Добавить новость
ru24.net
World News
Декабрь
2019

СНАЙПЕР… (18-қисм)

0

* * *

 

Бу галги режага кўра, Мирсолининг ўзи ёлғиз ҳаракатланиши лозим эди. У ҳар бир ҳаракатни, ҳолатни олдиндан хомчўт қилди. Бу ишнинг оқибатигача ўйлаб бош қотирди. Шундан кейингина клубга жўнади.

Манзилга етгач, клубдаги ишлардан шошилинч кўз-қулоқ бўлди-ю, яна Вадим билан Шавкатни кабинетига чорлади.

— Сенлар ўн шотирни автоматлар билан бирга «Туман» бориб тўхтайдиган жойга элтасан, — деди у Вадимга. — Ундан олдин анави «Чиғириқ»қа сим қоқ, менга мойи кетмаган винтовка берсин! Фақат яхшилаб текшир, ишлатилган бўлмасин! Айтганча, то мендан кўрсатма бўлмагунча, бир четда беркиниб туринглар! Эҳтиёт чораси кўрилгани маъқул.

— Тинчликми? — сўради бир четда қимтинибгина турган Шавкат бетоқатланиб. — Отишма уюштирамизми?

Мирсоли дўстига ўйчан термилиб турди-да, норози бош чайқади.

— Йўқ, бугун бир ўзим ишлайман. Сенлар хавфсизлигимни таъминлайсан. Маъқулми?

— Нима қилмоқчисан ўзи? Ўта махфий ишми?

— Нега энди, — лаб буриб жавоб берди Мирсоли. — Бунинг сира махфийлиги йўқ. «Туман»ни тўхтатмоқчиман, холос. Бор гап шу.

— Сен-а? Ахир, бу хавфли иш-ку, дўст! Кел, ўрнингга мен қилай шу ишни!

— Йўқ, қарорим қатъий. Ҳар ҳолда бу шаҳарга келгач, ишни киллерликдан бошлаганман. Бугун ўша кунларни бир эслаб олсам дейман.

— Бекор қиляпсан, — деди Шавкат қовоғини уйиб. — Кабинетда ўтириб ишни бошқарсанг яхшийди. Ё бизга ишонмайсанми?

— Гап ишонишдамас. «Туман»нинг илдизи бақувват экан. Шунинг учун у билан фақат мен шуғулланишим керак. Сизларни хавф остига қўя олмайман. Хуллас, гап битта. Боринглар, мен айтган ишларни дўндиринглар!

Шавкат ортиқча гапириб ўтирмади. Вадимнинг имоси билан аста кабинетдан чиқиб кетди.

Тушдан сўнг Мирсолини алоҳида машинада «Туман» келиб тўхташи лозим бўлган манзилга етказишди. Бу ерда шаҳардаги энг обрўли банк жойлашганди. Қарама-қарши тарафда эса ўн икки қаватли уй қад ростлаган. Оралиқ масофа анча узоқ эди. Агар мерган ҳақиқий профессионал бўлмаса, кўп қаватли уй томи остидан туриб, нишонни аниқ ура олмаслиги мумкин. Мирсоли буни ҳам назардан қочирмади. Қачонлардир тўгаракда ўрганган усулларни бир-бир ёдга олиб, ниҳоят нишонни узоқ масофадан қандай бехато уриш мумкинлигини топди ва теваракка ўғринча назар ташлаб олиб, уй подъездларидан бирига кирди…

Томда иш учун барчаси муҳайё эди. Мирсоли соатига бир қараб олди-да, узун ғилофни очиб, олдиндан келтириб қўйилган винтовкага кўз югуртирди. Вадим ишни пишиқ қилибди. Ҳақиқатан қуролнинг мойи кетмаган экан. Қолаверса, ғилофга яна янги юпқа чарм қўлқоп ҳам солиб қўйишибди. Мирсоли шоша-пиша винтовка жиҳозларини жой-жойига ўрнатиб, ўқ узиши лозим бўлган туйнукка яқинлашди. Ҳа, бу ердан «Туман» келиб тўхташи зарур бўлган ер анча узоқ. Аммо ҳисоб-китобни тўғри олса, истеъдодини ишга солса, нишонни аниқ уриш қийинчилик туғдирмайди.

«Ҳаёт мени не кўйларга солмаяпти, — ўйлади Мирсоли банк биносидан кўз узмай. — Йўқ, ҳаётнинг даҳли йўқ. Пул мени шу кўйларга соляпти. Бойлик жазаваси ўз йўриғига юргизяпти. Акс ҳолда одам ўлдиришга аҳд қилмаган бўлардим. Нима қилай? Яшаш учун курашда шу йўлни ўзим танлаганман. Отам раҳматли каби далада трактор ҳайдаш ёки хирмонда нам тортган пахтани ағдаришга бўйним ёр бермади… Майли, ортиқча хаёлларга берилмай, тағин ишим ўнгидан келмаса, кайфиятим тушади, руҳим синади…»

Шу орада бино қаршисига ярқираган «Жип» келиб тўхтади ва ҳали машинадан ҳеч ким пастга тушмай тепасига сиреналар ўрнатилган иккита «Газель» машинаси унга кўндаланг бўлди. Ҳаш-паш дегунча машиналардан юзларига қора ниқоб тортган девдек-девдек йигитлар тушиб, атрофга тарқалди. Кейин эса аввал «Туман» пайдо бўлди. У ҳали теваракка назар солиб улгурмасдан, қаердандир подполковник ҳозир бўлди. У «Туман»га яқинлашиши билан автомат тутган бир неча йигитлар икковларини ўраб олишди.

