Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг ишга жойлашмаган битирувчилари сони кўп бўлган нодавлат ОТМ фаолиятини тугатиш масаласи кўрилиши ҳақидаги огоҳлантириши кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлди. Вазирлик аслида нимани назарда тутган эди? Унда бу ваколат борми? Кечаги кун муҳокамаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов ректор ва проректорлар билан ўтказган йиғилиш муҳокамаларга сабаб бўляпти. Йиғилишда ректор ва проректорлар “ишга жойланмаган битирувчилари сони кўп бўлган нодавлат ОТМ сифатсиз таълим бераётган муассаса деб топилиши ва келажакда уларнинг фаолиятини тугатиш масаласи кўриб чиқилиши ҳақида” огоҳлантирилган. Ижтимоий тармоқ фаоллари ОТМга қўйилаётган бу талаб ҳақида танқидий постлар эълон қилишмоқда. “Авторитар режимга хос таҳдид...” “Бу нормал жамият вазири эмас, “авторитар режим”га хос жамият мулозимининг таҳдиди. Янги вазиримиз ҳам автократия йўлидан кетмоқда. Тўғриси, мен бирорта ҳам норматив ҳуқуқий ҳужжатда ОТМ битирувчиларни ишга жойлаштиришга мажбурлиги ҳақидаги қоидани кўрмаганман. ОТМ вазифаси сифатли таълим бериш ва агар тегишли таълим даражага эга бўлса битирувчига диплом тутқазиш. Тамом – вассалом”, деб ёзади Қонунчилик Палатаси собиқ депутати Расул Кушербаев. “Жуда борса, бир-биримизни алдаб қўямиз...” Таълим соҳасида тадбиркор Бектош Ҳотамов таржимонлик йўналишида ОТМни битираётган пайтда ундан ҳам уч томонлама шартнома сўрашганини ва ўшанда балиқчилик корхонасидан шартномага имзо қўйдиришга мажбур бўлганини эслади. “Бир авторитар қонун қоида чиқади, уни бажариш учун бошқа авторитар қоида ишга тушади, масалан, ҳамма олийгоҳлар талабаларини ишга жойлаштиришга мажбур деган қоида чиқади, кейин эса олийгоҳ қоғозда кўрсатиш учун мана шунақа уч томонлама шартномалар сўрайди. Бир-биримизни алдаймиз, вазир президентни алдайди, биз вазирни алдаймиз, талабалар бизни алдашади ва ҳаммамиз ўзимизни бахтиёр ҳис қиламиз. Янги олий таълим вазири талабалари ишга жойлашмаган нодавлат олийгоҳларни ёпиш билан таҳдид қилибди. Биринчидан, талабаларни ишга жойлаш билан таълим сифати белгиланмайди. Иккинчидан, яна ўша ўйин бошланади, бир-биримизга кўзбуямачилик ўйини. Учинчидан, вазирнинг гапи бирор бир ҳуқуқий асосга эга эмас... Шундай экан, қадрли талабалар, ортиқча хавотирга ўрин йўқ, жуда борса, бир-биримизни алдаб қўямиз холос”, деб ёзди Бектош Ҳотамов. Сохта меҳнат шартномалари хавотири Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг аксари агар ишга жойлаштириш талаби қўйиладиган бўлса, ОТМ битирувчилардан ишга жойлашганлик ҳақида меҳнат шартномаси талаб қилишни бошлаши мумкинлигидан хавотир билдиришган. Бу “анъана” давлат олий таълим муассасаларида маълум йилларда талабаларни анча сарсон қилган. Битирувчилар диплом олиш учун бирор ташкилот билан уч томонлама шартнома тузиши зарур қилиб қўйилган эди. Лекин 2021 йил, 1,5 йил олдинги муносабатлардан кўриш мумкинки, Олий таълим вазирлиги ОТМ битирувчилардан бундай шартномаларни сўраши мумкин эмаслигини маълум қилган. Агар талабаларни ишга жойлаштириш мажбурияти қўйилса, энди нодавлат ОТМ битирувчилари яна шундай шартномалар тузиш учун сарсон бўлишларига тўғри келиши мумкин. Нодавлат ОТМ қандай ҳолатда тугатилиши мумкин? Асосий савол: вазир нодавлат ОТМ битирувчиларининг ишга жойлашиши суст бўлса, уни ёпиш билан огоҳлантириши қанчалик тўғри? Вазирликда бу ваколат борми? “Таълим тўғрисида”ги қонунга кўра, нодавлат таълим ташкилотларига лицензия бериш ва қайта расмийлаштириш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, шунингдек лицензияни бекор қилиш ёки уни бекор қилиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиш қонунчиликда белгиланган тартибда Таълим инспекцияси томонидан амалга оширилади. Бироқ айни пайтда Таълим инспекцияси тугатилган ва ваколатлари бошқа таълим ташкилотларига тақсимланмоқда. Нодавлат таълим муассасалари билан боғлиқ вазифалар ҳам таълим вазирликларидан бирига берилиши мумкин. Лекин ваколат қайси таълим ташкилотига берилмасин нодавлат ОТМни тугатиш “Таълим тўғрисида”ги қонунда кўрсатилганидек, суд томонидан амалга оширилади. Вазирлик муносабати Муҳокамалар бошланиб кетгач, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳолатга муносабат билдирди. Муносабатда айтилишича, мажлисда билдирилган фикр ОТМ раҳбариятининг талабаларни ишга жойлашга, ёшларнинг маълум бўш иш ўринларига тайёр кадр бўлиб етишишларига ёрдам беришга қаратилган. Бунда олий таълим муассасаси раҳбарларининг ОТМ битирувчиларини ўзгарувчан меҳнат бозорида иш билан таъминланишига янада масъулият билан қарашлари лозимлиги назарда тутилган. “Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ўз тасарруфидаги ОТМ раҳбарларига таълим сифатини ошириш бўйича топшириқ бериш ва таълим сифати паст бўлган ОТМни огоҳлантириш ваколатига эга”, дейилади муносабатда. Тушунарсиз томони шундаки, вазирликнинг биринчи хабарида огоҳлантириш нодавлат олий таълим муассасаларига берилганини, уларнинг ишсиз битирувчилари сони кўп бўлса, ёпилиши мумкинлиги ҳақида айтилганди. Муносабатда эса ўз тасарруфидаги ОТМга огоҳлантириш бериш ваколати борлиги ёзилган. Вазирлик тасарруфидаги олийгоҳлар эса давлат олий таълим муассасалари ҳисобланади. Манба: Kun.uz