Ҳафта ўйинлари: «Манчестер Сити» «Нюкасл»га қарши, «Бавария» «Байер» меҳмони
0
МАНЧЕСТЕР СИТИ – НЮКАСЛ (15 феврал, 20:00)
Кеча «Челси» Брайтонда ютқазгач, кучли тўртлик учун даъвогарларда янги имконият пайдо бўлди, дейиш мумкин. Айни пайтда 41 тадан очко тўплаб, 4-5 ўринларни эгаллаб турган бу икки рақибнинг ғолиб бўлгани турни 4-ўринда якунлаши аниқ. Дуранг эса «Борнмут»ни кучли тўртликка кўтариб юбориши мумкин.
«Манчестер Сити» айниқса, «Реал»га қарши омадсиз ўйиндан кейин вазиятни ўнглашга уриниши табиий. Йил бошидаги ғалабалардан сўнг «Манчестер Сити» ниҳоят инқироздан чиқиб кетгандек туюлган бўлса-да, бу кўпроқ осонроқ тақвим туфайли бўлса керак, зеро ҳозирча кучлироқ рақибларга қарши ўйинларда эски муаммолар кўзга ташланяпти. Ҳам «Арсенал», ҳам «Реал»га қарши ўйинда имконият бор берилди, олдинда эса «Нюкасл»дан ташқари, «Реал» билан жавоб ўйини, шунингдек, яна кейинги уч кун ичида «Ливерпул» ва «Тоттенҳэм»га қарши учрашувлар кутиб турибди.
Меҳмонларнинг имкониятини оширувчи яна бир жиҳат шундаки, «Нюкасл» ушбу мавсумда умуман еврокубокларда қатнашмаяпти, демак ўйинларга тайёргарлик учун кўпроқ вақтга эга бўлмоқдаки, бу Эдди Ҳау услуби учун жуда аҳамиятли фактор. «Манчестер Сити» эса юқорида айтилганидек, уч кун олдин «Реал»га қарши қийин ўйинда иштирок этди. Ўйин футболчиларнинг жисмоний кучини олиш билан биргаликда, Грилиш, Аканжи каби футболчилар жароҳат туфайли майдонни эрта тарк этишди ва «Реал»га қарши ўйинни ҳам ўтказиб юборадиган бўлишди.
Дарвоқе, Аканжининг жароҳати ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусановнинг асосий таркиб учун имкониятини ошириши мумкин. Жамоада ҳаммаси бўлиб тўрт нафар ҳимоячи бор холос ва Пеп Гвардиола келаси ҳафтадаги Чемпионлар Лигасини ўйлашга мажбур. Шу жиҳатдан Аканжи «Реал»га қарши ўйнаган ўнг қанотда Ҳусановни синаб кўриш эҳтимоли ҳам бор. Зеро Ҳусанов «Ланс»да бу позицияда ҳам ўзини кўрсата олган. Шунингдек. Нуньезни ўнг қанотга қўйган ҳолда уч марказий ҳимоячили вариант ҳам синаб кўрилиши мумкин – у ҳолда Ҳусановда ўнг марказий ҳимоячи сифатида катта тажриба бор.
«Нюкасл»га келсак, Эдди Ҳау таркибида энг катта йўқотиш Жоалинтоннинг майдонга туша олмаслигидир. Майдон марказида ўз ўрнига эга бўлган футболчи камида яна бир ой шерикларига ёрдам бера олмайди. Шунингдек, «Нюкасл»нинг ушбу мавсумда ўз майдонидан кўра сафарда яхшироқ натижа қайд этаётганини ҳам таъкидлаш керак. Жамоа сафардаги натижалари бўйича фақат кучли учликдан ёмонроқ натижа кўрсатган холос. Қизиғи, «Сити» уй ўйинларида яхшироқ – Пеп шогирдлари бу борада фақат ўша учликдан орқада бормоқда.
