“Насаф” – “Пахтакор”: Қаршида ғалаба ва ғурур тўқнашуви
0
Мавсумни мағлубиятсиз бошлаб, юқори темпда давом этаётган “Насаф” жамоаси бугунги кунда жиддий спорт формасига кириб олган ва ўз уйида рақибларига “ҳа” дедирмаётган ҳолда ҳаракат қилмоқда. Охирги турлардаги ишончли ўйинлар — бунинг яққол исботи.
Шу пайтгача бу икки жамоа чемпионат доирасида 56 бор куч синашган. Умумий тарихда “Пахтакор” устун — 30 бор зафар қучган. “Аждарлар” 12 марта ғалаба қозонган, 14 учрашув дуранг билан якунланган. Аммо Қаршидаги жанглар анча драматик бўлган. 28 учрашувнинг 10 тасида “Насаф” ғалаба қозонган, 9 тасида “Пахтакор”, қолган 9си эса дуранг билан якунланган.
Эътиборлиси, “Пахтакор” Қаршида 2021 йилдан буён на ғалаба қозонган ва на тўп кирита олган. Ўша пайтдаги 3:2 ҳисобидаги драматик ғалабадан кейинги учрашувларда голларсиз дуранглар ва “Насаф”нинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси қайд этилган. Тошкентликлар учун бу — жавоб қайтариш пайти, “Насаф” учун эса тарихни давом эттириш имконияти.
Ҳар икки жамоа жорий мавсумда юқори савиядаги ўйинлар билан мухлислар меҳрини қозонмоқда. Шу сабаб, эртага соат 20:00да бошланадиган беллашувда ҳар бир гол, ҳар бир комбинация ва ҳар бир ҳаракат алоҳида аҳамиятга эга бўлади. Бу нафақат очколар учун кураш, балки ғурур ва тарих учун тўқнашув ҳамдир.
