Добавить новость
ru24.net
World News
Апрель
2021

Россия ва Беларусь давлат тўнтаришининг олди олингани ҳақида хабар берди — Бизга қўшилинг: ???? https://t.me/joinchat/AAAAADwt0NGCRoONT4f1_Q

0
Фото: president.gov.by Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) ва Беларусь давлат хавфсизлик қўмитаси (КГБ) Беларусда ҳарбий давлат тўнтаришига уриниш ва мамлакат президенти Александр Лукашенконинг ҳаётига суиқасднинг олди олингани ҳақида маълум қилди. Президент ҳам журналистларга фитначилар ўзи ва ўғилларини ўлдирмоқчи бўлгани ҳақида айтди. Ушбу иш доирасида Москвада беларус мухолифатчиларининг икки нафари: политолог Александр Федута ва адвокат Юрась Зенкович (ФСБ хабарномаларида у Юрий деб ҳам аталган) қўлга олинган. Махсус амалиёт Лукашенконинг Россия президенти Владимир Путинга мурожаатидан кейин амалга оширилган. Россия ФСБ ва Беларус КГБ иштирокида қўшма амалиёт ўтказилгани ҳақида 17 апрел куни ФСБ жамоатчилик билан алоқалар маркази хабар қилди. Параллел равишда Лукашенко унинг ва ўғилларининг ҳаётига суиқасд тайёрлангани, мамлакатда эса ҳарбий давлат тўнтаришини амалга ошириш режалаштирилгани ҳақида маълум қилди. Куч ишлатар тузилмалар исён ташкилотчилигида гумон қилиб Россияда Беларуснинг икки фуқаросини - политолог Федута ва АҚШ фуқаролигига ҳам эга бўлган адвокат Зенковични қўлга олган. Лукашенко Путинга ёрдам сўраб мурожаат қилганидан сўнг бу шахслар қўлга олинганини айтиб ўтган. Федерал хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, давлат тўнтаришини Беларусь ва Россияда Ғалаба куни нишонланадиган санада - 9 майда амалга ошириш режалаштирилганди. Исёнчилар гўёки мамлакат раҳбариятини йўқ қилиб, телемарказни қўлга олмоқчи бўлган. Лукашенко мазкур фитнага АҚШнинг алоқаси борлигини айтди Лукашенко шанба куни журналистларга давлат тўнтаришига уриниш ҳақида гапирди. Бу учрашувдаги кадрлар «Пул первой» телеграм-каналида эълон қилинди. Аввалига Лукашенко кўчат ўтқазаётгани тасвирланган видеоёзув, кейин унинг давлат тўнтаришига уриниш ҳақидаги сўзлари келади. Беларус президенти фитначилар гўёки унинг ўғилларини ўғирламоқчи бўлгани ҳақида айтади. «Режага кўра, бир болани, ўхшаса, иккинчисини қўлга олиш бўлган. Ертўлага жойлаштирмоқчи бўлишган. Дарвоқе, Гомель областида ертўла тайёрлашибди. Биз гуруҳни қўлга олдик, улар бунинг барчаси қандай режалаштирилганини кўрсатиб беришди», - дейди Лукашенко. Унинг сўзларига кўра, мазкур ҳаракатларга тайёргарлик ортида АҚШ махсус хизматлари турган. «Бу ишга хориждаги махсус кучлар – катта эҳтимол билан, Марказий разведка идораси, Федерал қидирув бюроси ва АҚШнинг яна бошқа хизматлари аралашган деб ўйлаяпман. Америкаликлардан айнан ким ишлаганини билмадим. Биз улар Минскка келиб, президент ва унинг болаларига қарши суиқасд уюштириш билан шуғулланиш ниятида бўлганини аниқладик», деган Лукашенко. ФХХ баёнотида Федута ва Зенкович «Беларусь радикал мухолифати идеологлари» деб аталган. Махсус хизматлар улар Беларусда «маҳаллий ва украин миллатчилари»ни жалб этган ҳолда «рангли инқилоб сценарийсида ишлаб чиқилган» давлат тўнтариши амалга ошириш ва «Лукашенкони жисмонан йўқ қилиш»га ҳозирлик кўришганини тасдиқлади. Федерал хавфсизлик хизматининг ҳисоблашича, давлат тўнтаришини тайёрлаш учун Федута ва Зенкович Москвада «мухолифат кайфиятидаги» беларус генераллари билан учрашув ташкиллаштирмоқчи бўлган, ундан олдин Зенкович