Умра зиёратчиларидан энди менингитга қарши эмланиш талаб этилиши айтилмоқда
0
Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазирлиги сайтида эълон қилинган янги тартибга кўра, мамлакатга Умра ва Ҳаж зиёрати ёки зиёрат даврида мавсумий ишлаш учун келадиганлардан менингитга қарши эмланиш талаб этилади. Бу касаллик бош мия қобиғи ва орқа миянинг яллиғланиши билан кечади. Унда айтилишича, барча мамлакатлардан келадиган 1 ёш ва ундан катта фуқаролар ушбу касалликдан эмланганлик ҳақида сертификат тақдим этиши керак. Сайтда қироллик томонидан тасдиқланган вакциналар номи ҳам келтирилган:
MenACWY полисахарид вакцинаси — ўтган уч йил ичида ва мамлакатга келишдан камида 10 кун олдин қабул қилинган бўлиши керак;
MenACWY conjugated2 вакцинаси — ўтган беш йил ичида ва мамлакатга келишдан камида 10 кун олдин қабул қилинган бўлиши керак.
Бундан ташқари, Қироликка кириш учун полиомиелит инфекцияси ва сариқ безгакка қарши эмланганлик ҳам талаб этилади.
Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ҳамда Ҳаж ва Умра зиёратларини ташкил этишда иштирок этувчи турфирмалар, шунингдек, авиакомпанияларга ушбу ҳолат бўйича хат билан чиқди. Унда айни пайтда республиканинг айрим ҳудудларида менингококк инфекцияси бўйича эпидемик вазият мураккаблашгани қайд этилган.
“Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, айни даврда ўткир респираторли инфекциялар, шу жумладан, менингококк инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари кўпайиши кузатилаётгани маълум қилинган. Маълумотларга кўра, ҳар йили дунё бўйлаб тахминан 300 мингдан 500 минггача менингит ҳолатлари қайд этилади. Шу жумладан, 30 мингдан 50 минггача ўлим ҳолатлари кузатилади.
Айни пайтда республиканинг қатор маъмурий ҳудудларида, жумладан, Тошкент шаҳри, Жиззах, Наманган вилоятларида менингококк инфекцияси бўйича эпидемик вазият мураккаблашгани кузатилмоқда. Касалликлар орасида ўлим ҳолатлари ҳам кузатилган. Эпидемиологик суриштирувларда аксарият ҳолатларда касаллик мамлакатдан ташқарида бўлиб қайтган фуқароларнинг мулоқотидан кейин юзага келгани, айниқса, Умра сафари билан боғлиқлиги аниқланган”, дейилади қўмита хатида.
Қайд этилишича, Умра ва Ҳаж зиёратчиларини менингитга қарши эмлаш ишлари 2019 йилга қадар Дин ишлари бўйича қўмита, Мусулмонлар идораси ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси билан биргаликда мунтазам равишда тизимли амалга оширилиб келинган. Бироқ Саудия Арабистонига кириш учун виза олиш тартиби электрон тизимга ўтиш даврида Умра зиёратчиларининг менингитга қарши эмланганини назоратга олиш эътибордан четда қолган. Ҳозирга қадар фақат Ҳаж зиёратчилари менингитга қарши эмланиб келинди.
Бунинг оқибатида Макка ва Мадина шаҳарларида менингит инфекцияси билан касалланган зиёратчилар бошқа зиёратчиларга касалликни юқтириб, инфекцияни тарқатиш манбасига айланмоқда. Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳоли ўртасида менингококкли инфекцияларнинг келиб чиқиши ва тарқалиши олдини олиш мақсадида Умра сафарига борувчи фуқароларга нисбатан ҳам ушбу тартибни жорий этишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблашини билдирган.
Шунингдек, қўмита фуқароларни Ҳаж ва Умра зиёратларига (турфирмалар томонидан кетаётганларни ҳам) боришида Саудия Арабистони ҳудудига кириш учун виза олиш давомида менингококк инфекциясига қарши эмлаш тартибини жорий этишни тавсия қилган.
“Бу камида саёҳатга чиқишдан 15 кун ёки 1 ой олдин амалга оширилиши керак (агар аввал эмланганлик сертификати мавжуд бўлса амал қилиш муддати эмланган кунидан бошлаб бир йилни ташкил қилади). Шунингдек, ҳаво томчи йўллари орқали юқадиган инфекциялардан ҳимоя қилиш учун зиёратчиларнинг катта гуруҳларини ёпиқ хоналарда бўлганида нафас олиш тизимини инфекциялар кириб келишидан ҳимоя қилувчи ҳимоя ниқобларидан фойдаланишни, қўлларни совун ёки антисептиклар билан тез-тез ювишни, йўталаётганда ва аксирганда салфеткалардан фойдаланишни, касаллик белгилари яққол кўриниб турган фуқаролар билан алоқа қилишдан сақланишни ҳамда шахсий гигиенага риоя қилишни тавсия этамиз”, дейилади хатда.
Бундан ташқари, қўмита Соғлиқни сақлаш вазирлигидан Ҳаж ва Умра зиёратларига борувчи фуқароларни менингококк инфекциясига қарши эмлашда амалий ёрдам беришни сўраган.