Россиядан ота-онасиз қолган болалар Ўзбекистонга қайтарилди
Жорий йилнинг 21 апрель куни идоралараро ҳамкорлик ва Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги билан йўлга қўйилган самарали алоқалар натижасида хорижда ота-она қарамоғисиз қолган 6 нафар вояга етмаган бола Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, болалар Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти орқали пойтахтга олиб келинган. Улар белгиланган тартиб асосида яқинлари ва оила аъзоларига топширилган.
Мутасаддиларнинг билдиришича, айни пайтда болалар ва уларнинг оилаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ишлари давом эттирилмоқда. Хусусан, уларга ижтимоий, психологик ва зарур ёрдам кўрсатиш, шунингдек, уларнинг ҳолатини мунтазам кузатиб бориш вазифаси ҳудудлардаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларига юклатилган.
Мутахассислар фикрича, бундай ташаббуслар болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни оила бағрига қайтариш ҳамда жамиятга мослашув жараёнини енгиллаштиришда муҳим рол ўйнайди.
