Россия Перу билан дуранг ўйнади
Учрашувнинг 18-дақиқасида меҳмонлар дарвозабони ўз жарима майдонида хато қилиб, тўпни Алексей Миранчукка топширди. У эса тўпни Александр Головинга узатди ва жамоа сардори бўш дарвозага аниқ зарба йўллаб ҳисобни очди – 1:0.
Иккинчи бўлимда Россия жамоаси бир нечта хавфли вазиятлар яратди. Алексей Батраков рақиб жарима майдонида тўпни Иван Сергеевга узатди, аммо унинг зарбасини дарвозабон чиройли тарзда қайтара олди.
Шунингдек, Миранчук узоқ масофадан зарба берди, лекин дарвозабон яна ўз маҳоратини намойиш этди. 82-дақиқада эса Перу жамоаси ҳужумчиси Алекс Валера 35 метрдан кучли зарба бериб, тўпни дарвозанинг чап пастки бурчагига йўллади.
Дарвозабон Матвей Сафонов бу ҳолатга тайёр бўлмаган бўлса керак, оддий вазиятда жамоасини қутқара олмади – 1:1. Россия терма жамоаси 15-ноябр куни яна бир Жанубий Америка вакили бўлган Чили терма жамоасини қабул қилади.
