Трампнинг фармони 6 миллиондан зиёд афғонистонликни очликка маҳкум қилиши мумкин
0
БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури маълумотларига кўра, Афғонистонда тахминан 15 миллион одам озиқ-овқат тақчиллигидан азият чекмоқда.
Айни вақтда мавжуд озиқ-овқат ёрдами ушбу эҳтиёжманд аҳолининг ярмига ҳам етмаслиги хавфи бор. БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастурининг Афғонистондаги раҳбари Сяо-Вей Reuters журналистлари билан суҳбатда шундай деди:
«Бугунги кунда бу одамлар кунига бор-йўғи бир ёки икки марта, шунда ҳам фақат чой ва нон билан тирикчилик қилмоқда. Афсуски, ёрдамдан маҳрум бўлган кўпчилик учун бу ҳолат одатий бўлиб қолган».
Афғонистон иқтисодиётидаги муаммолар толибон ҳукумати ҳокимиятни қўлга олганидан кейин кучайган. Шу боис инсонпарварлик ёрдами билан шуғулланувчи кўплаб ташкилотлар учун мамлакатга кириш қийинлашиб кетди.
Маълумотларга кўра, 2024 йилда Афғонистонга йўналтирилган инсонпарварлик миссияларининг 40 фоизидан ортиғи АҚШ томонидан молиялаштирилган эди. Трампнинг мазкур қарори афғонистонлик миллионлаб одамларни янада оғир шароитларга солиб қўйиши аниқ.