Биринчи даврадаги ўйинда 1:1 ҳисобида дуранг қайд этилган. Аммо «Этиҳад»даги ўйинларда меҳмонларнинг аҳволи жуда чатоқ – АПЛ учрашувларида «Нюкасл» охирги марта Манчестернинг кўк тарафида 25 йил аввал ғалаба қозонган. «Сити» шайхлар қўлига ўтмасидан олдин ўртамиёна жамоа эканини инобатга олсак, жуда қизиқ. Дуранг эса 2006 йилда қайд этилган. Охирги 16 уй учрашувида «Манчестер Сити» фақат ғалаба қозониб келяпти, сўнгги 6 ўйинда эса меҳмонлар бирорта гол ҳам ура олишгани йўқ.
ЛАЦИО – НАПОЛИ (15 феврал, 22:00)
«Интер»нинг қолдирилган ўйиндаги мағлубияти «Наполи»га пешқадамликни сақлаб қолиш имконини тақдим этди, аммо Конте шогирдлари ҳам сўнгги икки ўйинда дуранг қайд эта1тганини таъкидлаш жоиз. Еврокубок ўйинлари авж паллага кираётгани ҳам энди неаполликларга қўл келади, зеро жамоа А Сериядан бошқа мусобақада қатнашмаяпти. Табиийки, бу «Интер» ва «Аталанта» билан рақобатда устунлик берувчи асосий фактор сифатида ишлайди. Бунинг учун албатта, аввало «Наполи» ўз ўйинларини фойдасига ҳал қилиши шарт.
Бу осон бўлмаслиги аниқ, чунки «Лацио» сўнгги йилларда «Наполи» учун анча ноқулай рақибга айланиб қолгани бор гап. Охирги беш ўзаро ўйиннинг 4 тасида римликларнинг қўли баланд келган ва бир ўйин дуранг билан якунланган. Биринчи даврадаги учрашувда Исаксеннинг голи эвазига «Лацио» меҳмонда уч очко эгасига айланган бўлса, икки ой олдин мамлакат кубоги доирасидаги ўйинда «Лацио» ўз майдонида 3:1 ҳисобида ғалаба қозониб, рақибини мусобақадан чиқариб юборганди.
Жароҳатларга тўхталадиган бўлсак, майдон эгалари таркибида Эвра ва Весино шерикларига ёрдам бера олишмайди. Шунингдек, бир пайтлар беш йил «Наполи» таркибида тўп сурган Хюсай ҳам шу ой охиригача сафдан чиққан. Антонио Конте эса Леонардо Спинаццола, Матиас Оливера ва Давид Нересларнинг ёрдамидан фойдалана олмайди. Учала футболчи ҳам катта эҳтимол билан келаси ой бошида тўлиқ тикланишади.
Агар услублар ҳақида тўхталадиган бўлсак, бир-бирига бироз тескари жамоалар эканига амин бўламиз. Масалан, «Наполи»нинг ҳозирги пешқадамлиги кўпроқ ишончли ҳимоя билан боғлиқ. Бу Антонио Контенинг барча бошқарган жамоаларига хос хусусият. Жамоа лигада энг кам гол ўтказиб юборган, шунингдек, гол ўтказмай якунлаган учрашувлар сони ҳам энг кўп – 12 та. Римликлар эса аксинча, кўпроқ ҳужумдаги кўрсаткичлари билан мақтаниши мумкин. «Лацио» яратилган имкониятлар, хавфли вазиятлар бўйича «А Серия»да кучли учликда бормоқда. Мисол учун дарвозага берилган аниқ зарбалар борасида «Лацио» фақат «Аталанта», «Интер» ва «Милан»дан кейинги поғонада турган бўлса, «Наполи» бу жиҳатдан ҳатто кучли ўнликда ҳам эмас. Лукаку, Мактоминей каби футболчилар асосан вазият
БАЙЕР – БАВАРИЯ (15 феврал, 22:30)
Ўтган йилнинг феврал ойида ҳам жамоалар Ливеркузенда тўқнаш келган ва айнан ўша учрашув чемпионлик масаласига ойдинлик киритганди. Фақат жамоаларнинг ҳолати бугунгига нисбатан тескари эди. Ўшанда «Байер» катта фарқ билан «Бавария»ни ортда қолдираётган бўлиб, 3:0 ҳисобидаги ғалабадан сўнг фарқ янада ошган ва мюнхенликларда деярли имконият йўқлиги маълум бўлганди. Ҳозирда эса «Бавария» 8 очколик фарқ билан олдинда бормоқда ва агар ушбу ўйинда ғалаба қозонадиган бўлса, масофа 11 очкога етади ва мезбонларда кейин рақибига етиб олиш имконияти деярли йўққа чиқади. Мабодо «Байер» ғалаба қозониб, фарқни 5 очкога қисқартирадиган бўлса, ҳали бутун интрига олдинда эканини тахмин қилиш мумкин.
