Борис Жонсон: Британия ҳарбий кемаси Қрим яқинидаги сувларда қонуний ҳаракат қилган
Жонсон Россия томони огоҳлантирувчи ўт очиш билан эсминецни ўз йўналишини ўзгартиришга ва Россияга оид ҳудудий сувлардан чиқиб кетишга мажбур этганини эълон қилишининг эртасига ушбу воқеа юзасидан изоҳ берган.
Жонсон мазкур зона Украинанинг денгиз ҳудудига киришини ва энг яқин траектория бўйлаб “А манзилдан Б нуқтага томон ҳаракатланишда ушбу ҳудуддан фойдаланиш мутлақо тўғри бўлган”ини билдирган. Бош вазирга кўра, Қироллик флоти кемаси Қрим соҳиллари яқинидаги сувларда юз берган воқеада “Британия қадриятларини ҳимоя қилган”.
Шу билан бирга, Жонсон айни пайтда Лондон ва Москва алоқалари энг қуйи нуқтада, деб ҳисобламаслигини таъкидлаган.
24 июнь куни Буюк Британиянинг Москвадаги эчиси Дебора Броннерт “Дефендер” эсминеци билан юз берган воқеа ортидан Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган. ТИВ сайтида маълум қилинишича, Броннертга “РФ чегаралари бузилиши ва Буюк Британия ҲДФ кемасининг провакацион ва хавфли ҳаракатлари важидан қатъий протест билдирилган”.
23 июнь куни Россия ФХХнинг соқчи кемаси босиб олинган Қрим қирғоқлари яқинида Британиянинг “Дефендер” эсминецига қарата огоҳлантирувчи ўт очган эди. Россия чегарачилари кемани чегарани бузишда айблашган. Иддао қилинишича, у Россия ҳудудий сувлари сарҳадини кесиб ўтиб, бир ярим денгиз мили ичкарига кирган ва огоҳлантиришларга жавоб бермаган.
Буюк Британия Мудофаа вазирлиги ўз баёнотида “Дефендер” халқаро тан олинган йўлак бўйлаб сузганини маълум қилган. Кема томонга ўқ отилишини эса экипаж ўқув машғулотларига йўйган. Эсминец йўналиши бўйлаб бомба ташланиши қайд этилмаган.
Россия ҳарбийлари қирувчи учоқнинг эсминец устидан учиб ўтгани акс этган видеони эълон қилишган, аммо унда бомба ташлангани кўринмаган. 24 июнь куни Россия ФХХ ёйинлаган видеода ҳам фақат соқчи кема тўпидан ўт очилгани тасвирланган.
“Дефендер” бортида бўлган Би-Би-си мухбири Жонатан Билл кема, халқаро ҳуқуқ нормаларига содиқлигини Москвага кўрсатиб қўйиш учун атай Қрим яқинидаги сувларга кирганини хабар қилган. Ғарбдаги мамлакатларнинг аксарияти яриморолни ва уни ўраб турган сувларни Украинага тегишли деб билади.