Эрон АҚШнинг уруш режасини рад этди
Эрон урушни тугатишга қаратилган АҚШ таклифини рад этди, деб хабар берди Эроннинг давлат телерадиокомпанияси Press TV. Теҳрондаги ҳукумат вакили можаро АҚШ президенти Дональд Трамп хоҳлаган пайтда эмас, балки фақат Эрон қарор қилганда тугашини айтди. AFP хабарига кўра, 15 банддан иборат АҚШ режаси Теҳронга Покистон орқали етказилган, деб икки нафар Покистон ҳукумати амалдорига таяниб маълум қилди. Бу ҳақда Dw.com хабар беради.
The New York Times ва Исроилнинг Channel 12 хабарларига кўра, таклиф Ҳурмуз бўғози орқали кемалар қатновини тиклаш, Эроннинг ядро дастурига қатъий чекловлар жорий этиш ва бунинг эвазига санкцияларни юмшатишни ўз ичига олган. Шунингдек, унда Вашингтонда музокаралар ўтказиладиган бир ойлик сулҳ ҳам назарда тутилгани айтилмоқда. Режада Эронда режимни алмаштириш кўзда тутилмаган. Бироқ Теҳрон Қўшма Штатлар билан ҳеч қандай музокаралар олиб борилаётганини инкор этди.
Айни пайтда Британия ва Франция Ҳурмуз бўғози орқали денгиз қатновини қайта очиш бўйича музокараларни илгари сурмоқда. AFP Буюк Британия Мудофаа вазирлигидаги манбага таяниб, қарийб 30 мамлакатнинг ҳарбий вакиллари ҳафта охиригача йўналишни ҳимоя қилувчи коалиция тузишни муҳокама қилиш учун учрашиши мумкинлигини билдирди. Британия, Франция, Германия, Италия, Япония ва Нидерландия каби бир қанча давлатлар юк ташувчи кемаларни ҳимоя қилиш чораларини аллақачон қўллаб-қувватлашини билдирган.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, шунингдек, француз дипломати Жан Арнони Эрон бўйича ўз элчиси этиб тайинлади. Гутерриш уруш назоратдан чиқиб кетганини огоҳлантириб, АҚШ ва Исроилни ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирди, шу билан бирга Эронни Форс кўрфази давлатларига ҳужумларни бас қилишга ундади. Аввалроқ The Wall Street Journal Теҳроннинг эҳтимолий музокаралар учун шартлари санкцияларни бекор қилиш, ўз ядро дастурини сақлаб қолиш ва янги уруш бўлмаслигига кафолатлар олишни ўз ичига олишини хабар қилган эди.