«Бавария» ғалаба қозонса, деяпмиз-у, «Байер»ни ютиш Германияда деярли имконсиз ҳолатга келганини таъкидлаш керак. Алонсо шогирдлари ўтган мавсумни мағлубиятсиз якунлаган бўлса, бу сафаргисида фақат бир марта «Лейпциг»га ютқазишди холос. Айни пайтда жамоанинг имағлубиятсиз серияси 19 учрашувни ташкил қилмоқда. Тўғри, дуранг ҳам бироз кўп, еттита, айнан шу омил ҳозирда «Бавария» билан жиддий фарқни юзага келишига сабаб бўлган. Ўзар ўйинларни олсак ҳам, Алонсо даврида ливеркузенликларда яққол устунликни кўриш мумкин – охирги беш ўйинда уч ғалаба ва икки дуранг. Биринчи даврада ҳам, ўтган мавсумда ҳам Мюнхендаги ўйинлар дуранг билан якунланган. Шунингдек бу жамоалар декабр ойида Германия кубоги учун ҳам тўқнаш келгандилар. Бу сафар «Байер» сафарда 1:0 ҳисобида устун келган. Ўша ўйинни 17-дақиқадан бошлаб мезбонлар бир киши кам бўлиб ўтказганини ҳам таъкидлаш керак. Мануэл Нойер майдондан четлатилганди.
Юқорида «Байер»нинг серияси ҳақида айтдик, «Бавария» ҳам сўнгги ўйинларда яхши формада эканини эътироф қилиш лозим. Жамоа барча мусобақаларда охирги беш ўйинни ўз фойдасига ҳал қилди, Бундеслигада эса қаторасига беш ўйинни ғалаба билан якунлаган. Фақат бу сафар жисмоний тарафдан рақибига нисбатан муаммога дуч келиши мумкинлигини айтиш мумкин. Чунки «Байер» Чемпионлар Лигасида кучли саккизликдан жой олгани учун плей-оффни четлаб ўтди, «Бавария» эса «Селтик»ка қарши ўйнашига тўғри келди. Шотландияда немислар ғалаба қозонган бўлишса-да, ўйин мезбонларнинг устунлигида ўтиб, Компани шогирдларига осон бўлмаганини таъкидлаш лозим.
ТОТТЕНҲЭМ – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (16 феврал, 21:30)
Англияда топ-клублар қаторига кирадиган, аммо айни пайтда еврокубоклар зонасидан кўра, Чемпионшипга тушириб юборадиган ўринларга яқинроқ бўлган икки жамоанинг тўқнашуви. Аммо айтиш керакки, жамоалар бу ҳолатга турли сабаб ва омиллар туфайли келишди.
«Манчестер Юнайтед» мавсум ўртасида мураббий алмаштиргани, бунинг устига Аморим аввалги ҳамкасбига нисбатан бутунлай тескари бўлган услубга эга экани сабабидан азият чекмоқда. Футболчиларнинг янги тизимга кўникишлари жуда оғриқли натижаларга олиб келмоқда ва бу ҳали мавсум охиригача давом этиши мумкин. «Тоттенҳэм»нинг муаммолари эса кўпроқ жароҳатлар билан боғлиқ. Шундай даврлар бўлдики, лондонликлар сафида дарвозабондан бошлаб бутун ҳимоя чизиғи сафда бўлмади, «Тоттенҳэм» мавсум ўртасида ҳатто дарвозабон сотиб олиб, дарҳол уни майдонга туширишга ҳам мажбур бўлди. Қайсидир жиҳатдан бу йилги «Тоттенҳэм»нинг муаммолари ўтган мавсумдаги «Манчестер Юнайтед»ни ёдга солади ва катта эҳтимол билан лондонликлар ҳам мавсум охиригача қийналишса керак. Сабаби, гўёки барча муаммо таркибдаги йўқотишлар билан боғланади, ростан ҳам шундай, аммо қачонки, ҳамма тикланиб, таркиб оптимал шаклга келганида ҳам ўйин яхшиланиб қолмайди. Чунки мавсумнинг асосий қисмида алмаштиришсиз майдонга тушган ва баъзида ўзиники бўлмаган позицияларни ҳам ёпган бошқа футболчилар мавсум охирига келиб чарчаб қоладилар ва яна муаммоларга дуч келинади.
