Илон Маск 17 апрель куни XChat мессенжерини тақдим этиши кутилмоқда
Х компанияси iOS операцион тизими учун янги ХЧат номли алоҳида мессенжер иловасини ишга туширишга тайёргарлик кўрмоқда. Ушбу илова фойдаланувчиларга шахсий ва гуруҳ чатлари билан бирга аудио ҳамда видео қўнғироқларни амалга ошириш имконини беради.
Маълумотларга кўра, XChat’нинг асосий имкониятлари қаторига Х (собиқ Twitter) платформаси билан интеграция, тўлиқ шифрланган ёзишмалар тизими (end-to-end encryption), файл юбориш функцияси, хабарларни таҳрирлаш ва ўчириш ҳамда скриншотлардан ҳимоя қилиш каби хавфсизлик чоралари киради.
Шунингдек, янги мессенжерда реклама мавжуд бўлмаслиги алоҳида устунлик сифатида қайд этилмоқда. Бу эса уни WhatsApp ва Telegram каби рақобатчилардан ажратиб туриши мумкин.
Дастлаб ХЧат фақат iOS қурилмалари учун чиқарилиши режалаштирилган бўлиб, Android версияси бўйича ҳозирча расмий маълумот берилмаган.
