Ўзбек-қирғиз чегарасида қўлга олинган қорасувлик собиқ ҳоким жаримага тортилди
Қайд этилишича, Ўш шаҳар суди 2020 йилнинг 22 октябрь куни Т. Матраимовни Қирғизистон Жиноят кодексининг 358-моддаси (“Давлат чегарасидан ноқонуний ўтиш”) бўйича айбдор деб топиб, унга нисбатан 220 минг сўмлик жарима жазоси тайин қилган. Уй қамоғи шаклидаги эҳтиёт чораси суд ҳукми кучга кирганидан кейин бекор қилиниши лозим эди.
Т. Матраимов сўнгги 8 йилдан бери Қорасув туман маъмуриятини бошқариб келаётган эди. Шу йил 4 октябрида бўлиб ўтган парламент сайлови олдидан у соғлиғи ёмонлашганини айтиб, таътилга чиққан.
У ўтган йилнинг 6 октябрида чегарадан ноқонуний ўтишга ҳаракат қилган ўғли, жияни ва қўриқчиси билан биргаликда Ўзбекистон ҳудудида қўлга олингани ҳақида Озодлик аввал хабар қилган.
9 октябрь куни Ўзбекистон томони Т. Матраимов ва унинг ҳамроҳлари З. Қўчқўрбаев, М. Аҳмедовни Қирғизистонга топширган. Ўзбекистонда қўлга олинган тўрт кишидан нима учун уч нафаригина қўшни давлатга топширилганига аниқлик киритилган эмас.
Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати 9 октябрь куни мазкур уч шахсга нисбатан Қирғизистон Жиноят кодекснинг 358-моддаси (Давлат чегарасидан ноқонуний ўтишга ҳаракат қилганлик) асосида судгача тергов ҳаракатларини бошланган. Ўш шаҳар суди эса қўлга олинганларни 9 ноябргача МХДҚ тергов ҳибсхонаси ушлаб туриш ҳақида қарор чиқарган.
Тилек Матраимов Қирғизистон Божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари, коррупцияга аралашгани айтиладиган Раимбек Матраимов ва парламент депутати Искендер Матраимовнинг укасидир.