Ўзбекистонда порахўрликда айбланган ҳоким ва “замҳокимлар”
0
Ўзбекистонда кўплаб амалдорлар пора билан ушланган. Улар олган поралар миқдори ҳам худди лавозимлари каби ҳар хил. Мамлакатда коррупцияга қарши курашиш авж олгани сари мансабдорлар олаётган поралар миқдори ҳам ўсиб бормоқда.
Фото: DW
Президент Шавкат Мирзиёев 200 минг доллар пора олаётганда қўлга тушган прокурор мисолида барча мансабдорларни огоҳлантирганди. Бундан хулоса чиқармаган амалдор ҳамон пора билан ушланмоқда. “Дарё” мазкур мақолада ҳудудларда фаолият юритувчи ҳокимлар ҳамда уларнинг ўринбосарлари олган поралар миқдори ҳақида сўз юритади.
Сейфидан 1 млн доллар чиққан ҳоким
Туробжон Жўраев. (Чапдан биринчида)
Фото: “Хабар.уз”
Самарқанд вилоятининг собиқ ҳокими Туробжон Жўраев суд томонидан Самарқанд шаҳрида кўп қаватли уй-жойлар қуриш учун пудратчилардан 2 млн 140 минг доллар пора олган деб топилган. Унинг сейфидан 1 млн доллар нақд пул чиққан. Шундан сўнг, амалдор Халқ депутатлари вилоят кенгашининг 2018 йил 13 июль куни ўтказилган навбатдан ташқари сессиясида вилоят ҳокими вазифасидан озод этилиб, у ва шерикларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Туробжон Жўраев бу ҳаракати учун 13 йилга озодликдан маҳрум этилган. 2019 йилнинг 2 август куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг ёпиқ суд мажлисида собиқ ҳоким ва унинг жиноий шерикларига нисбатан суд ҳукми ўқилган.
“Жиноий гуруҳ раҳбари” дея кўрсатилган Туробжон Жўраев Жиноят кодексининг 205 (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан чиқиш) ва 210 (пора олиш) моддалари билан айбдор деб топилган.
Унинг ўринбосари Ўткир Абдуллаев 11 йилга, ҳокимлик бош мутахассиси Баҳодир Хўжақулов 7 йилга, мутахассислар Ботир Абдуллаев 6 йилга ва Тўлқин Сулаймонов 5 йилга (шартли) озодликдан маҳрум қилинган.
3 млн долларни ўзлаштиришга уринган ҳоким ўринбосари
Ботиржон Ҳамроев.
Фото: “Кун.уз”
Андижон вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари — вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғи Ботиржон Ҳамроевга тегишли манзилдан 3 млн доллар топилганди. Аммо бу пуллар пора тариқасида олинганми ёки ўринбосар давлатнинг шунча пулини ейишга уринганми буниси ҳанузгача маълум эмас.
Вилоят ҳокимлигида ишловчи “Дарё” манбаларининг маълум қилишича, 2019 йилдан 2024 йилнинг октябрь ойига қадар вилоят ҳокими ўринбосари сифатида ишлаб келган Ботиржон Ҳамроевнинг хонадонида ўтказилган текширувлар давомида бюджет маблағларининг талон-торож қилиниши, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва бошқа қонунга зид ҳолатлар аниқланган.
Шундан сўнг “замҳоким” процессуал тартибда ушланган. Айни пайтда Ҳамроевга нисбатан тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Жиноят иши судга оширилгани хусусида ҳеч қандай маълумот йўқ.
2024 йилнинг октябрида Ҳамроевнинг ўрнига Илҳом Собиров Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари — вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғи этиб тайинланганди. Аммо вилоят ҳокимлигининг расмий сайтида ҳалигача ўз лавозимида қолаётгани кўрсатилган.
Юнусобод ҳокими 400 минг доллар пора олишда айбланган, аммо...
Бахтиёр Абдусаматов.
Фото: “Газета.уз”
Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани ҳокими вазифасини бажарувчи Бахтиёр Абдусаматов ер участкаларини ажратиш учун пора олишда гумон қилиниб, 2018 йил сентябрида қўлга олинганди. Унга Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми ва 2-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 210-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 3-қисм “а” банди (жуда кўп миқдорда пора олиш) билан айблов эълон қилинган.
