ҲОФИЗ… (5-қисм)
* * *
Ўша куни икки дугона ҳазил-ҳазил билан бир шиша коньякни бўшатиб қўйишди. Кайфи ошган Лола бирорта йигит билан юришни ва ўша йигитдан бола орттиришни хоҳлаётганини Бахтинисога айтди. Дугонаси: «Бунақа қилма! Эринг билиб қолса, ўлдиради, ҳайдаб юборади!» демади.
— Менга анчадан бери биттаси осилиб юрибди. Яхши бола. Лекин жазманинг иккита бўлса, ишкал чиқади. Жазман ҳам эрдай бир бало бўларкан…
— Келишдик, — деди бирдан унинг сўзини бўлган Лола, — бугуноқ уйига борамиз. Мени қолдирасан-да, ўзинг кетаверасан.
— Ўлардай ташна бўлибсан-ку, ўртоқ, — деди Бахтинисо ҳиринг-лаб. — Лекин бугун иложи йўқ. У уйланмаган бўлса-да, ҳозир қаерда юрибди, худо билади. Уйида ота-онаси бор. Тўғри кириб боравермайсан-ку. Аввал бирон жойда кўришасан, гаплашасан…
— Уфф! Ҳеч ишим юришмади-юришмади-да. Илгари қандай йигитлар оёғимнинг тагига пояндоз бўлишарди. Бировига парво қилмасдим. Жеркиб берардим, қарғардим, ҳайдаб солардим. Ишонасанми, битта синфдошим тиз чўкиб, оёғимни қучоқлаган. «Сенсиз менга дунё қоронғи, сени кафтимда кўтариб юраман», деган. Мен эса унинг устидан кулганман. Мана энди ўшанинг жабрини тортаяпман. Битта покиза йигитни хўрлаганим учун Худо мени жазолаяпти. Аслида, одамга чирой эмас, бахт керак экан. Бахт!
Лола ҳўнграб йиғлаб юборди. Бахтинисо атрофига аланглади. Назарида, ресторандаги хўрандалар уларга қараётганга ўхшарди. Ўзини ноқулай сезди. Дугонасининг ёнига ўтиб ўтирди.
— Бўлди, жоним, сираям сиқилма, ҳаммаси изига тушиб кетади. Маза қилиб яшайсан, — деди.
Далда Лолани баттар ўкситди. У яна ҳиқиллашга тушди.
— Агар, — деди шумликка ўтган Бахтинисо, — йиғини бас қилмасанг, бугун олиб боришни мўлжаллаб турган жойимга обормайман.
Лола илкис бошини кўтарди. Кўз ёши киприкларидаги бўёқни ювиб, юзини қоп-қора қилиб қўйган эди.
— Унда ҳозир кетайлик, майлими? Мана, мен яхшиман, — деб Лола кафти билан кўзини, юзини артди. Юзи баттар қора бўлди. — Кўрдингми, бошқа йиғламайман, сад-қайи кўз ёшим, тўғрими? Менинг йиғлашимга арзимайди. Фақат имиллама, тезроқ бўл, ортиқ чидаб туролмайман.
Бахтинисо мийиғида кулди: «Ўлиб ўтирган экансан-да. Кимсан, эл танийдиган фалончининг жуфти ҳалоли бош-қа эркакни кўнгли тусаб қолган… Бола орттирмоқчи… Ҳе, дугонажон, эрингга бир сенмас, бир пайтлар мен ҳам ошиқ бўлгандим. Унинг хаёлида кечалари ухлаёлмай тўлғаниб тонг оттирган чоғларимни ҳисобласам, саноғига етолмайман. Лекин, начора, ҳофиз сени танлади. Менинг аламим ичимда қолди. Ҳофиз сен билан бахтли бўламан, деб ўйлаган бўлса керак-да. Аммо сен уни бахтли қилолмадинг. Камига, энди хиёнат қилмоқчисан. Шундай одамга-я… Агар бошқалар бу ниятингдан хабар топишса борми, сени нақ тошбўрон қилишади! Лекин шундаям менинг кўнглим таскин топмайди. Кўнглим жойига тушиши учун Бекалига турмушга чиқишим керак. Бироқ, афсуски, энди кеч бўлди. Энди навим пасайди. Энди эрингнинг атрофида навниҳол пари-пайкарлар парвона… Шундай бўлгач, мен билан кўришишгаям ор қилса керак… Лекин дилим сал ёришиши учун сенинг озгина қийналишингни кўрсам ёмон бўлмасди, дугонажон!»
