Бухорода аварияга учраган тожикистонликлардан бирининг аҳволи ўта оғир экани айтилмоқда
Аввалроқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 19 август куни Бухоро вилояти Жондор туманида А-380 йўлида Mercedes-Benz Sprinter микроавтобуси аварияга учраганини маълум қилган эди.
Москвадан Душанбега Бухоро орқали кетаётган микроавтобус Тожикистон фуқаросига тегишли бўлган.
"Микроавтобус ғилдирак ёрилиши натижасида ағдарилиб кетган. Натижада тўққиз йўловчи жароҳатланган. Уч киши шифохонага ётқизилди. Қолган олти кишини шифохонага ётқизишга ҳожат бўлмади. Уларга ҳодиса жойида тиббий ёрдам кўрсатилди. Бошқа йўловчилар Газлидаги меҳмонхонага жойлаштирилди”, деб билдирган вазирлик.
Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, микроавтобусда Россиядан Тожикистонга қайтаётган 18 нафар меҳнат муҳожири бўлган. Улардан 8 нафари енгил ва 1 нафари ўта оғир жароҳат олган.
