Cувда оқиб кетган 13 ёшли бола қутқариб олинди
ФВВ қутқарувчилари сувда чўкаётган болани қутқариб қолди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, кеча, 15 июль куни соат 19:45 да Сирдарё вилоят ФВБ марказий-диспетчерлик хизматига Янгиер шаҳар «Жанубий Мирзачўл» каналида 13 ёшли бола ўз эҳтиётсизлиги оқибатида сувда оқиб кетаётганлиги тўғрисида хабар келиб тушган.
Зудлик билан воқеа жойига ФВБ қутқарувчилари ва ИИБ ходимлари етиб борган. Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида вояга етмаган фуқаро ФВБ қутқарувчилари томонидан соғ-омон сувдан олиб чиқилиб, унга психологик ёрдам кўрсатилган.
Шу ўринда, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги барча ота-оналардан фарзандларини қаровсиз қолдирмасликларини ва белгиланмаган жойларда чўмилишларига рухсат бермасликларини сўраб қолади.