— Шу етмай турувди, — деди овоз чиқариб Мирсоли. — Нима бало, подполковник менинг мерганлигимни ўз кўзи билан кўриш учун етиб келдими дейман? Қизиқ, у прокуратурада ишласа, нега «Туман»ни қувиб келди? Умуман, қаердан билди у банкка келишини?..

Саволлар мўл эди. Лекин кутишга фурсат йўқ. Агар шу тахлит тураверса, «Туман»ни қўлдан бой бериши ҳеч гап эмас. Мирсоли шоша-пиша винтовкани ўқлади-да, туйнукдан туриб, «Туман»ни мўлжалга олди. Шу тобда киссасидаги телефон безовта жиринглай бошлади. Қараса, подполковник ҳам телефонни қулоғига тутганча тек турибди.

— Шу ярамас менга сим қоқяптими? — дея телефонга кўз югуртирди Мирсоли. — Ҳа-а, шу экан-ку! Тушунмадим. Менинг бу ердалигимни қаердан била қолди? Агентураси шунчалик зўр ишлайдими?

Мирсоли истар-истамас, яшил тугмачани босиб, телефонга қулоқ тутди.

— Крутой, — деди хириллаган товушда подполковник. — Қандай ишга бел боғлаганингни, ҳозир қайси тешикдан мўралаб турганингни яхши биламан. Қаршилик кўрсатишга, қочишга уринма! Сен ўтирган уй ўраб олинган. Таслим бўл, Крутой!

Мирсоли бу гапларни эшитди-ю, бирдан бўшашиб, винтовкани ерга қўйди.

«Мент барибир ментлигини қилди-я, — ўйлади Мирсоли қўлидаги винтовкани томнинг кўздан пана жойига беркитиб, шошилмасдан пастга тушаркан. — Шунча пулимни олганди, ваъдани қоп-қоплаб берганди. Нега бундай йўл тутди у? Тузимни ичиб тузлиғимга тупурдими? Нима мажбур қилди уни? Ким сотди мени? «Туман»ми? Ўзи қўлга тушиб ўтирибди-ку у мараз! Ҳа майли, агар подполковникка уруш керак бўлса, бўлади уруш, бўлади!..»

Мирсоли ташқарига чиққани ҳамоно икки қўлини кўтарганча автоматлилар қуршовида подполковник томон юрди. У ҳануз машинаси ёнида турар, «Туман» ҳайдаб келган машинани ўраб олган аскарларга нималарнидир уқтирарди.

— Қўлни туширавер, қаҳрамон, — деди подполковник кутилмаганда сирли жилмайиш қилиб. — Ҳойнаҳой, «Менинг бу ерга келишимни қаердан билдийкин подполковник?» деб бош қотираётган бўлсанг керак-а? Топдимми?

— Хўш, шундай бўлса нима ўзгаради? Мана, мен қаршингиздаман, қўлларимни кишанлайверишингиз мумкин. Аммо…

— Ким айтди сенга қўлингни кишанлайди деб? — кулди подполковник наридаги машина томон ишора қилиб. — Мана, қўлини кишанлашимиз лозим бўлган кимса аллақачон «Сизо»га етган. Дам олаётгандир ўша ерда.

— Мендан нима истайсиз унда? — сўради Мирсоли қовоқ уйиб. — Нега мени анави автоматлилар қуршовига олдингиз? Ё…

— Шундай қилишим шарт эди, — деди подполковник бош ирғаб. — Бизнинг ишда ҳар хил воқеа юз беради. Хафа бўлма. Ҳой, лейтенант, машинадаги жомадонни опкел буёққа!

Мирсоли яна ҳеч нарсани тушунмай, подполковникка савол ва нафрат назари билан боқди. Ҳозир қандайдир ноқонуний буюмни кўрсатиб, бўйнига янги айб қўйишига сира шубҳаси қолмади. Кутганидек, подполковник жомадонни машина капотига қўйди-да, ичини очиб, Мирсолига сўз қотди.

— Кўрдингми бу ерда нима боракан?

Мирсоли жомадон тўла кўкимтир пулларга бир қараб қўйиб елка қисди.

— Бу менинг пулларим эмас. Овора бўласиз.

— Биламан, — деди подполковник. — Бу пуллар «Туман»га тегишли эди. У анави банк раҳбарига пора сифатида олиб келган. Иккови ҳамтовоқ экан. Биз банк раҳбариниям қўлга олдик.

— Нега менга айтяпсиз буларни? Тушуна олмаяпман. Ниятингиз нима ўзи?

— Уф-ф, жуда бетоқатсан-да, ука, — деди подполковник Мирсолига яқин келиб. — Бугун сен менга катта ёрдам бердинг. Биз анчадан бери «Туман»ни кузатардик. Лекин сира арзирли далил билан қўлга ола билмаётгандик. Мана, сен сабаб бўлиб бугун катта бир жиноий иш судга ошириладиган бўлди. Буям ҳаммаси эмас. Бугун менинг унвонимни оширишди. Полковник бўлдим, ука! Бу унвонни менга сен олиб бердинг, сен!.. Билмайман, Бу муваффақиятни ювмасак бўлмайди. Қани, юр, ё қўлларингни кишанлатиб қўяйми?..