«Тоттенҳэм» ва «МЮ» бу мавсум учинчи марта тўқнаш келадилар. АПЛ доирасида кечган ўйинда «Олд Траффорд»да меҳмонлар яққол устунлик қилиб 3:0 ҳисобида ғалаба қозонганди. Ноябрда эса жамоалар Лига кубоги чорак финалида тўқнаш келди. Лондондаги ўйин мезбонларнинг 4:3 ҳисобидаги ғалабаси билан якун топди. Аммо қайд этиш керакки, бу сафар манчестерликлар анча муносиб кураш тақдим этишди, фақат ҳар икки томон ҳимоячилари, айниқса дарвозабонларнинг қўпол хатолари туфайли ҳисоб шу кўринишга келганди. Умуман «МЮ» ўтган мавсумда ҳам «Тоттенҳэм»ни юта олмаган – Лондонда мезбонлар 2:0 ҳисобида ютган бўлишса, «Олд Траффорд»да дуранг қайд этилганди.
Жароҳатларга тўхталадиган бўлсак, Постекўғли Викарио, Мэддисон ва Удожи каби футболчиларнинг сафга қайтганини маълум қилди. Аммо бу футболчилар илк дақиқалардан майдонга тушишга қай даражада тайёр эканликлари сўроқ остида. Меҳмонлардан эса Лисандро Мартинеснинг жароҳати оғир бўлиб чиқди ва у энди ҳатто 2025 йилда умуман майдонга туша олмаслиги мумкин. Бундан ташқари, Рубен Аморим матбуот анжуманида ҳафта давомида баъзи футболчилар кичик жароҳат олгани, яна кимдир касал бўлиб қолганини айтди. Аммо айнан қайси футболчилар экани маълум эмас. Сўнгги маълумотларга қараганда, 18 ёшли футболчи Чидо Обининг ҳам асосий таркиб билан бирга шуғулланганини эътиборга олсак, ҳужумчилардан бирида муаммолар пайдо бўлганини тахмин қилиш мумкин.
Шунингдек, ушбу ўйинда мезбонлар сафида «Бавария»дан ижарага олинган Матюз Телни кузатиш ҳам қизиқ бўлса керак. Ёш ҳужумчи январ ойида «МЮ»га ўтиши мумкинлиги, ҳатто Телнинг ўзи ҳам «Тоттенҳэм»дан кўра Манчестерни танлагани ҳақида хабарлар чиққанди. Аммо молиявий масалаларда томонлар келиша олмагач, футболчи «Тоттенҳэм» либосини кийганди. У сўнгги ўйинларда майдонга тушди ва «Астон Вилла» дарвозасига гол уришга ҳам улгурди. Тел ўзини «МЮ» раҳбарларига қай тариқа намойиш қилади, кузатиш қизиқ жараён.
ЮВЕНТУС – ИНТЕР (17 февралга ўтар кечаси, 00:45)
Ушбу мавсумда А Сериянинг энг эсда қоларли ва қизиқарли ўйинларидан бири айнан ушбу жамоаларнинг Миланда ўтган биринчи давра учрашуви эди, деб бемалол айтиш мумкин. Ҳисобнинг ўзи ҳам буни исботлаб туради – 4:4. Ҳар икки жамоа ҳам ҳисобда олдинда борган, ҳар икки жамоада иродали ғалаба қозониш имкони бўлган, ҳар икки жамоа янаям кўпроқ голлар уриши мумкин бўлган жанговор тўқнашув якунда дуранг билан якунига етганди. Албатта, у пайтда ҳали «Ювентус» дуранглар эпидемиясига учрамаган, «Интер» билан ўйиндаги бу ҳисоб қайсидир маънода мухлисларни қониқтиргани шубҳасиз.
