Трамп яна шов-шув марказида: Ҳормуз номи ўзгарадими?
АҚШ президенти Доналд Трамп яна бир баҳсли ташаббус билан кун тартибига чиқди. У Truth Social ижтимоий тармоғида Ҳормуз бўғози “Трамп бўғози” деб номланган тасвирни эълон қилди.
Маълум бўлишича, Трамп аввалроқ Маямида ўтказилган инвестиция форумида ҳазил аралаш тарзда ушбу бўғозни ўз номи билан атаган ва бу гаплари тасодифий эмаслигини таъкидлаган. Орадан кўп ўтмай, ОАВ унинг бўғоз номини “Америка бўғози”га ўзгартириш имкониятини ҳам кўриб чиқаётганини ёзди.
Сўнгги йилларда Трамп муҳим объектлар ва географик номларни қайта номлаш ташаббусларини фаол илгари сурмоқда. Хусусан, айрим ташкилотлар ва ҳудудлар номини ўзгартириш бўйича қарорлар ҳам эълон қилинган.
Шу билан бирга, минтақадаги вазият ҳам кескинлигича қолмоқда. АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳаракатлари фонида Теҳрон Ҳормуз бўғозини ёпиш билан таҳдид қилган. Натижада ҳудудда ҳарбий ва иқтисодий босим кучайиб, кемалар ҳаракати деярли тўхтаб қолган.
Кузатувчилар фикрича, бундай баёнотлар нафақат сиёсий, балки глобал иқтисодий вазиятга ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.