АҚШ ва Польшада «маслаҳатлашув» ўтказган. ФХХдагилар талқинига кўра, Москвадаги ресторанлардан бирининг алоҳида хонасида ўтказилган учрашувда Федута ва Зенкович генералларга «республика раҳбариятидаги барча шахсларни жисмонан йўқ қилиш» режалари ҳақида гапириб берган. «Улар ҳарбий тўнтаришнинг режасини батафсил тузишган, хусусан, халққа мурожаат трансляцияси учун радио ва телемарказларни қўлга олиш, республика пойтахтини тўсиб қўйиш режа қилинган. Куч ишлатар тузилмалар ва ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятини қийинлаштириш учун Беларусь энерготизимини тўлиқ ўчириб қўйишга тайёрланишган», дейилади ФХХ маълумотида. Куч ишлатар тузилмалар маълумотига кўра, режа бўйича давлат тўнтаришининг «фаол босқичи»ни «махфий базалар»да жойлаштирилган «партизанлар» бошлаши керак бўлган. ФХХ релизда «украин миллатчилари» атамаси нега келтирилганига аниқлик киритмаган. Маълум қилинишича, фитначилар ҳокимиятни қўлга олгач, президентлик лавозимини тугатиб, мамлакатни бошқариш учун «Миллий ярашув қўмитаси» ташкил этишни режалаштирган. «Шу билан бирга, Зенкович мамлакат парламенти ва ҳуқуқ тизимининг куратори бўлишни, Федута эса сиёсий ислоҳотлар ва идеологик ишлар билан шуғулланишни кўзлаган», - дея маълум қилади ФХХ. Махсус хизматларнинг тасдиқлашича, ҳарбий тўнтаришни 9 май куни, Минскда Ғалаба куни муносабати билан парад ўтказилаётган вақтда уюштириш режа қилинган. «Учрашув ҳужжатлаштирилгани»дан кейин гумондор фитначилар Россия махсус хизматлари томонидан қўлга олинган. Кейин Федута ва Зенькович Беларусь томонига топширилган. Қўлга олиш жараёни видеоёзуви, шунингдек, гумондор исёнчиларнинг учрашуви Беларусдаги ОНТ телеканали эфирида берилган. Сюжетда давлат тўнтариши режаси «Тишина» код номини олгани айтилади. Кафедаги учрашувга оид кадрда иштирокчилардан бири «биринчи галдаги вазифа энг асосий шахсни йўқ қилиш» экани ҳақида гапиради. «Минскда биринчи соатда камида 30 киши қўлга олиниши керак», дейди кўринишидан Федутага ўхшаган иштирокчи. Беларусда қўлга олинганларга нисбатан «Фитна ёки ҳокимиятни қўлга олиш мақсадидаги бошқа ҳаракатлар» моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган. Модданинг биринчи қисми бўйича айбланганлар 8 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Давлат тўнтариши одамларнинг ўлимига олиб келган ҳолатлар учун ўлим жазоси кўзда тутилган. Лукашенко фитначиларни ушлашда ёрдам учун Путинга мурожаат қилган. У президентнинг алоҳида декретини тайёрлаган Лукашенконинг талқинига кўра, фитначилар АҚШдан қайтгач, Минскка боришга ҳайиқишган ва Россияга кетишган. «Биз бу ерга қурол келтирган гуруҳларнинг бир қанчасини қўлга туширганимиздан кейин, улар бу ерга келишга қўрқишган. Шундан сўнг Москвага жўнаб кетишган», дейди у. Лукашенко тайёрланаётган фитна ҳақида хабар топгач, Путинга мурожаат қилганини айтади. «Мен Россия президентидан, Тертель [Беларусь КГБ раиси Иван Тертель] ўз ҳамкасби Александр Бортниковдан ёрдам сўрадик. Ва биз уларни ўша ерда қўлга туширдик», деган у. Беларус президенти Россияга 11-12 кишидан иборат «қўлга олиш» гуруҳи юборилганини айтиб ўтган. Лукашенко АҚШ президенти Жо Байден билан телефон мулоқоти чоғида давлат тўнтаришига тайёрланиш масаласини кўтарган Путинга миннатдорчилик билдирган - ўша мулоқот чоғида америкаликлар раҳбари Россия президентига учрашишни таклиф этганди. «Мени бошқа нарса ҳайрон қолдирди: