Депутатлик дахлсизлигидан маҳрум этилган андижонлик Каримов қамоққа олинди
Избоскан тумани прокуратураси томонидан “Alliance R.C.” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида депутат Ш. Каримов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168, 192-11 ва 228-моддалари билан гумонланувчи тариқасида ишга жалб қилингани, суд ажрими билан унга "қамоққа олиш" эҳтиёт чораси қўлланилганини Бош прокурорнинг матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов тасдиқлаган. Мулозимга кўра, мазкур жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Андижонлик депутатга нисбатан бундан бир ой муқаддам мамлакат Жиноят кодексининг қатор моддалари бўйича жиноят иши очилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.
Ўшанда бошқа депутатлар Ш. Каримовнинг ёнини олиб чиққан, унинг “ерлар ноқонуний сотилаётганини фош қилиб, шаҳар прокурорини аттестациядан ўтказилишини талаб қилгани учун” тазйиққа учраганини иддао қилишганди. Депутатнинг дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этилиши Адлия вазирлиги ва Коррупцияга қарши кураш агентлиги томонидан ҳам қораланганди.
Бош прокуратура эса Андижон шаҳар ҳокими ва прокурори ҳимоясига чиқиб, депутатни “ўзбошимчалик билан қурилиш ишларини бошлаган”ини иддао қилган.