Ўзбекистон Тожикистонда қураётган тиббиёт маркази негизида тақсимлаш маркази ташкил этилади
Маълум қилинишича, қурилаётган тиббиёт маркази негизида тақсимлаш марказини ташкил этилишини Тожикистон ҳукумати илтимос қилган. Тошкент бунга рози бўлган. Марказни жиҳозлаш “Ўзбекнефтгаз” ҳисобидан амалга оширилади.
Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йил март ойида Тожикистонга ташриф қилган эди. Ўшанда томонлар Кубодиён туманида Ўзбекистон замонавий тиббиёт комплекси қуриб бериши тўғрисида келишиб олганди.
Комплекс қурилиши 2018 йилнинг йилнинг иккинчи ярмида бошланган ва 2021 йилнинг баҳорида фойдаланишга топширилади.
Тожикистон эса бунинг эвазига Самарқандда 640 ўринли мактаб ва Фарғона вилоятида бир бола боғча қуриб бериш мажбуриятини олган.
Бундан ташқари Ўзбекистон Сўғд вилояти Спитамен туманида 630 ўринли янги мактаб қуриб берган. Мазкур мактаб 2020 йилнинг сентябрида ўқувчиларни қабул қилди.
Ўтган йили Ўзбекистон Қирғизистонга учта касалхона қуриб берган эди. Қирғизистон шимолида 29 декабрь куни Ўзбекистон ҳисобидан енгил конструкциялардан қурилган икки касалхонанинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Аввалроқ Ўзбекистоннинг молиявий кўмагида Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой туманида 200 ўринли касалхона фойдаланишга топширилгани ҳақида хабар қилинган.