“Коммерсантъ”: Байден билан Путин учрашуви Швейцарияда бўлиб ўтиши мумкин
Нашрга кўра, Кремль саммит ўтиши муҳтамал бўлган жойга оид маълумот бўйича изоҳ беришдан бош тортган.
Учрашувга оид қарорнинг қабул қилиниши кўпроқ АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ўртасида шу йил 19-20 май кунлари ўтказилиши кутилаётган музокараларга боғлиқ.
АҚШ Давлат департаменти раҳбари, “Америка овози” радиоси хабарига кўра, 17 май куни Данияга сафарини якунлаб, Арктика кенгашида иштирок этиш учун Рейкявикка йўл олган. Блинкен билан Лавров учрашуви айнан Исландия пойтахтида бўлиб ўтиши керак. Ўша ерда АҚШ ва Россия президентлари илк саммитининг аниқ вақти ва манзили айтилиши мумкин. Бу Жо Байден давлат раҳбари ўлароқ қасамёдга келтирилганидан кейин АҚШ ва Россия президентларининг биринчи саммити бўлади.