Афғонистонлик тиббиётчилар COVID-19 га қарши курашиш бўйича Ўзбекистонда малака оширади
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, мазкур машғулотлар коронавирус инфекциясини даволаш жараёнида бевосита қатнашган ўзбекистонлик мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган.
Қайд этилишича, ўқув машғулотлари давомида афғонистонлик тиббиётчилар учун Зангиота туманидаги 1- ва 2-сон юқумли касалликлар шифохоналарида маҳорат дарслари ташкил қилинади.
“Бундан ташқари, меҳмонлар кўп тармоқли марказий поликлиника ва оилавий поликлиникалардаги ҳамкасбларининг фаолияти билан ҳам танишади. Афғонистонлик мутахассислар Самарқанд вилоятига бориши ҳам кўзда тутилган”, дейилган ССВ хабарномасида.
ЖССТ маълумотларига кўра, Афғонистонда шу кунда коронавирус инфекциясига чалинганлар сони 53 минг нафарга, қурбонлар сони эса 2 230 нафарга етган.
Ўзбекистонлик врачлар коронавирус инфекциясини даволаш бўйича аввалроқ тожикистонлик ҳамкасбларига ҳам кўмак кўрсатишган. Шунингдек, Ўзбекистон COVID-19 га қарши кураш доирасида Қирғизистонга 3 та касалхона қуриб берган, Тожикистонда эса ўзи қураётган тиббий марказ негизида COVID-19 беморларини тақсимлаш маркази барпо этишни режалаган.