Сурхондарё бош солиқчисининг қимматбаҳо хизмат машинаси юзасидан Бош прокуратура иш очиши мумкин
![Сурхондарё бош солиқчисининг қимматбаҳо хизмат машинаси юзасидан Бош прокуратура иш очиши мумкин](https://uznews.uz/upload/news/medium/%D1%8D%D0%BA%D0%B8%D0%BD%D0%BE%D0%BA%D1%81.jpg)
ДСҚнинг Сурхондарё вилояти бўлими мутасаддилари Молия вазирлигининг тегишли хатини ўзгартириб, қалбакилаштириш орқали Equinox русумли автотранспорт воситасини харид қилган.
Сурхондарё вилояти Давлат солиқ бошқармасининг қимматбаҳо хизмат машинаси юзасидан хизмат текшируви бошланди.
Маълум қилинишича, Сурхондарё вилоят Давлат солиқ бошқармаси томонидан, бошқарма балансидаги мавжуд 2013 йилда ишлаб чиқарилган "Нексия-2" русумли автотранспорт воситаси бугунги кунда эскириб яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги сабабли унинг ўрнига белгиланган лимит доирасида бир дона хизмат автомашинаси харид қилишга рухсат сўраб, 2020 йил 2 октябрдаги 23-31631-сонли хат биланМолия вазирлигига мурожаат қилинган.
Мазкур мурожаатга Молия вазирлигининг 2020 йил 9-октябрдаги ЕС 8724-сонли жавоб хати билан юқоридаги автотранспорт воситасини ўрнатилган тартибда сотиш ҳамда унинг ўрнига белгиланган лимит доирасида Солиқ органларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан бир дона Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган "Нексия-3" русумли хизмат автомашинаси харид қилишга эътирози йўқлиги маълум қилинган.
Бироқ, Бошқарма томонидан Ўзавто дилери "Авто-центр-Қашқадарё" билан Бошқарма ўртасида 2020 йил 30 сентябрда тузилган 3-250-2020-1563UA-сонли шартномага асосан 349 млнсўмга Equinox русумли автотранспорт воситаси харид қилинган.
Молия вазирлиги томонидан ўтказилган хизмат суриштирувига асосан, ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган хат, хусусан, Сурхондарё вилоят Ғазначилигига тақдим этилган Молия вазирлигининг юқорида қайд этилган 2020 йил 9-октябрдаги ЕС 8724-сонли хати ўзгартирилганлиги, яъни ""Нексия-3" русумли" сўзлари чиқариб қалбакилаштирилганлиги аниқланди.
Молия вазирлиги Матбуот хизматининг маълум қилишича, ушбу ҳолат юзасидан Бош прокуратурага ваколати доирасида мазкур хатга ўзгартириш киритган мансабдор шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилиши юзасидан ўрнатилган тартибда мурожаат йўлланган.
Шунингдек, ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказиш тўғрисида Давлат солиқ қўмитаси раисининг буйруғи қабул қилинган.