Наманганда йирик Арашан Ресорт туризм мажмуаси қурилиши бошланди
Наманган вилояти Поп туманидаги Арашан кўллари атрофида “Арашан Ресорт” йирик туризм мажмуаси қурилиши бошланди. Лойиҳа 600 гектар майдонни қамраб олиб, замонавий туризм инфратузилмасига эга йирик дам олиш ва саёҳат марказига айланиши режалаштирилган.
Мажмуа тўлиқ фойдаланишга топширилгандан сўнг кунлик 2,5 минг сайёҳни қабул қилиш, йиллик 912 минг нафар туристга хизмат кўрсатиш ва 2 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратиш имконияти пайдо бўлади. Лойиҳа доирасида экологик туризм, экстремал ва тоғ туризми инфратузилмалари, гастрономик марказлар ва маданий дам олиш масканлари ташкил этилади.
Шунингдек, мажмуада тематик парклар, тоғ чанғиси комплекслари, зиплайн, ресторан ва кафелар, очиқ осмон остидаги кинотеатр, экобозор, болалар майдончалари, спорт майдонлари ва термал сув бассейнлари барпо этилиши режалаштирилган. Лойиҳа Япониянинг нуфузли NGEA – Nippon Global Education and Assessment компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
