COVID-19 пандемияси ҳам 18 мамлакатни қатллардан тўхтата олмади
![COVID-19 пандемияси ҳам 18 мамлакатни қатллардан тўхтата олмади](https://gdb.rferl.org/a8bc5508-77bd-4fb2-add9-3dfc205c86bd_cx0_cy4_cw0_w800_h450.jpg)
Amnesty International инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти 2020 йилда ўлим жазоси сўнгги 10 йил ичида энг оз қўллангани, аммо COVID-19 пандемияси келтириб чиқарган мисли кўрилмаган муаммоларга қарамай, Эрон ва яна 17 мамлакат қатлларни амалга оширишда давом этганини билдирди.
Ташкилот 21 апрель куни эълон қилган ўлим жазосига доир йиллик глобал ҳисоботда ёзилишича, ўтган йили дунё миқёсида камида 483 киши қатл этилган. Бу кўрсаткич 2019 йилга нисбатан 26 фоизга камайган.
Аммо ушбу рақам ўлим жазоси тўғрисидаги маълумотлар давлат сири сифатида таснифланадиган ёки бу борада тўлиқ ахборот олиб бўлмайдиган Хитой, Шимолий Корея, Сурия ва Вьетнам каби мамлакатларни ўз ичига олмайди.
Расман тасдиқланган қатлларнинг 88 фоизи Эрон (камида 246), Миср (камида 107), Ироқ (камида 45) ва Саудия Арабистони (27) ҳиссасига тўғри келди.
2020 йилда дунё бўйлаб 1477 та ўлим ҳукми чиқарилган. Бу олдинги йилга нисбатан 36 фоизга камроқдир.
“Дунё аҳли одамзодни COVID-19 дан ҳимоя қилиш йўлларини излашга эътибор қаратар экан, бир неча ҳукумат нима бўлишидан қатъи назар, ўлим жазосидан фойдаланиш ва маҳкумларни қатл этишда хавотирга молик қатъият кўрсатди”, – дейди Amnesty International бош котиби Агнес Калламард.
Қайд этилишича, пандемия туфайли ўлим жазосига ҳукм қилинган кўплаб шахслар қонуний вакил ва адвокатлар билан юзма-юз суҳбатлаша олмадилар, ёрдам кўрсатмоқчи бўлганларнинг кўпчилиги ўз саломатлиги учун хавфли, аммо мутлақо олдини олиш мумкин бўлган хавфларга дучор бўлди.
Ташкилот ҳисоботида эътироф этилишича, ўлим жазоси энг кўп қўлланадиган мамлакат Хитой бўлиб, мамлакатда ҳар йили минглаб маҳкум қатл этилаётганига ишонилади.
Ҳисоботга кўра, Эронда қайд этилган қатллар сони аввалги йилларга қараганда камайган, аммо расмий Теҳрон “халқаро қонунчиликка зид равишда ўлим жазосидан диссидентлар, намойишчилар ва этник озчилик вакилларига қарши сиёсий қатағон қуроли ўлароқ фойдаланган”.
Мисрда 2019 йилга нисбатан йиллик қатллар сони уч бараварга ошган. Саудия Арабистонида 85 фоизга, Ироқда эса икки бараварга камайган.
АҚШ Америка қитъасида 2020 йилда ўлим ҳукми ижро этилган ягона мамлакатдир. Президент Дональд Трамп маъмурияти 17 йиллик танаффусдан кейин федерал қатлларни қайта бошлади ва олти ойдан оз вақт ичида 10 нафар маҳкум қатл этилди.
Ҳиндистон, Ўмон, Қатар ва Тайванда ҳам ўлим ҳукми ижроси қайта бошланган.
Amnesty International ўлим жазосидан фойдаланилиши маълум бўлган 54 мамлакатнинг 30 тасида янги ўлим жазоси ҳукмлари сони камайганини қайд этган.
Покистонда бу кўрсаткич 2019 йилда 632 ни ташкил этган бўлса, 2020 йилда 49 тага тушган.
2020 йилда аввалги йилда қатллар амалга оширилган олти мамлакатда – Покистон, Беларусь, Баҳрайн, Япония, Сингапур ва Суданда бирорта қатл қайд этилмаган.
Ўтган йили Африканинг Чад давлати ва АҚШнинг Колорадо штатида ўлим жазоси бекор қилинган.
Қозоғистон эса халқаро ҳуқуқ меъёрларига биноан ушбу жазо турини бекор қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олган. Барбадосда ҳам ўлим жазосини бекор қилиш бўйича ислоҳотлар амалга оширилган.
2021 йил апрель ойи ҳолатга кўра, 108 та давлатда ўлим жазоси тўлиқ бекор қилинган.