Акбар Жўраевга Президентдан BYD автоcи: оғир атлетлар тақдирланди
Бугун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида Норвегияда ўтган оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионатида юртимиз шарафини ҳимоя қилиб, юқори натижаларга эришган спортчиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тантанали тадбирда Спорт вазирлиги, МОҚ ва Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раҳбарлари иштирок этди. Чемпионатда юксак маҳорат намоён этган спортчилар меҳнатлари муносиб баҳоланди.
Белгиланган маросимнинг энг ҳиссиётли лаҳзаси — жаҳон чемпиони Акбар Жўраевнинг тақдирланиши бўлди. У Норвегиядаги мусобақада -110 кг вазн тоифасида 3 та олтин медал ғолиби бўлиб, мутлақ чемпион унвонини қўлга киритганди. Шу муносабат билан у Президент совғаси — BYD автомобили ҳамда катта пул мукофоти билан тақдирланди.
Шунингдек, жаҳон чемпионатида икки бронза медалини қўлга киритган тажрибали спортчи Руслан Нурудинов ҳам эсдан чиқмади. У ҳам мукофотлар билан тақдирланди.
Маросимда спортчилар билан бир қаторда уларнинг мураббийлари ҳам алоҳида эҳтиром билан эътироф этилди. Федерация раҳбарияти уларнинг фидойи меҳнати ва ёш авлодга намуна бўлаётган саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.
МОҚ раҳбариятининг таъкидлашича, оғир атлетикадаги бу ютуқлар мамлакат спорт тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси экани ва бу соҳада янги авлод чемпионларини тарбиялашга катта туртки бўлиши аниқ.
Тадбир якунларида спортчиларга келгуси мусобақаларда ҳам юртимиз байроғини баланд кўтариш, Олимпиада йўлланмалари учун курашда фаол қатнашиш тилаклари билдирилди.
