Панамада банан ишчилари бошлаган норозиликда фавқулодда ҳолат жорий этилди
0
Мамлакат президенти маъмуриятининг билдиришича, ушбу чора “провинцияни радикал ва зўравон ҳаракатлардан ҳимоя қилиш” ҳамда жамоат хавфсизлигини тиклаш мақсадида амалга оширилмоқда.
Норозилик қай тарзда авж олди?
Бока-дел-Торо провинциясидаги тартибсизликлар аввал бошда тинч намойишлар кўринишида бўлган. Аммо вақтинча пенсия тўловларини қисқартириш ҳақидаги ҳукумат режаларига қарши чиққан банан ишчилари касаба уюшмалари иш ташлаш билан жавоб қайтарди. Хусусан, йирик иш берувчи – Chiquita Brands компаниясидаги минглаб ишчилар иш ташлади.
Норозиликлар ортидан кўплаб намойишчилар ишдан бўшатилгани вазиятни янада кескинлаштирди. Маҳаллий ахборот агентликлари маълумотига кўра, сўнгги кунларда провинцияда бир неча дўконлар талон-тарож қилинган, Chiquita Brands объектларига зарар етказилган ҳамда маҳаллий аэропортдаги инфратузилма бузилган.
Ҳукуматнинг радикал қарори
Панама президентлик вазири Хуан Карлос Орилякнинг таъкидлашича, “конституциявий тартиб бузилаётгани ва мунтазам зўравонликлар давлатни фавқулодда чораларга қўл уришга мажбур қилди.” Унинг сўзларига кўра, фавқулодда ҳолат нафақат тартибни тиклаш, балки аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш учун ҳам зарур бўлган.
Ҳукумат вакиллари таъкидлашича, “муваққат чекловлар” фақат тинчликни тиклашга қаратилган ва уларнинг қонуний асослари бор. Аммо инсон ҳуқуқлари фаоллари бундай чораларнинг аҳолига таъсири ва фуқаролик ҳуқуқларига эҳтимолий зиён етиши ҳақида хавотир билдирмоқда.
Хулоса ўрнида:
Панама ҳукуматининг пенсия ислоҳотлари бўйича режалари нафақат иқтисодий, балки ижтимоий изтиробларга сабаб бўлмоқда. Ушбу воқеалар мамлакатнинг асосий саноат тармоқларидан бири – банан етиштириш соҳасига ҳам жиддий таъсир кўрсатмоқда. Эндиликда энг муҳим савол – ҳукумат ва халқ ўртасидаги муросага олиб борувчи йўл топиладими?