2019 йил 1 май куни бўлиб ўтган суд мажлисида Тошкент шаҳар прокурори ёрдамчиси Сардор Аҳмедов собиқ ҳоким Бахтиёр Абдусаматовдан пора олиш тўғрисидаги айбловни бекор қилишни сўраган. Мажлисда, шунингдек, Абдусаматовнинг қамоққа олинишини ДХХ раисининг собиқ биринчи ўринбосари Жаҳонгир Эгамов ва бошқармаларнинг собиқ раҳбарлари уюштиргани таъкидланган.
Унинг адвокати эса собиқ ҳокимнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқлиги, қўлга олишда процессуал қоидабузарликларга йўл қўйилгани ва гувоҳларга босим ўтказилганини маълум қилган. Шу сабабми ҳоким Абдусаматов ҳаракатларида кўп миқдорда пора олиш моддаси бўйича жиноят таркиби бўлмагани сабабли юритилган жиноятнинг ушбу қисми ҳаракатдан тугатилган. Содда қилиб айтганда ҳокимнинг 400 минг доллар миқдорида пора олгани ёлғон бўлиб чиққан.
Фото: “Дарё”
Суд қарорида дастлабки тергов ҳаракатлари давомида етказилган моддий зарарни ихтиёрий равишда қоплаш мақсадида Абдусаматов томонидан тақдим этилиб, ДХХ депозит хизмат рақамига топширилган 400 минг доллар унинг турмуш ўртоғи Абдусаматовага қайтарилиши белгиланган. Пора олгани исботланмагани учун собиқ ҳоким ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш моддаси билан айбли деб топилиб, 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимлардан ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
20 гектар ерни аукцион орқали ютиб бериш учун 2 млн доллар сўраган “замҳоким”
Фото: Telegram
ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Чирчиқ шаҳар ҳокимининг ўринбосари 1 млн доллар олган вақтида ушланган.
Ҳоким ўринбосари хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда, кластер шаклидаги савдо мажмуаси ташкил этиш учун 40 млн доллар инвестиция киритиш шарти билан, шаҳар ҳокимлиги захирасидаги 20 гектар ерни аукцион савдога чиқартириб, ютиб бериш ва 49 йил муддатга ерга эгалик қилиш ҳуқуқини расмийлаштиришда кўмаклашишни ваъда қилган.
Бунинг эвазига 2 млн доллар талаб қилиб, бўнак сифатида олдиндан 1 млн долларни ўзининг ҳайдовчиси орқали олган вақтида ушланган. Жуда кўп миқдорда пора олган ҳоким ўринбосарига нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилади ва қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Жиноят иши ҳали судга оширилгани йўқ.
Порахўр мансабдорларнинг асосий маҳсулоти — ер
Ўзбекистонда аксарият “замҳокимлар” ер олди-сотдиси билан қўлга тушган. Қибрай тумани ҳокимининг инвестиция масалалари бўйича ўринбосари Ж.Машрабов гарчи ваколатига кирмаса-да, тумандаги 9 гектар бўш ерни 60 минг долларга сотишни таклиф қилиб, 35 минг доллар олган вақтда қўлга олинган.
Бувайда тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари М.Деҳқонов эса тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун “Эркин иқтисодий ҳудуд”дан 50 сотих ер майдонини расмийлаштириб бериш эвазига 20 минг доллар олган вақтида ушланган.
Бўстонлиқ тумани ҳокими ўринбосари З.Мирзахўжаев ҳам тумандаги 5 сотих ер майдонини 25 минг долларга сотаётган вақтида жиноят устида қўлга тушган.
Қўқон шаҳри ҳокимининг биринчи ўринбосари ҳам Қўқон минтақавий темирйўл узели молия бўлими бошлиғи ўринбосари билан бирга тадбиркорга темирйўл узели балансида бўлган 2,5 гектар ердаги бино ва иншоотлар бўйича ўтказиладиган аукцион савдоларда унинг фойдасига қарор чиқартириб бериш эвазига 180 минг доллар талаб қилган. Поранинг 10 минг долларини олаётган пайтда ушланган.
Шунингдек, Чиноз тумани ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Оққўрғон туманида жойлашган фермер хўжалигига тегишли бўлган суғориладиган 35 гектар ер майдонини сотиш ва ҳужжатларни туман ҳокимлигида ишловчи танишлари орқали расмийлаштириб бериш эвазига келишилган 90 минг доллардан 40 минг долларини олган вақтида ушланган.