Бу ҳазил Мирсолининг ғашини келтирди. Итоат билан кўрсатилган машинага ўтираркан, ҳеч кимга эшиттирмасдан пичирлади:

— Кишанинг ўзингга буюрсин!

 

* * *

 

Улар прокуратура машинасида Мирсолига тегишли кафега боришди. Полковник ваъдасини қойиллатгиси келдими, стол устини турли ноз-неъмат, ичкиликлар билан безаттирди. Мирсоли эса бу манзарага ўта ҳиссиз назар билан боқар, тезроқ полковникдан нарилашни хоҳларди.

— Илгари майли, — ўртадаги сукунатни бузиб сўз қотди полковник қадаҳларга хориж коньягидан қуйиб. — Бугун ичмасанг, жуда хафа бўламан сендан. Ахир, бугун менинг қувончли куним! Қани, ол!

— Шунинг учун кафега опкелдингизми? — савол ташлади Мирсоли. — Ҳойнаҳой, бошқа гапингиз ҳам бордир? Сиз ментларни жуда яхши билиб қолганман. Айтаверинг, қулоғим сизда!

— Жа айёрсан-а? — дея кўзларини қисиб тиржайди полковник. — Шунинг учунам кучайиб кетдинг-да!

— Хўш, айтасизми дардингизни ё кетаверайми? Ишонинг, жуда ишларим кўп. Манавинақанги зиёфат еб ўтирадиган аҳволда эмасман.

— Аввало, бизга «Туман»ни тутишда ёрдам берганинг учун катта раҳмат! Ишонавер, бундан буён сен билан мен янаям яқин бўп қолдик. Охирги нафасим қолгунча сени ҳимоялайман.

— Э, полковник, — деди Мирсоли энсаси қотиб. — Мент бандитга ҳеч қачон дўстлик қилмайди. Бир кунмас бир кун барибир қўлига кишан солишни истаб яшайди. Ё ноҳақманми?

— Ҳа, ноҳақсан, — деди полковник жиддий тортиб. — Бошқа одамларга нисбатан балки шундайдирман. Бироқ сенга ёмонлик қила олмайман. Кўнглинг очиқлиги, қолаверса, мусофирлигинг бунга йўл бермайди.

— Бўпти, ишондим деб ҳисобланг! Энди мақсадга ўтинг!

Полковник бирпас бош қашиб тургач, Мирсолига қаттиқроқ тикилиб сўз бошлади.

— Биласанми, бизнинг идорада подполковник бор. Рафик Эдуардович деган. Шу азалдан менга гўр қазиб келади. Нуқул изимни пойлайди, тирноқ орасидан кир қидиргани қидирган. Жонимга тегиб кетди.

— Хўш, шуни тинчитиш керакми? — сўради Мирсоли. — Гапираверинг тортинмай!

— Йўқ, қон тўкилмаслиги шарт, — деди полковник. — Бусиз ҳам гуноҳларимиз бир дунё.

— Унда нима хоҳлайсиз?

— Биласанми, агентура етказишига қараганда, Эдуардович анчадан бери мени четлатиб, ўзи сен билан шерикчилик қилмоқчиймиш. Яъни, сенларни ҳимоясига олиб, пул ишламоқчийкан.

— Нима, у билармиди мен билан муносабат юритишингизни?

— Ў, қаёқда-а?!. Билганда аллақачон мени сотган бўларди. Тағин билмадим, балки гумонсирар. Аммо аниқ далили йўқ қўлида.

— Хў-ўп, нима қил дейси-из? — тоқати тоқ бўлган Мирсоли оғир хўрсинди. — Айтсангиз-чи мундай чайналавермай!

— Мундай қилсак… Қисқаси, сенга бировлар орқали ўшани йўналтирсам-у, учрашиб гаплашсанг. Мен учун унга ялиниб, қўлига каттароқ пул тутқазсанг. Қўрқма, пуллар дарҳол ўзингга қайтади. Биз пулларни қўлига олган заҳоти таппа босардик.

— Унга қўшиб мениям судраб қолмайдими ментлар?

— Йўғ-э, бу нима деганинг, ука? Сен тарафга қайрилиб ҳам қўйишмайди. Илтимос, шу ишда ёрдам берворгин!

— Майли, қўнғироқ қилиб хабарини етказарсиз. Энди мен борай! Ишларим кўп!

— Бўпти, ука, омадингни берсин! Уёғидан хавотирланма! Ҳаммаси назоратимда!

— Омон бўлинг!

Мирсоли даст ўрнидан турди-да, ташқарига йўл олди.

Шу кун Мирсоли учун жуда оғир кечгандек туйилди. Аксига олгандек, казинога ҳам мижозлар жуда кам келишди. Яна даромаднинг чўғи қочди.

— Менинг қилиб юрган ишларим худога ёқмаяптими дейман? — ўзига ўзи сўзланарди Мирсоли диванга ястаниб олганча. — Одам ўлдириш гуноҳлигини биламан. Худойим шу айбларим учун жазолаши муқаррарлигигаям ақлим етади. Аммо нима қилай? Билибми-билмайми, шу йўлни танлаб қўйдим. Вазият дедим, хато қилсам, аламзадаликка йўйдим. Мана, оқибати. Тағин бир кимсанинг шўрига шўрва тўкишим керак. Қаматиш ўлдиришдан баттар-ку! Нега рози бўлдим? Рад жавобини берсам, Трофимов гирибонимдан олмасди-ку! Э, йўқ, ўша аблаҳнинг ёрдамига муҳтожман. Шунча пулим бўла туриб, унга бўйин эгишга, кўнишга, келишишга мажбурман. Йўқса, бу ярамаслар бир кун ҳам ишлашга қўйишмайди. Искович итдай бостириб келиб, дуч келган еримни тишлай бошлашади… Майли, нима бўлса бўлди энди. Тақдирга тан бермасликдан бўлак имкон йўқ…

Мирсоли ўйлай-ўйлай, телевизорни ёқди. Шу баҳонада чалғишидан умидвор бўлди. Телевизор орқали кечки янгиликларни эфирга узатишаётган экан.

