Хитойда уй ҳайвонлари учун янги телеканал очилди
Хитойнинг йирик технология гигантларидан бири “Tencent” уй ҳайвонлари эътиборига мўлжалланган янги телеканал “Pet.TV”ни ишга туширди. Бу ҳақда REN TV маълумот берди.
Маълум қилишларича, “Pet.TV” Tencentнинг видео платформаси орқали доимий, 24 соат давомида эфирга узатилади. Канални томоша қилиш учун обуна зарур бўлиб, ойлик нархи 25 юань (тахминан 44 000 сўм)ни ташкил этади.
Каналда Tencent томонидан тайёрланган видеолар билан бирга АҚШдаги “Dog.TV” платформасининг контентлари ҳам жой олади. Компания вакиллари таъкидлашича, барча видеолар уй ҳайвонларининг кўриш ва эшитиш қобилиятлари ҳисобга олинган ҳолда тайёрланган. Унда махсус ранглар комбинацияси, кадрлар тезлиги ва аудио частоталар эътиборга олинган.
Бундан ташқари, видеолар ҳайвонлар зотига қараб бир неча тоифага ажратилган. Масалан, айрим видеолар маълум зотдаги итлар учун алоҳида мослаштирилган.
Шу тариқа, Pet.TV уй ҳайвонлари соҳасидаги энг замонавий ва ихтисослашган телеканал сифатида танилади.