Туринликлар шундан сўнг ҳам мағлубиятсиз ўйинларини давом эттиришди, айни дамда Мотта шогирдларида атиги 1 мағлубият бор холос, аммо кўпинча кераксиз бўлган 13 дуранг айни дамда «Ювентус»ни нари борса кучли тўртлик учун даъвогар килиб турибди холос. Ўзи умуман ушбу тур мана шу жиҳати билан қизиқ – чемпионликка даъвогарлик қилиб ўзаро рақобат қилаётган икки жамоа кучли тўртлик учун курашаётган икки жамоа меҳмони бўлади. Бу икки ўйинда Италиянинг тўрт асосий футбол шаҳарлари бўлмиш Турин, Неапол, Рим ва Милан ўзаро тўқнаш келади. Ҳар томондан олиб қараганда ҳам мавсумнинг энг қизиқарли турлардан бири.
Юқоридаги дурангдан олдинги ўйинларни қарасак ҳам, сўнгги пайтларда «Интер»нинг устунлигини кўрамиз – 5 ўйинда 2 ғалаба ва 3 дуранг. Туринда ўтган охирги икки учрашув бир хил – 1:1 ҳисобида якунига етган. Агар «Ювентус»нинг ушбу мавсумдаги уй ўйинларини статистикасига қарасак, сезганингиздек, туринликлар бирор марта ҳам мағлубиятга учрамаган, «Интер» эса сафар ўйинларида тенгсиз – 12 ўйиндан 8 ғалаба ва бир мағлубият.
Жароҳатларга келсак, мезбонлар таркибида йўқотишлар кўпроқ. Дуглас Луис ва Пиер Калулу деярли бир хил вақтда, март ойининг бошларида сафга қайтишади. Кабаи ва Бремер эса мавсум охиригача сафдан чиқишган. Меҳмонлар таркибида умуман йўқотишлар йўқ. Қўшимча интригалар ичида, бир пайтлар «Интер» сафида футболчи сифатида Чемпионлар Лигасида зафар қучган Тияго Моттанинг мураббий сифатида собиқ жамоасига қарши бўлиши ва яна Коло Муанини ҳам алоҳида кузатиш лозим. Франциялик ҳужумчи Парижда ижара асосида келгач, А Серияда уч ўйинда майдонга тушиб, 5 гол уришга улгурди.
Яна бир доим алоҳида эътиборга олишимиз керак бўлган жиҳат, «Ювентус» ҳафта ўртасида ПСВ га қарши ЕЧЛ плей-офф ўйинида майдонга тушди ва қийин ғалабага эришди, анча куч сарфлади. Бу пайтда эса «Интер»да бемалол дам олиш ва Италия Класикосига тайёргарлик кўриш имкониятига эга бўлди. Дарвоқе, мабодо «Ювентус» нидерландияликларни ортда қолдириб, Чемпионлар Лигасида нимчорак финалга чиқадиган бўлса, ўша босқичда «Интер»нинг рақиб бўлиш эҳтимоли эллик фоизга тенг. «Ювентус»га ё «Интер» ёки «Арсенал»дан бири рақиб бўлиши аниқ.
БОШҚА ЎЙИНЛАР
15 феврал. Лестер – АРСЕНАЛ (17:30), АТАЛАНТА – Кальяри (19:00), Бохум – БОРУССИЯ Д (19:30), АСТОН ВИЛЛА – Ипсвич (20:00), Осасуна – РЕАЛ (20:15), АТЛЕТИКО – Селта (22:30), МИЛАН – Верона (16 февралга ўтар кечаси, 00:45), Тулуза – ПСЖ (16 февралга ўтар кечаси, 01:05)
16 феврал. ЛИВЕРПУЛ – Вулверҳэмптон (19:00), Парма – РОМА (22:00)
17 феврал. БАРСЕЛОНА – Райо Вальекано (18 февралга ўтар кечаси, 01:00).
Манба: Kun.uz