— Бугун кечки соат бешлар оралиғида, — деди бошловчи. — Маҳаллий прокуратура раҳбарларидан бири полковник Илья Трофимовга нисбатан суиқасд уюштирилди. Расмий маълумотларга кўра, уни ҳамкасби подполковник Рафик Эдуардович Герасимов ўлдирган. Бунга ораларида пайдо бўлган ўзаро тортишув сабаб бўлган. Қотил шу заҳоти воқеа жойидан яширинган. Уни ҳозир полиция ходимлари қидирмоқда…

Мирсоли бу кутилмаган хабарни эшитди-ю, ўтирган ерида тош қотди. Аввалига ишонгиси келмади. Аммо хабарда марҳум ва қотил ҳақида тўлиқ маълумот берилди. Бунга ишонмасликнинг сира иложи йўқ эди.

— Расво бўлди-ку ҳаммаси, — деди даст ўрнидан туриб Мирсоли. — Раҳнамодан айрилиб қолибмиз-ку! Эҳ, нодон, улгурмадим. Трофимовга сўз бергандим-ку! Нега бугуноқ тинчита қолмадим у маразни? Энди нима бўлади? Полковник ўлди-кетди. Мен ҳимоячисиз қолдим. Ҳойнаҳой, эртагаёқ ишхонани босишса керак. Тўғри-да, юқорида одаминг бўлмагандан кейин шунақа бўлади. Бир йўлини топиш керак…

Шу тобда стол устида ётган телефони жиринглай бошлади. Мирсоли шошилинч телефонга ёпишди. Негадир бегона рақамдан қўнғироқ қилишаётган экан.

— Ким бўлди бу? — дея бош қашиб олди Мирсоли. — Нотаниш рақам-ку! Алло! Эшитаман! Ким бу?

Гўшакнинг нариги тарафидан эркак кишининг йўғон овози янгради.

— Мен полиция генерали Николай Островский бўламан, — деди овоз эгаси. — «паганялам» Острий.

— Полициячиларнинг ҳам «паганяла»си бўлишини биринчи эшитишим, — деди Мирсоли. — Хўш, генерал, менда ишингиз бормиди?

— Ильянинг ўлимидан хабардормисан? — сўради генерал. — Ё эшитмаганмидинг?

— Эшитдим, нимайди?

— Раҳнамосиз бизнесинг ўлади. Шуни биласанми?

— Хўш, нима бўпти?

— Агар хоҳласанг, мен Ильянинг ўрнига сени ҳимоямга олишим мумкин.

— Ҳа-а, шунақами? — сира сир бой бергиси келмай атайин гапни чўзишга уринди Мирсоли. — Мени ҳимояга муҳтож деб ким айтди сизга?

— Менга қара, — деди генерал гап оҳангини бироз дағаллаштириб. Сен анчадан бери «разработка»дасан. Ильянинг ҳурмати учун ҳеч ким сенга индамасди. Энди у йўқ. Эртагаёқ офисингни босишлари эҳтимолдан холи эмас. Яхшилаб танангга кенгаш, Крутой!

— Агар таклифингизга рози бўлсам-чи?

— У ҳолда ҳеч нарса бўлмагандай ишлайверасан. Аммо менга Ильяга бериб келган маошингдан ташқари ойига шу маошнинг икки баробарини қўшимча тўлайсан, бўтам. Хўш, нима дейсан?

— Менга қаранг, генерал, — деди тоқати тоқ бўлиб Мирсоли. — Ўзингизга бошқа анқовни қидиринг. Хайр!..

Шундай деб Мирсоли телефоннинг қизил тугмачасини босди.

Бахтга қарши эртаси кун тонгданоқ кўнгилсизликларнинг учи кўриниб қолди. Вадим қўнғироқ қилиб, милиция махсус хизмат ходимлари казинога бостириб киргани, бир неча кишини қамоққа ҳам олганликларини айтиб қолди. Мирсоли баттар аламга тўлиб, қандай йўл тутиш ҳақида бош қотира бошлади.

«Хайрият, Вадим дилгирлик қилибди, — ўйларди у машинага ўтирибоқ. — Пулларни беркитиб қўйибди. Мараз генерал, атайин шундай қилган. Менинг мусофирлигимдан фойдаланган. Йў-ўқ, уларга мусофир ҳам, ўзиники ҳам бир. Пул ва яна пул керак ҳаммасига. Нима қилсам бўлади?..»

Ҳали йўл яримламасдан, кутилмаганда иккита полиция машинаси Мирсоли ўтирган машинани қувиб ўтди-ю, шундоқ қаршисига кўндаланг бўлди. Бу ҳам етмагандек, машиналардан бир неча ҳарбий кийимдаги қора ниқоблилар тушиб, Мирсолининг машинасини ўраб олишди. Ҳали ҳуши ўзига келиб улгурмай, телефони жиринглади.