Тадбиркор чорвачилик кластерини ташкил қилиш учун 1000 гектар ер излаётганидан хабар топган Миришкор ҳокими ўринбосари Муборак туман ИИБ бошлиғи билан тил бириктириб, туман ҳудудидан 500 гектар ер ажратиб бериш эвазига 40 минг доллар сўраган. Қолган 500 гектар ер майдонини эса жиноий шериги жазони ижро этиш колониясига тегишли бўлган ер майдони ҳудудидан олиб беришини ваъда қилган. Бунинг эвазига яна 40 минг доллар, жами 1000 гектар ер майдони учун 80 минг доллар миқдорида пора талаб қилган.
2022 йилнинг 4 август куни жиноят ишлари бўйича Қарши туман суди мазкур ишни кўриб чиқиб, ҳоким ўринбосарини Жиноят кодексининг 25,168-моддаси (фирибгарлик жиноятига тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) 4-қисмининг “а” банди ва 28,211-моддаси (пора бериш) 3-қисмининг “а” бандида кўрсатилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топган.
У 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Бундан ташқари, базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 баравари миқдорида (108 млн сўм) жарима ва 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Айбланувчининг шериги, Муборак тумани ИИБнинг собиқ бошлиғи эса 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 213 баравари миқдорида, яъни 57 млн 510 минг сўм жаримага тортилган.
Қолаверса, Сайхунобод ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари ер олди-сотдиси билан шуғулланиб, 25 минг доллар, Тахиатош ҳокимининг ҳам айнан шу масала бўйича ўринбосари 32 млн сўм, Деҳқонобод ҳокимининг ҳам қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари 5 минг доллар, Ховос ҳокими ўринбосари эса 1000 доллар пора олаётганда ушланган.
Нега кўпинча ҳокимлар эмас, “замҳоким”лар қармоққа илинади?
Фото: Қозоғистон республикаси Коррупцияга қарши кураш агентлиги
Ўзбекистонда аниқланаётган коррупцион жиноятлар, хусусан, пора олди-бердисида ҳокимлардан кўра уларнинг ўринбосарлари қўлга тушиши кўпроқ кузатилади. Бироқ бу ҳокимларнинг рисоладагидек ишлаётганини англатмайди.
Жамоатчилик ҳоким ўринбосарлари пора олиш жиноятида шунчаки воситачи бўлиши ва қўлга тушилмаган тақдирда пуллар аслида ҳокимга етиб боришига ишонишади. Пора билан қўлга тушган мансабдорлар ҳақидаги хабарлар муҳокамасида ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг ҳоким ўринбосарлари тепа, яъни ҳудуд раҳбари билан келишмасдан иш қила олмаслиги, кичкина миқдордаги поралардан хабар бўлмаган тақдирда ҳам катта миқдордаги поралардан ҳоким хабардор бўлиши хусусидаги фикрларини тез-тез ўқиш мумкин.
Коррупция энг юқори бўғиндан жиловланмас экан, қамалган ўринбосарлар ўрнига келган янги мулозимлар пора олишда давом этаверади.
Халқаро аксилкоррупцион Transparency International ташкилотининг охирги йиллик ҳисоботида Ўзбекистон коррупция даражаси бўйича 180 давлат ичидан 121-ўринни олди. Ҳисобот 2023 йилга доир, 2024 йилгиси январь охирида эълон қилиши кутилмоқда.
Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёев президентликка келган 2016 йилдан бери Ўзбекистонда коррупцияни қоралаш бўйича жиддий қадамлар қўйилди. Хусусан, 2020 йилда Коррупцияга қарши курашиш агентлигига асос солинди, вазирлик ва идораларда коррупцияга қарши ички назорат тизимлари самарали жорий этилди, пора олган ва ўз мансаб ваколатини суиистеъмол қилган кўплаб амалдорларга нисбатан қатъий жавобгарлик чоралари қўлланилди.
Шунга қарамай ҳисоботда Ўзбекистонда ҳатто энг юқори даражали ҳукумат идораларида ҳам коррупция, непотизм ва лавозимини суиистеъмол қилиш ҳолатлари юқорилигича қолаётгани алоҳида таъкидланади.
Ўзбекистонда порахўрлик учун жавобгарлик қандай?
Жиноят кодексининг 210-моддаси пора олиш билан боғлиқ жиноятга жавобгарлик масаласини белгилаб беради. Пора олиш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ўз хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора бераётган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига шахсан ўзи ёки воситачи орқали қонунга хилоф эканини била туриб, моддий қимматликлар олиши ёхуд мулкий манфаатдор бўлиши жаримага тортиш жазосидан бошланиб, айблилигига қараб 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.