Вашингтон Теҳронни Форс кўрфазида қўлга олинган Жанубий Корея танкерини қўйиб юборишга чақирди
Кеманинг қўлга олиниши Теҳрон билан Сеул ўртасида таранглик кучайган пайтга тўғри келди. Бунга, “Америка овози” маълумотига кўра, АҚШ санкциялари туфайли Жанубий Корея банкларида Эроннинг 7 миллиард доллар миқдоридаги маблағи музлатиб қўйилгани сабаб бўлган.
Эрон нашрлари хабарига кўра, танкер Ислом инқилоби посбонлари корпуси томонидан кўрфазни гўё кимёвий моддалар билан ифлослантиргани учун қўлга олинган. Тасдиқланмаган маълумотларга қараганда, кема етти минг тоннадан кўпроқ этанол олиб кетаётган бўлган.
Кемада Жанубий Корея, Индонезия, Вьетнам ва Мьянмар фуқаролари бўлган 20 нафар экипаж аъзолари бор. Сеул танкер қўйиб юборилиши бўйича музокара олиб бориш учун Эронга ҳукумат делегациясини йўллашини билдирган. Эроннинг Жанубий Кореядаги элчиси экипаж аъзоларининг ҳаммаси соппа-соғ экани, уларга ҳеч нарса хавф солмаётганини қайд этган.
Ҳодиса Жанубий Корея ташқи ишлар вазири ўринбосарининг Теҳронга сафари арафасида содир бўлган. Мазкур музокараларда томонлар Корея банкларида сақланаётган Эрон маблағларини қайтариш масаласини муҳокама қилишлари кутилаётганди.