— Гумоним тўғри чиқди, — деди телефондаги генералнинг рақамини таниб Мирсоли. — Очиқчасига ҳужумга ўтяпти бу. Менга қара, — Мирсоли ҳайдовчининг елкасига қўл ташлаб давом этди. — Нима қилсак бўлади-а буларни?

— Брат, ментлар билан ўчакишиб бўлмайди, — деди ҳайдовчи. — Яхшиси, ён бера қолайлик! Бўлмаса, ишлашга қўйишмайди. Сал қаршилик қилсак, йўқ жойдан далил топиб ҳаммамизни Сизога тиқишади.

— Гапинг тўғри. Гуноҳларимиз кўплигини билади-да бу ифлослар! Қани, тушай-чи, нима дейишаркин?!.

Пастга тушиши билан қаршисида оқ-сариқдан келган узун бўйли подполковник ҳозир бўлди. Мирсолини ўраб олган автоматчилар эса унга савол назари билан боқишарди.

— Демак, сенсан Крутой деганлари, шундайми? — совуққон оҳангда сўради подполковник. — Сен тақиқланган бизнес билан шуғулланяпсан. Хўш, нега жимсан?

— Мен айб иш қилганим йўқ. Сиз биров билан адаштирдингиз мени, — деди Мирсоли подполковникнинг кўзларига нафрат аралаш тикилиб. — Мен Крутой ҳам эмасман. Исмим Мирсоли. Ўзбекистонликман.

— Ўзбекистонликлигингни сенсиз ҳам яхши биламан. Бу ерда қанд еётганмидинг унда? Ё ватанингдагилар сиғдиришмадими?

— Мен сен билан фақат адвокатим иштирокида гаплашаман, — бўш келмади Мирсоли. — Мени аҳмоқ деб ўйлаётган бўлсанг, адашасан.

Подполковник бир марта тиржайиш қилди-да, автоматлиларга имо қилди. Улардан бири дарҳол Мирсолининг қўлларини кишанлади.

— Унда «Сизо»да кут мени, — деди подполковник. — Адвокатинггаям қўнғироқ қилиб қўй. Аммо айтиб қўяй, дунёнинг бор адвокатини йиғганингдаям сенга ёрдам бера олмайди. Чунки сенинг гарданингда бир нечта қотиллик жиноятлари осилиб турибди. Бундан ташқари, анави казинонг қўшимча.

Мирсоли ҳеч нарса демади. Автоматлиларнинг олдига тушганча полиция машинасига ўтирди. У биларди. Генерал барибир алоқага чиқади ва қутқариб олади.

 

* * *

 

Гарчи пулинг кўп бўлса, атрофингда ҳимоячилар ёрдамга шай турса-да, одам боласи хаёлнинг минг турли кўчасига кириб чиқаркан. Бу ваҳима-ю, иккиланишлар, тушкунликлар Мирсолини ҳам четлаб ўтмади. У қайсидир куни киришга улгурган «Сизо» нинг бир кишилик камерасида ўтирарди-ю, афсусланишдан тийила олмасди. Сабаби, бу гал унга нисбатан турма назоратчилари ҳам, конвойлар ҳам аксинча муносабатда бўлишди. Туртишди, дағдаға қилишди, менсимаган назар билан боқишди. Буларнинг барчаси Мирсолига жуда-жуда алам қилди. Лекин генералнинг алоқага чиқишидан барибир умид уза олмади. Гарчи телефонини тортиб олган бўлишса-да, яқин орада камера эшигини очиб, қайтадан қўлига тутқазишларига ишонди.

Шу кўйи орадан икки соатча вақт ўтди. Кун пешиндан оғди. Бахтга қарши генералдан дарак йўқ эди. Чақирилган адвокат ҳам ҳадеганда кела қолмасди.

— Булар мени тамом бўлди деб ўйлашяпти чоғи, — деди ўзига ўзи Мирсоли камеранинг шўрлаган деворларига кўз ташлаб. — Аммо хато қилишади. Крутой ҳали ўлганича йўқ. Бунақанги пўписалардан қўрқмайди ҳам. Ҳали кўрамиз, ўша подполковникни яхшилаб таниб олдим. Афтидан унинг ўзи тергов жараёнини олиб боришга шайланган. Ҳойнаҳой пича пул ишлаб олишни мўлжаллаган. Майли, агар қўйворса бераман ўша пулни. Фақат… Кейин пушаймон бўлади. Ахир, мен соғин сигир эмасман дуч келганга сут бераверадиган! Одамман, одам!..

Шу пайт камера эшиги очилди ва остонада назоратчи пайдо бўлди.

— Қўлларингни орқага қилиб, йўлакка чиқ, — буюрди у қовоқ уйиб. — Сени терговчи кутяпти!

— Подполковникми? — сўради Мирсоли атайин назоратчининг ғашига тегиш учун. — Анави узун бўйлими?

— Бу ерда саволни биз берамиз, — бақирди назоратчи. — Тилингни тийиб олдимга туш!..

Кутилганидек, маҳбусларни сўроқ қилиш хонасида худди ўша подполковник ўтирарди. Мирсолини кўрди-ю, кўзини лўқ қилганча унга бир муддат сўзсиз тикилиб қолди.

— Ўтирсам майлими? — зардали оҳангда савол ташлади Мирсоли. — Ё турган еримда тергов қиласизми?

