АҚШ: Флоридада кўп қаватли бино қулаши ортидан ўнлаб одамнинг тақдири номаълумлигича қолмоқда
Воқеа жойида ишлаётган ўт ўчирувчи ва қутқарувчилар уч киши қурбон бўлганини тасдиқлаганлар. Икки киши вайроналар остидан чиқариб олинган.
Расмийлар бу уйда яшаган 99 киши билан ҳали боғланиш имкони бўлмаганини билдирганлар. Бу уларнинг ҳаммаси ёки катта қисми вайроналар остида қолганини англатмайди, чунки бу одамларнинг кўпи, ОАВ хабарларига кўра, Флоридага фақат қиш ойларидагина келишарди.
Шунга қарамай, штат губернатори Рон Десантис қурбонлар сони ошиши мумкинлигини истисно қилмаган. “Яхшиликка умид қиламиз, аммо, қулаш кўламини эътиборга олган ҳолда, нохуш хабарларга ҳам ҳозир бўлиб турибмиз”, деган у.
1981 йилда қурилган бу бинода 130 дан зиёд хонадон бўлган. Қулаш маҳаллий вақт билан тунги соат 2 да юз берган. Ҳодиса чоғида бино ичида қанча одам бўлгани аниқ эмас.
“Бу ҳодиса қандай содир бўлганини тасаввур қилиш қийин. Бинолар ўз-ўзидан қулаб тушавермайди”, деган журналистларга Серфсайд мэри. Мулозим бино томида қурилиш ишлари олиб борилганини билдирган, дея хабар қилди “Америка овози”.