“Манчестер Сити”да янги юлдуз: Аит-Нури 2030 йилгача шартнома тузди
0
АПЛнинг “Вулверхэмптон” клубидан келиб қўшилган 24 ёшли футболчи учун “шаҳарликлар” 40 миллион евро тўлашди. Бу келишув ёзги трансфер бозорининг катта сармояларидан бири сифатида қайд этилди.
Аит-Нури Премьер-Лигада таниқли ва тажрибали футболчи сифатида ном қозонган. У 2020/21 мавсумдан бери “Вулвз” сафида ҳаракат қилган ва шу давр мобайнида АПЛда 135 та учрашувда иштирок этган. Ҳимоячи сифатида нафақат ишончли ўйини, балки ҳужумдаги фаоллиги билан ҳам танилган — у шу пайтгача жами 11 та голли узатмани амалга оширган. Охирги мавсумда эса 7 та ассист қайд этгани унинг ўйини барқарор ривожланаётганидан далолат беради.
Раян Аит-Нури ўзини чап қанот ҳимоячиси сифатида намоён қилган бўлса-да, зарурат туғилганда ярим ҳимояда ҳам самарали ҳаракат қила олади. Унинг техник жиҳатдан етуклиги, тўп билан ишлашдаги маданияти ва позициявий ҳаракатлари “Манчестер Сити” мураббийи Пеп Гвардиола учун қимматли жиҳатлардан ҳисобланади.
Мутахассислар фикрича, Аит-Нурининг “Сити” сафига келиши жамоанинг чуқур таркибини янада бойитади ва айниқса, муҳим ўйинларда захира ва асосий таркибдаги рақобатни кучайтиради.
Шу тариқа “Манчестер Сити” жамоаси ёш ва истиқболли футболчи орқали келгуси мавсумларга кучли асос яратмоқда. Клуб расмий сайтида таъкидланишича, Аит-Нури тез кунларда жамоа билан бирга машғулотларга қўшилади ва янги мавсумда ўз ўрнини мустаҳкамлаш учун курашни бошлайди.