— Адвокатинг қани? — сўради подполковник. — Йўқ-ку адвокат?!. Сен адвокатсиз гаплашмасликка сўз бергандинг. Энди нима қиламиз?

— Адвокат албатта бўлади, — деди Мирсоли. — Ҳозир тезроқ саволларингизни бериб олсангиз яхши бўларди. Очиғи, жуда чарчаганман. Ётиб дам олмоқчиман.

— Хўп, биринчи саволим шундай. Содиқ Адашев деган йигитни нима сабабдан ўлдиргансан? Айтишларича, ҳамқишлоғинг эмиш? Нима дейсан?

— Мен унақа одамни танимайман.

— Бу энди ортиқча. Адашев ўлдирилган тўппончада сенга тегишли икки кишининг бармоқ излари турибди. Қолаверса, бошқа далиллар ҳам фақат сенга қарши. Ука, вақтимни олма, яхшиси, тергов билан ҳамкорлик қил, шунда айбингни енгиллатишга ваъда бераман. Йўқса, камида бир умрга қамаласан. Биласанми шуни?

Мирсоли миқ этмади. У дўкондорнинг дарагини эшитгандаёқ ичдан зил кета бошлаганди. Жасадни айнан ким топганини ўйлаб бош қотирарди. Жавоб беришга шошилмагани яхши бўлган экан. Подполковникнинг телефони жиринглаб қолди. Мирсоли қўнғироқ қилган генерал бўлиб чиқишини жуда-жуда хоҳлар, шунинг учун подполковникнинг юзида зоҳир бўлгувчи ҳар бир ўзгаришга сергак боқарди.

— Эшитаман, ўртоқ генерал!..

Мирсоли шу бир оғиз гапни эшитиб руҳан енгил тортди. Миясига ўрлаган барча хунук хаёллар туман каби тарқаб, кўзлари мошдек очилгандек бўлди.

— Хўп бўлади, ўртоқ генерал, — давом этди подполковник Мирсолига маъноли қараб қўйиб. — Тушундим, ҳозироқ қўйиб юборамиз! Саломатлик тилайман, ўртоқ генерал!..

Подполковник телефонини киссасига солгач, истар-истамас ўрнидан қўзғалиб эшик томонга юзланди.

— Конвой! — қичқирди у столни муштлаб. — Буюраман, маҳбус ҳозироқ озод қилинсин! Керакли ҳужжатларни дарҳол тахт қилиб, менга топширишсин! Навбатчилик бўлимига етказ! Айтганча, Крутойнинг қўл телефони, қолган буюмларини ўзига қайтаришсин!

— Хўп бўлади, ўртоқ подполковник! — дея Мирсолига қараб қўйди конвой жилмайиб. — Қани, Крутой жаноблари, юринг энди! Ўзимиз кузатиб қўямиз!

— Подполковник, кетаверайми? — сўради Мирсоли кетишга шошилмай. — Тўғри эшитдимми ўзи?

— Ҳа, бу сафар сен ютдинг, — деди подполковник асабий лаб тишлаб. — Локигин билиб қўй, барибир бир кунмас бир кун қамаласан. Шунга доим тайёр тургин!

— Ҳаракат қиламан тайёр туришга! Яхши қолсинлар! Башарти бирор нима керак бўлса, албатта бизга мурожаат қилинг! Қўлдан келганча мушкулингизни осон қиламиз!

Подполковник миқ этмади. Қайта-қайта столни муштлади-да, зипиллаганча чиқиб кетди.

«Бало келса ботмонлаб келади», деб беҳуда айтишмас экан. Мирсоли шомга яқин «Сизо»дан казинога келиб, ҳали нафас ростлашга улгурмаганди. Шавкат Вадимни эргаштирганча кириб келди. Мирсоли уларнинг юз ўзгаришини пайқади-ю, ҳеч қурса бир неча дақиқа хотиржам бўлишни хоҳлаб, одатий саволини берди.

— Казинода тағин мижоз кам-ку, — деди у бир Вадимга, бир Шавкатга кўз қирини ташлаб. — Бунақада бир ойга қолмай банкрот бўламиз-ку, учқурлар! Шуни ўйладиларингми? Ахир, даромад бўлмаса сенларга маошни қандай тўлайман?

— Мижоз бўлади, — ишонч билан дадил жавоб қайтарди Вадим. — Икки кун ичида зал тўлиб қолади. Ҳозир… Бошқа муаммо чиқиб қолди.

— Нима муаммо? Қанақа муаммо? Бирон ерни сув босибдими ё осмон узилиб ерга тушибдими?

— Бундан баттари бўлмаса керак, — гапни илиб кетди Шавкат. — Қишлоқдан Содиқнинг укаси Собир келибди. Ҳозир казино қаршисида турибди. Биномизнинг ҳаммаёғини қандайдир автомат қўлтиқлаган барзангилар ўраб олган. Собир эса сенинг олдингга кирмоқчи!

— Собир дедингми? — Мирсолининг бирдан чеҳраси тундлашди. — Эшитибдими? Нима деяпти ўзи? Сен сўрадингми?

— Ҳа, сўрадим, — деди Шавкат муштларини тугиб. — Менга ҳеч нарса демади. Сен билан гаплашармиш аблаҳ.

— Барзангиларни қаердан топибди?

— Бунисиданам хабарим йўқ. Ўзидан сўрарсан…

Мирсоли ҳеч нарса демай зарда билан телефонини қўлига олди-ю, керакли рақамларни терди.

