муддатдан 3 ой олдин ўтказишга қарор қилган.
Бугунги сайловда Зеленский асос солган “Халқ хизматкори” партияси ҳукмронликни қўлга киритса, Зеленский ўз ислоҳотларини давом эттириши учун замин яратилади.
Сайловнинг расмий натижаси 22 июль куни эрталаб эълон қилинади.
21 кунги сайловда Зеленский, парламент спикери Андрий Парубий, собиқ президент Петро Порошенко ҳамда собиқ бош вазир Юлия Тимошенко кун ярмигача овоз берди.
Овоз берганидан кейин жустналистларга интервью берган Зеленский, ҳукумат етакчиси ҳокимият ёки сиёсатга аралашмаган профессионал иқтисодчи бўлиши керак, деб ҳисоблашини айтди.
Украиналиклар орасида ўтказилган сўровлар Зеленский рейтинги юқори бўлиб қолаётганини кўрсатмоқда. Зеленский эртароқ сайлов ўтказиш қарори сабабини мамлакат парламенти унга қарши сиёсатчилар бошқарувида бўлгани билан изоҳлаган.
“Разумков” сўров маркази 18 июль куни эълон қилган натижаларга кўра, “Халқ хизматкори” партияси 40,2 фоиз овоз тўплаши мумкин. Аммо бундай натижа ҳам партияга автоматик тарзда ҳукмронликни қўлга киритиш имконини бермайди. Зеленский партияси бошқа партия билан коалиция тузишга мажбур бўлиши мумкин.
Айни сўров натижаларига кўра, собиқ президент Петро Порошенко бошчилигидаги "Европача бирдамлик" партияси, собиқ бош вазир Юлия Тимошенко бошқарадиган "Батькившина" партияси ҳамда таниқли рок-қўшиқчи Святослав Вакарчук бошчилигидаги "Голос" партиялари сайловда 5 фоиздан кўп овоз тўплаши мумкин.
Украина парламентида 450 ўрин бор. Аммо Россия 2014 йилда Қримни аннексия қилиб олгани учун бугунги сайловда 424 ўрин учун кураш кетмоқда.
Украина қонунларига биноан, парламент ўринларининг ярми партиялар тузган рўйхатлар асосида тўлдирилади. Ўринларнинг иккинчи ярмини эса бирмандатли сайлов округларида ғалаба қозонганлар эгаллайди.
Мутахассислар фикрига кўра, Зеленский ғалаба қозонишида муҳим ўрин тутган ёш сайловчилар парламент сайловларида озроқ овоз бериши мумкин. Бу эса ўз навбатида Зеленский партияси озроқ овоз олишига сабаб бўлиши мумкин.
Айни пайтда Украина иқтисоди оқсоқланишига сабаб бўлаётган йирик муаммолар орасида эскирган газ ва электр энергияси инфратузилмалари, чуқур илдиз отган коррупция ҳамда олигархлар бошқарувидаги сиёсий тизим каби масалалар бор.
Зеленский президент сайловида ғалаба қозонганидан бир ой ўтиб, Жаҳон банки, мамлакатда бир текис кетмаётган ислоҳотлар ҳамда сайловлар билан боғлиқ ноаниқликлар туфайли сармоячилар ишончи озайиб бораётгани ҳақида огоҳлантирди.
Банк ҳисобларига кўра, кутилаётган йирик ислоҳотларга тўсиқ қўйилса, Украина иқтисодий ўсиши 2 фоиздан паст бўлиши мумкин.
