Ал-Насрга техник ғалаба берилди
Дастлаб, 28-февраль куни ўтказилган ўйин "Ал-Наср"нинг 1:2 ҳисобига мағлубияти билан якунланган эди. Аммо кейинчалик жамоа рақиб дарвозабони Рофи Ал-Рувайли профессионал футболчи сифатида рўйхатга олинмаганини важ қилиб, протест билдирди.
Мазкур эътироз кўриб чиқилди ва "Ал-Оруба"га техник мағлубият ёзилди. Қўшилган очколар туфайли "Ал-Наср" турнир жадвалида учинчи ўринга кўтарилди.
Жамоа ҳозирда "Ал-Қадсиядан" икки очкога юқори ва иккинчи ўринни эгаллаб турган "Ал-Ҳилал"дан икки очкога ортда қоляпти. Айни иккинчи ўрин келгуси мавсум Осиё Чемпионлар Лигаси йўлланмасини таъминлайди.
Охирги турда тақдир ҳал бўлади: 26-май куни "Ал-Наср" "Ал-Фатҳ" билан, "Ал-Ҳилал" эса "Ал-Қадсия" билан ўйнайди.
