Ҳиндистон Покистонга оқувчи дарё сувларини ўз ҳудудига йўналтиришга киришди
0
Лойиҳа илдизи 1960 йилда имзоланган, Ҳинд дарёси сувлари бўйича Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги келишувга бориб тақалади. Мазкур келишув Желум, Ченаб ва Ҳинд дарёлари сувидан самарали фойдаланишни назарда тутади. Аслида, бу сувларнинг катта қисми Покистон ҳудудидан ўтиб кетади ва бу Ҳиндистон манфаатларига тўлақонли жавоб бермаслиги таъкидланади.
Янги лойиҳага кўра, “ортиқча сув” махсус каналлар орқали Ражастханнинг Ганганагар шаҳрига йўналтирилади. Ҳиндистон ички ишлар вазири Амит Шоҳнинг маълум қилишича, бу сувлар энди ҳеч қандай сабаб билан бошқа мамлакатга оқиб кетмайди ва мамлакатнинг қурғоқчиликка мойил ҳудудларида самарали ишлатилади. Шунингдек, канални Ямуна дарёсига улаш таклифи ҳам кўриб чиқилмоқда — бу эса канални 200 километргача узайтириш, сувни Гангасагаргача олиб бориш имконини яратади.
Бу қарорлар Покистон ҳукуматининг кескин эътирозига сабаб бўлди. Чунки апрель ойида Кашмирда содир бўлган ҳужумдан сўнг, Ҳиндистон Исломободни терроризмни қўллаб-қувватлашда айблаган ва дарё сувлари бўйича битимни қайта кўриб чиқиш мумкинлигини маълум қилган эди. Нарендра Моди “Сув ва қон бирга оқиши мумкин эмас”, дея мамлакатнинг қатъий позициясини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, Ҳиндистон май ойида Боглихар тўғонидан Покистонга оқадиган Ченаб дарёси сувини вақтинча тўсиб қўйди ва шунга ўхшаш чоралар Желам дарёсидаги Кишанганга тўғонида ҳам амалга оширилиши айтилмоқда.
Мазкур сув сиёсати икки мамлакат ўртасидаги мураккаб муносабатларда навбатдаги тортишув нуқтасига айланмоқда. Янги канал ва гидроиншоотлар қурилиши нафақат ҳудуддаги сув танқислиги муаммосини юмшатиш, балки минтақадаги геосиёсий вазиятни янада таранглаштириши мумкин.
Хулоса ўрнида:
Ҳиндистоннинг “ортиқча сув”ни ўз ҳудудига йўналтириш ҳаракатлари Покистон учун жиддий хавотир манбаи бўлиб турибди. Минтақавий барқарорлик учун эса сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва барча томонлар манфаатларини ҳисобга олиш — долзарб масала бўлиб қолмоқда.