Гуноҳкор!..
— Сен мени ким деб ўйлаяпсан?! — дея ўрнидан туриб кетди капитан.
— Ҳеч ким, деб. Шунинг учун гапириб ётибман, ҳар балоларни!.. Агар биров ким деганимдан ҳеч вақо демасдим!.. Зикингдан тортиб, фаррошингача, сен бой экансан, сени пулинг кўп экан, деяверганидан кейин нима дейишим керак эди?! Нима дейишимни кутаётгандинглар?! Қонимга ташна қилиб юбординглар-ку! Ундан кўра бир уринглар ёки пешонамдан «тарс турс» отиб ташланглар, ўлиб кетайин, қутилайин шу сўроқ саволларингдан! — дея бақириб юборди Ўткир.
— Тушундим. Шаллақилик қиламан, хотинларга ўхшаб, шундан кейин менга биров тегинмайди, деб ўйлаганмидинг?! Билиб қўй сени умринг қамоқда чирийди. Шунчаки, чиримайди, жуда оғриқлик чирийди! Ҳамтовоқларинг, аллақачон ҳамма кўрсатмаларни бериб бўлишган!.. Минг чирансанг ҳам жазодан қутилиб қололмайсан…
Ўткир гапирмади. Кўзларини юмди. «Онам айтарди, болам шу ароқ чиқаришни қўй. Бошинга бало бўлади. Бир куни ундан еганларингни қусасан, ёмон қусасан дерди… Мен қулоқ солмадим. Чунки ҳамма мени ҳурмат қиларди, соямга салом берарди. Ҳаммасини пул билан ёпиб кетаман, дердим. Адашган эканман», дея хаёлидан ўтказди.
Терговчи қайтиб жойига ўтирди. Ва яна энди савол бермоқчи бўлганида, Ўткирни ўзи гап бошлади.
— Барибир айтганларимга ишонмайсанлар. Нима десам ҳам кўнмайсанлар. Шундай экан, бўладиганини гапиринглар. Розиман…
— Битта гапни айтиб қўяйин, ҳаммасини бўйнингизга олсангиз ишингиз осон бўлади. Қози ҳам бўйнига олибди. Афсусда экан, деб жазони енгилидан беради… Лекин барибир қамаласиз. Гап сизни қанча муддатга қамалишингизга боғлиқ. Боя қизишиб кетиб, сенлаб юбордим, бунинг учун узр… Ишингизга яхши одамлар аралашиган… Бошладикми?!
— Бошладик…
Ўткир капитан нима деб сўраса, ҳаммасига жавоб бераверди… Тўғрироғи оғзига келган гапни айтаверди. Барибир қамалиб кетарканман. Шундоқ экан нима фарқи бор, деди…
Терговчи унинг имзосини қоғозларига қўйдириб олганидан кейин хурсанд бўлганча чиқиб кетди…
«Жиноятчилар оламига хуш келибсан!» деди Ўткир ўзига ўзи…