Франциядаги қамоқхонада маҳбус беш кишини гаровга олди
0
Франциянинг Арл шаҳридаги Буш-дю-Рон марказий қамоқхонасида маҳбус бир неча кишини гаровга олди, деб хабар беради Liberation.
Маълумотларга кўра, жами беш киши гаровга олинган: тўрт нафар тиббиёт ходими ва бир нафар қамоқхона ишчиси. Кейинроқ шифокорлардан бири қўйиб юборилган ва тўрт киши гаровда қолган.
Гаровга олинганлар ҳақида Франция адлия вазири Жералд Дарманен ҳам маълум қилди. Икки соат ўтгач, у маҳбус таслим бўлгани ва ҳибсга олингани, жабрланганлар йўқлиги ҳақида Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасига ёзиб қолдирди. Кўнгилсиз воқеанинг тафсилотлари ҳозирча маълум эмас.
AFP маълумотларига кўра, маҳбусларнинг ёнида ўткир тиғли қўлбола жисм бўлган. Шунингдек, агентликнинг маълум қилишича, 37 ёшли маҳбус руҳий бузилишдан азият чекиб келади. RTL’нинг ёзишича, у қурол қўллаган ҳолда зўрлаш жиноятини содир этгани учун жазо муддатини ўтаётган бўлган.
Эслатиб ўтамиз, октябр охирларида Россиянинг Байкалорти ўлкасида жойлашган Нерчинск шаҳридаги 1-сонли ахлоқ тузатиш марказидан тўрт нафар махбус қочиб кетганди. Федерал жазони ижро этиш хизмати бошқармасининг («УФСИН») маълум қилишича, уларнинг икки нафари Чита ва Амур областидан топилган.