Кўнглидан шу ўйлар ўтган Бахтинисо ичидагини сездирмай:
— Хавотир олма, асалим, — дея Лоланинг қўлидан тутди. — Мен аллақачон унга телефон қилганман. Фақат вақтини кечроқ айтувдим. Унгача икковимиз маза қилиб ўтирамиз, деб ўйловдим. Беш минутда етиб келади йигитнинг гули.
Дарҳақиқат, «йигитнинг гули» келиши жуда беш дақиқага чўзилмади. Ҳаял ўтмай, у қорасини кўрсатди. Лекин уни кўрган одам «йигитнинг гули» дейишга сира тили бормайди: кал бош, бақалоқ гавда, йўғон мўйлов ва катта кўзойнак уни ғалати шаклга солиб қўйган, устига-устак, бесўнақай қадам ташлаб келарди. Бироқ буни Лола сезмади. Чунки маст эди. Мастлиги боис шу тобда ит ҳам унинг кўзига чиройли кўринарди.
— Мана, — деб ўрнидан турди Бахтинисо бақалоқни кўриши билан, — ўзлари ҳам келиб қолдилар.
У «йигитнинг гули»га пешвоз чиқди. Французлардай қўлини ўпишга берди. Сўнг бақалоқни қўлтиқлаб Лоланинг ёнига бошлаб келди. Кўзи қизарган, кипригини зўрға кўтариб турган ҳофизнинг завжаси билан таништирди ва унинг биқинидаги столга ўтқазди. Бардамлик учун юз грамм қуйди.
Бақалоқ нима деди, Бахтинисо нега ўзидан-ўзи ҳиринглади, Лола бақалоқнинг гапига қандай жавоб қилди, улар қанча вақт шу тахлит ўтиришди — буларнинг ҳеч бирини Лола эслай олмайди. Элас-элас ёдида қолгани: бақалоқ уни қўлтиғидан олди, ўрнидан туришига кўмаклашди, сўнг бир қўли билан белидан қучди. Ташқарига чиқишди… Кейин нима бўлди — билмайди.
Лола кўзини очди. Кейин бирдан юмиб олди: «Биринчи марта хиёнат кўчасига кирдим. Ҳозир бегона уйда ётибман. Ниятимга етдимми? Етдим. Лекин ким билан?.. Ўл, аҳмоқ, нималар қилиб қўйдинг?.. Сен энг пасткаш хотинсан, сен кийишга ярамай қолган кийимсан, пол латтасан!» хаёлидан ўтказди у. Кўзидан икки томчи ёш сизиб чиқди. «Эртароқ уйга бормасам бўлмайди», деб пичирлади лаблари ва ўрнидан туриб ўтирди-да, кўзини очиб, қотиб қолди. Чунки уйдаги жиҳозлар таниш эди. Дераза, эшик пардаси, деворга осиғлиқ катта сурат, шкаф — ҳаммаси таниш. Таниш эмас, ўзиники. Ўз уйининг жиҳози.
Лола иккала қўли билан тўзғиган сочини ғижимлади. Сўнг бир нарсадан чўчиб тушгандай атрофга олазарак боқаркан, ўрнидан турди. Шундагина онадан туғилгандек аҳволда эканлигини кўриб қолди. Ўзидан-ўзи уялиб, шошганча шкафдан халатини олиб эгнига илди. Эшикни қия очиб, аввал бошини чиқариб ташқарига мўралади. Йўлакда эри кўринмади. Овоз чиқазмай қадам босиб, ювиниш хонасига кирди.
Сочини қуритаётганида кўксининг кўкарган жойига кўзи тушди. «Ярамас Бахтинисо уйимга олиб келибди-да. Эрим келиб қолганда нима қилардим? Шошмай тур, яхшилаб гаплашиб қўймасам, ўзингдан кетибсан!» дея ўйлади у.
Уйни биров хавотирланмайдиган даражада тартибга келтиргач, юзига упа-элик суриб, лабини помада билан баттар қизартирди. Шундан кейингина хонасидан чиқиб, ошхонани кўздан кечирди. Ҳаммаси жойида. Ҳовлидаям хавотирга солувчи бирон нима йўқ. Лекин дарвоза очиқ экан. Зулфагини ўтказиб қўйиб, қайтиб уйга киргач, Бахтинисога қўнғироқ қилди. Унинг овози хириллаганидан билдики, у ҳам яқинда уйғонган.
— Бахти, — деди аразлаган товушда, — кеча нималар бўлди? Мен ҳеч нимани эслаёлмайдиган бўп қопман-ку.
