Болгарияда тарихда илк бор аёл президент иштирокида ҳокимият алмашди
Болгарияда мамлакат тарихида илк марта давлат раҳбари ваколатлари аёл сиёсатчига ўтди. 2026 йил 23 январ, жума куни Конституциявий суд Румен Радевнинг истеъфосини расман тасдиқлади ва шундан сўнг президентлик ваколатлари автоматик тарзда вице-президент Илияна Йотовага ўтди. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Конституцияга кўра, Йотова 2027 йил январигча — амалдаги муддат якунига қадар — давлат раҳбари вазифасини бажаради. Суд Радев ваколатлари унинг ихтиёрий аризасига асосан муддатидан олдин тугатилганини бир овоздан маъқуллади.
2017 йилдан бери президентлик қилган, аввал Болгария Ҳарбий-ҳаво кучларига қўмондонлик қилган Радев замонавий демократик даврда муддат тугамасидан туриб ўз хоҳиши билан лавозимни тарк этган илк президент бўлди. У қарорини мамлакат сиёсий ҳаётида фаолроқ қатнашиш ва кутилayotgan муддатидан олдинги парламент сайловларига тайёргарлик кўриш нияти билан изоҳлади.
61 ёшли Илияна Йотова президентлик ваколатларини қабул қиларкан, қайта қасамёд келтиришига ҳожат йўқ: у 2022 йилда вице-президент сифатида иккинчи муддатга киришганида қасамёд қилган.
Радев хайрлашув мурожаатида ворисига тўлиқ ишонч билдирди ва уни сиёсий инқироз шароитида институтлар барқарорлигини таъминлай оладиган “муносиб алмашинув” деб атади.
Йотовaнинг сиёсий ҳамда халқаро тажрибаси салмоқли. Президент администрациясига келишидан олдин у тележурналистикадан бошлаб Болгария Социалистик партияси матбуот марказини бошқарган, кейин миллий парламент ва Европа парламенти депутати бўлган. Европадаги фаолияти давомида терроризмга қарши кураш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ҳамда Болгариянинг Шенген ҳудудига қўшилиши масалалари билан шуғулланган.
Янги лавозимда Йотовa Болгарияни халқаро майдонда намоён этиш билан бирга, парламент фракциялари билан маслаҳатлашувлар ўтказиб, сўнгги беш йил ичидаги саккизинчи парламент сайлови санасини белгилаш жараёнини ҳам бошлаб беради. Кузатувчиларга кўра, унинг Европа институтлари билан ишлаш тажрибаси мамлакат ичидаги вазиятни барқарорлаштиришда муҳим омил бўлиши мумкин.
