"Маша ва Айиқ" мультсериалини тақиқлаш таклифи берилди
2025 йил 28 октябр куни россиялик сиёсатшунос ва жамоат арбоби Вадим Попов "Абзац" нашрига берган интервьюсида "Маша ва Айиқ" мультсериалини телевидение ва стриминг платформаларида чеклаш кераклигини айтиб ўтди.
Унинг фикрига кўра, мазкур сериалнинг сюжетлари "анъанавий қадриятларга зид" бўлиб, болалар руҳиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Поповнинг таъкидлашича, қизалоқнинг ота-онасиз яшаши "нотўғри оилавий намуна"ни кўрсатади. "Бош қаҳрамон инжиқ, манфаатпараст бўлиб, айрим саҳналар болалар учун зарарли.
Маша ёлғиз яшайди, ҳайвонлар ундан қўрқади, ҳатто бир эпизодда шубҳали айиқнинг "севги ҳикояси" тасвирланган. Бундай нарсаларни болалар кўрмаслиги керак", — деди у.
Сиёсатшуноснинг сўзларига кўра, ҳозирча мультфильмни тақиқлаш рўйхатига киритиш кўзда тутилмаган, бироқ бундай сюжетларни телевидение ва стриминг хизматларидан олиб ташлаш зарур.
