Оқ уй мулозими: АҚШ яқин кунлар ичида Россияга оид янги дипломатик қадамларини очиқлайди
CBS телеканалига берган интервьюсида у АҚШ муҳокамаларни Украина дохил “иттифоқчи ва ҳамкорлари” билан олиб бораётгани ва галдаги қадамлар мувофиқлаштирилишини урғулаган.
АҚШ ва Россия вакилларининг Женевадаги музокаралари ҳамда Брюсселдаги Россия-НАТО кенгаши йиғилишидан сўнг Россия расмийлари Ғарбдан ўз талабларига ёзма жавоб кутишаётганини айтганлар. Салливан ўз интервьюсида ёзма жавоб берилиш-берилмаслиги ва навбатдаги қадамлар қандай бўлишига аниқлик киритган эмас.
Президент маслаҳатчисига кўра, Вашингтон Россия билан музокараларни давом эттиришга ҳам, Россия Украинага тажовуз қилган тақдирда унга “қатъий жавоб бериш”га ҳам тайёр.
Ғарб ҳануз Кремлнинг Украинага қарши кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар бошлашидан хавфсирамоқда. Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков CNN мухбири билан мулоқот чоғида Россия Украина билан чегараси яқинида катта куч тўплаганини инкор этмаган. У Россия ҳарбий можарога ҳозирланмаётганини айтган ва вазият таранглашувида НАТОни айблаган.
Ўтган ҳафтада Россия вакиллари, агар Москванинг талаблари рад этилса, бунга қарши “ҳарбий” ёки “ҳарбий-техник” жавоб берилишини билдиришган эди. АҚШ ва иттифоқчилари эса, ўз навбатида, Украинага бостириб кирган тақдирда, Россия мисли кўрилмаган иқтисодий санкцияларга йўлиқишини такрорламоқдалар.
Россия президенти Владимир Путин музокаралар жараёни хусусида фикр билдирганича йўқ.
