Тожикистонда маҳкум сиёсатчилар оилаларига “моддий кўмак” кўрсатган 87 ёшли оқсоқол қамалди
Оқсоқолнинг яқинлари 4 январь куни Озодликнинг тожик хизматига унга нисбатан суд ҳукми 28 декабрь куни чиқарилганини маълум қилганлар.
Душанбедаги Исмоил Сомоний туман суди Набиевни “Тожикистонда тақиқланган Ислом уйғониш партиясининг қамоқдаги аъзолари яқинларига моддий ёрдам кўрсатганлик”да айбдор, деб топган.
Туман судидаги манба журналистларга Д. Набиев декабрь ойи охирида озодликдан маҳрум этилганини тасдиқлаган, бироқ бошқа тафсилотларни очиқлашдан бош тортган.
Тожикистон Ислом уйғониш партияси (ТИУП) собиқ аъзоси Маҳмад Тешаев Озодликнинг тожик хизматига аввал мазкур партияга аъзо бўлган Набиев сентябрь ойида ҳибсга олинганини маълум қилган.
ТИУП 2015 йили Тожикистонда экстремистик ва террористик ташкилот дея эълон қилиниб, фаолияти тақиқланган эди. Партия вакиллари ва ҳуқуқ фаолларига кўра, мазкур қарор асоссиз ва сиёсий сабабларга кўра олинган.
Тақиқ ортидан ТИУПнинг ўнлаб аъзоси ва тарафдори жавобгарликка тортилган, улардан кўплари қамоққа ташланган, бу эса ҳуқуқ фаоллари томонидан президент Эмомали Раҳмон ҳукуматига қарши танқидлар кучайишига сабаб бўлган.