америкаликлар нима учун ўзларини бундай тутишди. Ахир президентни йўқ қилиш вазифасини мамлакатдаги энг юқори сиёсий раҳбарият топшириқ сифатида бериши мумкин. Фақат улар, бошқа ҳеч ким, ҳеч қандай махсус хизматлар. Путин Байден билан гаплашганида унга шу бўйича савол берган. Ҳеч қандай жавоб берилмаган! Озарбойжондан қайтганимда Владимир Владимирович менга қўнғироқ қилиб, бу ҳақда айтди», дейди Беларусь президенти. У мамлакатда дастлаб исён кўтариш, кейин давлат тўнтариши амалга ошириш режа қилинган, деб ҳисоблайди. Лукашенко исёнчиларнинг асосий мақсади - уни «ағдариш» бўлганини таъкидлайди. «Менинг вазифам шундай: агар ағдаришса ҳам, ҳеч нарса қила олишмасин. Бу менинг асосий вазифам», - дейди Лукашенко. У яқин вақтлар ичида «чорак асрлик президентлигидаги энг муҳим қарори» ҳақида эълон қилишга ваъда берди. Лукашенко бу қарорнинг моҳияти ҳақида оғиз очмаган, аммо бу орқали ҳатто у йўқлигида ҳам мамлакатдаги сиёсий тизим ишлашда давом этишига ишора қилган. У бу қарор юридик жиҳатдан расмийлаштирилиши яқин вақт ичида рўй беришини ваъда қилган. Бу кўп эҳтимол билан президент декрети кўринишида бўлади. «Худо ҳаққи, улар ишга умуман алоқадор бўлмаган болаларимга тегишмасин. Худо сақласин, нафақат менинг болаларимни, балки сизникиларни ҳам. Бу даҳшатли қирғин бўларди. Кўряпсизми, мен ҳаммасига чидадим, кутдим, ўзим учун қизил чизиқлар тортдим, кейинга қолдирдим. Энди биз уларга кўрсатиб қўямиз», деган Лукашенко. Федута ва Зенкович ҳақида нималар маълум? Федута - Беларусда таниқли бўлган политолог. У 1990-йилларда Александр Лукашенконинг матбуот котиби сифатида ишлаган ҳамда унинг сиёсий биографиясини ёзган. У 1994 йилги сайловлар вақтида Лукашенконинг штабида ишлаган ва сайловдаги ғалабадан кейин республика президенти администрациясида ахборот бошқармасини бошқарган. 1995 йилда ишдан бўшатилган ва кейин мухолифат томонга ўтган. 2020 йилги президентлик сайловлари вақтида Федута мухолиф номзод Владимир Некляевнинг штабида бўлган. Кейинроқ Минскда сайлов натижаларига қарши намойишларда иштироки учун қўлга олиниб, икки йилга қамалган. Amnesty International ўшанда Федутани виждон маҳбуси деб атаганди. Ўтган йили «Фонтанка»га берган интервьюсида Федута Лукашенко халқ томонидан қўллаб-қувватланмаганини «клиник факт» деб атаганди. Унинг фикрича, амалдаги президент ўз рейтинги билан «паспортли пингвин»га ҳам ютқазган бўларди. Федута адабиётшуносликдаги ишлари билан, хусусан, Александр Пушкин ва Адам Мицкевич ижодига бағишланган давомли материаллари билан танилган. Москвада қўлга олинганларнинг иккинчиси - адвокат Юрась Зенкович - 2007 йилдан АҚШда яшай бошлаган, Америка фуқаролигига ҳам эга. Эмиграциягача у «Беларусь халқ фронти» (БНФ) мухолифат партиясининг ҳудудий етакчиларидан бири бўлган. У ҳукуматни демократлаштириш, беларус тили ва маданиятини уйғотиш учун чиқишлар қилган. Зенкович ўтган йилдаги намойишлар вақтида мухолифатни қўллаб-қувватлагани учун август ойида 10 кунга қамалган - ўшанда у очлик эълон қилганди. У нафақат Лукашенкони, балки ҳукумат билан музокаралар ўтказишга тайёрлиги учун Светлана Тихановскаяни ҳам танқид қилиб келади. Зенкович 2021 йил март ойида Facebook’да беларусларни Александр Лукашенкога қарши «ўз-ўзини ҳимоя қилиш гуруҳлари»ни тузишга чақирганди. Тертель ОНТ телеканали эфирида, «террорчилик йўналишидаги гуруҳ»га гўёки БНФ партияси раҳбари Григорий Костусев ҳам алоқадорлиги ҳақида гапирган. Костусев 1990-йиллардан БНФ тизимида бўлиб, 2010 йилги президентлик сайловларида 110 минг имзо йиққан ҳамда сайловда номзод сифатида қатнашганди. 