— Генерал, — деди гўшакдан таниш товуш эшитилгани ҳамоно. — Бу қанақаси? Турмадан қутқариб олдингиз деб ўйласам, яна одам юборибсиз-ку пешонамга! Буни қандай тушуниш керак?

Генерал унга нималар деди, не гапларни уқтирди, фақат Мирсоли эшитди. Фақат суҳбат тугагачгина, у ёнидагиларга юзланди.

— Булар ментмасакан, — деди Мирсоли. — Барибир генерал ҳозир ёрдам юборадиган бўлди. Демак, автоматли барзангилардан чўчимасак ҳам бўлади.

— Ҳаммасини ими-жимида тинчитворсак-чи? — сўради Шавкат. — Пусиб ўтирадиган аҳволдамасмиз ҳарқалай!

— Йўқ, қон тўкилиши керакмас ҳозир. Майли, ментларнинг ўзи ҳал қилаверсин буни. Биз бекорга пул тўламаяпмиз-ку! Сен Вадим ўша Собирни буёққа олиб кир-да, кейин залдан бохабар бўл! Шавкат, сен шу ерда қол, дўст! Дўкончининг укаси нима янги гаплар опкелдийкин, билволамиз ҳозир!..

 

* * *

 

Орадан беш дақиқа ҳам вақт ўтмай, ичкарига худди Содиқ каби паст бўйли, думалоқ, сочлари ғадир-будурлигиданми тепага қараб ўсган Собир кириб келди. У шу тобда хафақон ва икки юзи терсайган ҳолатда эди. Салом беришни-да хоҳламай, кирибоқ, Мирсолига тик боқиб зардали оҳангда саволлар ёғдира бошлади.

— Ҳа, акамни ўлдириб ҳаром пулларга чўмиляпсанми? Эркакча иш қилсанг бўларди-ку! Қани менинг акам? Топиб бер, эркак!..

— Аканг, мана, чўнтагимда, — деди Мирсоли жаҳлини аранг жиловлаб. — Оберайми?

— Ҳаддингдан ошма! Крутоймишсан. Вей, кўрпангга қараб оёқ узатгин!

— Вей, бола, ҳозир ҳов анави йигитларга айтсам, манави ёғ босган жуссангни минг бўлакка бўлиб итларга едиришади. Шунинг учун сенам ҳаддингни бил-да, ниятингни айт!

— Акамни топиб бер! Қани у?

— Мен акангни кўрганим йўқ. Кўрганлар бошқадир. Ўшалардан сўра!

— Э, йў-ўқ, — деди Собир хезланиб. — Ҳаммасини эшитдим. Сен акамни ўлдириб, жасадини беркитиб ташлаганмишсан ўрмонга!

— Нима? Ўв, бойвачча, оғзингга қараб гапир! Жаҳлимни чиқаряпсан лекин! Мени ким деб ўйлаяпсан?

— Ана, «Таракан» деган бандит айтди-ку! — янада баландроқ товушда қичқирди Собир. — Сен ўлдирганмишсан, сен! Акамнинг хунини тўла, номард!

Мирсолининг сабр косаси тўлди. Аммо ҳеч нарса демади. Шавкатга билдирмайгина кўз қисди-да, «ертўлага олиб туш» дегандек имо қилди.

Йўқ, у асло Собирга ёмонлик қилмоқчи эмасди. Залдагилар хитланмаслиги учун тинчгина ертўлада суҳбатни давом эттириш, ёлғон-ёшиқ билан бўлса-да, Собирни хотиржам торттиришни ният қилганди.

Мирсоли Собир тилига кўчирган ҳар бир ҳақоратли сўздан сўнг янада кўпроқ азобланарди. Қайсар ва ҳиссиз қалбига ўрнашиб олган иблис Мирсолини тобора олдинга, интиқом сари ундарди. Шундай ҳолатда у ертўлага тушди. Шавкат оёқларини чалиштирганча оромкурсида ўтирар, Вадим эса аллақачон Собирнинг афтини «бежаб» улгурганди.

— Хўш, қалайсан, бойвачча? — дея нуқул ҳарсиллаётган Собирнинг тепасига яқин борди Мирсоли. — Боя «Таракан» деган бандит ҳақида гап очгандай бўлдингми? Ким у? Ишон, агар унинг кимлигини айтсанг, сени ўлдирмайман. Ҳатто, манави қонталаш юзларингни тартибга келтиришинг учун товон пулиям тўлайман.

— Мараз! — Собир бошини кўтариб, Мирсолига нафрат аралаш тикилиб олди-да, полга чирт этиб тупуриб сўз қотди. — Акамни топиб бер!

Мирсоли ҳеч нарса демай, Вадимга бир қараб қўйди. У хожасининг буйруғини сўзсиз тушуниб, дафъатан Собирни аёвсиз тепишга тушди. Чамаси ўн-ўн бешта тепки танасининг турли нуқталарига бориб теккач, Собир ётган ерида икки қўлини баравар кўтарди ва қайтадан Мирсолига боқди. Бу галги боқиш ростакамига ожиз, ҳимоясиз эркакнинг илтижосидан дарак бериб турарди.

— Тавба қилдим! — деди Собир йиғлаб. — Акамниям топиб берма, майли, розиман! Фақат айт, уришмасин мени! Ўлиб қоламан!

Мирсоли совуқ тиржайиб олди-да, Вадимни елкасидан тутиб нари сурди.

