Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги боғ Ўзбекистондан Покистонга совға бўлади
Покистон пойтахти — Исломобод шаҳрида буюк тарихий шахс — Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи билан аталадиган янги боғ барпо этилади.
Маълум қилинишича, мазкур боғ Ўзбекистон томонидан Покистон халқига дўстлик ва ҳамкорлик рамзи сифатида тақдим этилади. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Лойиҳага кўра, боғ Исломобод шаҳрида 2,5 гектар майдонда барпо этилади. Яшил ҳудуд замонавий ландшафт ечимлари, сайр йўлаклари ҳамда дам олиш масканлари билан жиҳозланиши режалаштирилган.
Қайд этилишича, боғ қурилиши ишларига Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазири — Шерзод Ҳидоятов раҳбарлик қилади. Ушбу ташаббус икки мамлакат ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, тарихий меросга бўлган ҳурматни ошириш ҳамда халқлар ўртасидаги дўстликни чуқурлаштиришга хизмат қилиши таъкидланмоқда.
Янги боғ Покистон аҳолиси ва меҳмонлар учун маданий-маърифий дам олиш масканига айланиши кутилмоқда.