2017 йилдан партияни бошқарган. Лукашенко ҳам унинг номини тилга олган: ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Костусевга ҳам эътибор қаратган. «У Москвада бўлмаган, биз унга етиб бордик. Ва яна бошқаларга», - деган Лукашенко. Костусевнинг қўлга олингани 13 апрел куни маълум бўлганди. Бунгача Тертель сиёсатчининг номини март ойи охирида Ирода кунида Беларусда ўтказилган намойишлар билан боғлаганди. Давлат хавфсизлик қўмитаси акцияни сценарийси хорижда ишлаб чиқилган «мамлакатдаги вазиятни издан чиқаришга уриниш» сифатида баҳолаган. Бундан ташқари, Беларус куч ишлатар тузилмалар ходимлари юқорида номи тилга олинган уч кишидан ташқари яна бир неча одам қатнашган Zoom-конференцияни аниқлашган. Видеога асосланган ҳолда «фитна»да психиатр Дмитрий Щигельский ҳам иштирок этганини тахмин қилиш мумкин. У ОАВга берган интервьюсида Лукашенкода «паранойял психопатия» юзага келганини айтиб ўтганди. У Лукашенкога бундай ташхисни 2001 йилда, Беларусдан АҚШга кетганида қўйганди. Онлайн-учрашувнинг яна бир иштирокчиси - политолог Александр Перепечко. У Сиэтлда яшайди, Беларусь, Россия, АҚШ ва Францияда халқаро илмий-таҳлилий дастурларда иштирок этгани билан танилган. Видеода кўринганлардан яна бири - Витебск ОМОНнинг собиқ жангчиси Павел Кулаженко эса 2011 йилдан бери Нью-Йоркда яшайди ва спорт мураббийи бўлиб ишлайди. Лукашенко ва унинг оила аъзоларига суиқасд режалаштирилгани акс этган сюжет сифатида ОНТ томонидан эълон қилинган лавҳани Кулаженко шундай талқин қилган: «Бу очиқ муҳокама клуби эди, бундай дискуссиялар январ ойидан бери ўтказиб келинади. Конференция иштирокчилари таркиби ҳам ўзгариб туради. Конференцияда кўп одам қатнашган». «Бизнинг муҳокама майдонимизда исталган беларус оиласида кечқурун муҳокама қилинадиган мавзу: Лукашенконинг кетишини қандай тезлаштириш мавзуси муҳокама қилинган», - деган у Tut.by мухбири билан суҳбатда. Александр Перепечко «Озодлик радиоси»нинг беларусь хизмати мухбири билан суҳбатда у ва ҳамкасблари Zoom орқали ўтказган конференция терроризм бўйича шов-шувли баёнотлар берилишига сабаб бўлганидан ҳайронлигини билдирган. Унинг сўзларига кўра, бундай доимий видеомулоқотлар ярим йилдан буён ўтказиб келинмоқда. Сўнгги иштирокчи ҳам куч ишлатар тузилмалардан чиққан. Бу беларус мухолифати фаоли Игорь Макар, у 1998 йилдан 2003 йилгача «Алмаз» аксилтеррор бўлинмасида фаолият кўрсатган. Макар КГБ ходимлари Европадаги беларус сиёсий эмигрантларини ўлдириш масаласини муҳокама қилгани акс этган видеоёзувларни ОАВга чиқаргани билан танилган. 2006 йилда президентлик сайловларида мухолифат номзодни қўллаганидан кейин у Литвада сиёсий қочқин сифатида яшаб келади. Беларус КГБ уни терроризмга алоқадор шахслар рўйхатига киритган.



Moscow.media
Частные объявления сегодня





Rss.plus




Спорт в России и мире

Новости спорта


Новости тенниса
Юлия Путинцева

Путинцева откровенно высказалась о России






МЧС: овощебаза в Агрономе загорелась на 1400 квадратных метрах

В Германии призывают «поставить на место» Илона Маска из-за слов об «АдГ»

Крупный пожар произошел на овощебазе в Краснодарском крае

В Якутске двухголового символа 2025 года продают за 150 тысяч рублей