Тошкентда «Наврўз садолари» фестивали шукуҳ билан очилди
Тошкентнинг машҳур «Туркистон» санъат саройида «Наврўз садолари» миллий чолғулар кўп овозли ансамбл ва оркестрлари XII халқаро фестивалининг мароқли очилиш маросими бўлиб ўтди.
Фестиваль арафасида соҳа мутахассислари, тажрибали устозлар ва иштирокчи жамоалар вакиллари учун анжуман ташкил қилинди. Фестиваль координатори, Ўзбекистон санъат арбоби Феруза Абдураҳимова тадбирда мазкур ижодий жараённинг мақсад ва аҳамияти ҳақида тўлиқ тўхталиб, йиллар давомида фестивал янги истеъдодларни кашф этишда энг муҳим манба бўлиб хизмат қилиб келганини таъкидлади ва мунтазам қўллаб-қувватлаб келаётган ҳамкор ташкилотларга самимий миннатдорлик билдирди.
Фестиваль очилиш маросимида Ўзбекистон давлат филармонияси бош директори Анвар Тожибоев ҳам сўзга чиқиб, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон давлат филармонияси ва бир қатор ҳамкор ташкилотлар томонидан ташкил этилган ушбу санъат байрами йилдан-йилга нуфуз ва эътибори ортиб бораётганини алоҳида қайд этди. У барча ижодий гуруҳларни самимий табриклаб, уларнинг фестивалдаги иштироклари учун омад тилади.
Бугун фестивалнинг ижодий танловларига старт берилди. Дастурга кўра, уч кун давомида барча жамоаларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланади ва натижада энг яхши ижодий жамоалар ғолиблик медаллари ва дипломлар билан тақдирланади.
Фестиваль нафақат миллий санъатни рағбатлантириш, балки юртимиздаги ёш истеъдодларни кашф этиш ва уларни халқаро ареналарга тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.