— Укахонимиз тавба қиляпти! — деди Мирсоли энди ҳануз хотиржамлик билан уларни кузатаётган Шавкат тарафга бош буриб. — Эшитдингми тавбасини?

— Албатта эшитдим, — деди Шавкат даст ўрнидан туриб. — Тавба қилмай қаергаям борарди? Ичидагини ёғ деб юрган болалар-да булар! Ҳаётни кўрмаган, отасининг пулига керилиб юрган. Мана, энди ҳаётга бошқача кўз билан қарай бошлади.

— Нима қиламиз? — сўради Мирсоли оромкурсига ўтираркан. — Тавбасига ишониб, кечирамизми?

— Йўқ, олдин ўша «Таракан» ҳақида ҳаммасини оқизмай-томизмай гапириб берсин! — деди Вадим. — Унгача кечирмаслик керак. Босс, кўрдингиз-ку ҳаммасини! Бу ифлос пешонамизга қаёқдаги ўзига ўхшаган ҳаромхўрларни етаклаб келди. Сизни хоҳлаганча ҳақорат қилди.

— Хўш, Собир, ука, айтиб берасанми? Йигитларнинг гапларини эшитдинг. Улар сендан жуда хафа бўлишибди. Шу айбингни ювасанми ё калтак ейишда давом этасанми? Очиғи, менга барибир. Чунки сен душманимнинг укасисан. Агар мендан бошқаси бўлса, аллақачон сени тириклай кўмиб ташларди. Гапир!..

— Йўқ, йўқ, керакмас! — қонталаш юзларини енгига арта-арта жазава аралаш қичқирди Собир. — Айтаман! Ҳаммасини гапириб бераман!

— Қулоғим сенда! Нимани айтмоқчисан?

Собир бир Вадимга, бир Шавкатга жавдираб олди-да, бошини қуйи солган кўйи тилга кирди.

— А-акам… Ўша Тараканов билан олди-берди қиларди…

— Нима оларди-ю, нима сотарди? — сўради Мирсоли бамайлахотир. — Тушунмадим!

— Улар… Ҳалиги… Гиёҳванд моддалар билан савдо қилишарди. А-акам опкеларди, Тараканов текшириб кўриб сотиб оларди.

— Нима?.. — Мирсоли бу гапни эшитди-ю, баттар ғазабга тўлиб, беихтиёр Собирнинг иягига чанг солди. — Нима дединг, хунаса? Гиёҳванд модда? Ҳали сенлар шунақа ифлосмисан?

— И-ифлосмасмиз! — ўзини оқлашга ўтди Собир. — Т-тирикчилик-да, ака!..

— Тупурдим тирикчилигингга, билдингми!?. Ҳали сен шу жирканч оёқларингни менинг остонамга қўйдингми? Нега-а?..

Вадим Мирсолининг аччиқланганини сезгани ҳамоно Собирни калтаклаш учун шайланганди. Мирсоли унинг ниятни сездими, даст ўрнидан турди-да, елкасига қўл қўйди.

— Шошилма, дўст, — деди у Вадимга. — Эшитамиз! Охиригача эшитамиз! Гапир, ифлос! Ҳаммасини айтасан ҳозир!..

— А-акам йўқолиб қолгандан кейин мен Таракановникига бордим. Ундан ёрдам сўрадим.

— Ким айтди сенга акангни Мирсоли ўлдирди деб? Гапир!

— Ў-ўша Тараканов айтди. Унинг шотирлари кўрганакан.

— Нима? Ким дединг? Шотирлари? Қаерда кўрибди?

— Катта трассада кўрибди. «Йўл четида акангни ўлдириб, кейин жарга улоқтирворишди. Бу ишнинг бошида Мирсоли ҳамқишлоғинг турди», деди.

— Йўғ-э, тўғридан-тўғри шундай дедими? Қизиқ, мени қаердан таниркан ўша гиёҳванд ҳамтовоғинг? Шуниям айтгандир-а?

— Билмадим. Ҳеч нарса демади бу ҳақда.

— Демак, сен ўша итнинг қўли билан мендан ўч олмоқчи бўлибсан-да! Шунинг учун Тараканнинг югурдакларини етаклаб келибсан-да? Шунақами?

Собир ҳеч нарса демади.

— Ҳа-а, индамайсан, — деди Мирсоли унга яқин келиб. — Чунки қўрқасан. Сен-чи, аслида ўша ҳезалак акангданам баттар қўрқоқ ва латтачайнарсан. Ё нотўғрими?..

Собир Мирсолининг ҳақоратли сўзларини тек туриб тинглади ва кутилмаганда, қайтадан тиз чўкди.

— Жон ака, мени ўлдирманг! Ҳа, гапингиз тўғри! Мен қўрқоқман! Мен… Яшашни хоҳлайман! Илтимос, ўлдирманг!..

Мирсолининг тоқати тоқ бўлди. Айниқса, Вадимнинг — буткул бегона миллат, ёт эл вакилининг қаршисида ҳамқишлоғи бу қадар паст кетиши, сотқинлик қила туриб дафъатан ожизалар каби кўз ёш тўкиши унга жуда алам қилди. Уни нима қилиш зарурлигини хаёлан чамалаб олди-да, Шавкатга ишора қилди. Шу ондаёқ улар Вадим билан биргаликда Собирни ташқарига судраклашди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ




Moscow.media
Частные объявления сегодня





Rss.plus
















Музыкальные новости




























Спорт в России и мире

Новости спорта


Новости тенниса