— Лола, мениям, ўзингниям гўрга тиқишингга сал қолди. Бечора Неъмат акамнинг эса оғзи-бурни қонга беланди. Одам дегани шунақаям ичадими? Қанча қайтармайин, бутилкага ёпишиб олдинг…
— Йўғ-э!.. Тавба, нега анави одамнинг оғзи-бурни қон бўларкан?! Мен унинг башарасиниям эслолмайман.
— Шунақа-да. Ресторандан чиқишимиз билан эрингнинг созандаларидан биттаси кеп қолди мошинасида. Туша солиб, ҳе йўқ-бе йўқ, Неъмат акамга ташланди. Ҳалиям мен ёпишмаганимда, бечорани ўлдириб қўярди. Ўзингам унга осилвогандинг-да…
— Кейин… Кейин нима бўлди? — дея ҳовлиққанча сўради Лола.
— Нима бўларди? Сени мошинасининг орқасига ётқизиб, уйингга опкетди.
— Ким экан у? Исмини айтмадими?
— Айтмади. Лекин мошинаси «Жигули» эди. Яшил эди. Нима, бегонамиди? Танимасмидинг? Бегона билан кетиб қолдингми?
— А-а? «Жигули»? Яшил? Йўқ, таниш экан. Майли, кейинроқ телефон қиламан.
Лола гўшакни ташлаб юборди. Югурганча ётоқхонага кирди. Кўрпани олиб ташлади. Чойшабининг тангадай нам жойини топди. Бўшашди, оғир-оғир қадам ташлаб кўзгунинг ёнидаги столга ўтирди. Бармоқлари билан сочларини ғижимлади. «Наҳотки?.. Кеннойи, деб атрофимда гирдикапалак бўлиб юрган одам… шунчаликка бордими? Ярамас, имкониятдан фойдаланиб қолибди-да!» хаёлидан ўтказди у ва зўр бериб ўтган кечани хотирлашга урина бошлади. Элас-элас ёдига тушди. Дониёрнинг бўйнига ёпишгани, кейин… Ке-йин эркакнинг «жоним, гўзалим» деб эркалагани…
— Бўлди, бас! — бақириб юборди Лола ва ўрнидан сапчиб турди. — Ҳаммасига эрим айбдор. Агар ўша аблаҳ каромат кўрсатмаганида, ҳеч нарса бўлмасди. Ҳеч нарса! Ўзидан кўрсин, ярамас! Ўзининг пичоғи билан ўзини сўйдим. Энди менга барибир!
***
У ошхонага борди. Кўз ёшини дув-дув оқизиб газни ёқди. Қаҳва дамлади. Иштаҳаси йўқлиги боис, қайноқ қаҳвани ҳўплаб-ҳўплаб ича бошлади. Унинг юраги бўм-бўш бўлиб қолгандек эди гўё…
Дарвоза қўнғироғи жиринглади. Лола оғриниб бошини кўтарди. «Йўл-пўлда аварияга учраб, ўлиб кетсанг бўлмасмиди?.. Хиёнатдан дилим қанчалик вайрон бўлганини билсанг экан! Билмайсан, билолмайсан! Чунки хиёнат деган нарса қанчалик оғирлигини етти ухлаб тушингдаям кўрмагансан. Сенга нима, аёлларни алдаб кетиш писта чаққандай бир нарса-да! Лекин менинг виждоним қийналади. Сендан ўчимни олдим, деб ўзимни овутишим мумкин, лекин, барибир, чидолмайман… чидолмайман…» У ҳўнграб юбормаслик учун лабини маҳкам тишлади. Кўзидан ёш сизиб чиқди. Бу пайтда дарвоза қўнғироғи янада асабий жиринглай бошлаганди.
Эшикни очиши билан бир дунё заҳар-заққум гап ёғилди Лоланинг устига. Лекин у чидади. Тишини тишига босди. Эри машинанинг эшигини қарсиллатиб ёпиб уйга кириб кетганидан кейин ҳам бир муддат дарвозахонада турди. Ўпкаси тўлиб, йиғлагиси келаверди, келаверди. Аммо кўз ёшини Бекалига кўрсатишни истамади. Қизғанди. «Арзимайсан менинг йиғимни кўришга. Ҳайф, сенга қайғуларим!» кўнглидан ўтказди у ва машинага суяниб туриб қолди.
— Мошинанинг тагига кирволдингми? Кемайсанми тезроқ?! — бақирди ҳофиз ичкаридан.
Шундан кейингина Лола уйга қараб юрди.
— Уйга келмасам, байрам-да сенга, тўғрими? — деди Бекали Лола кўриниши билан кесатиб.
Лола жавоб бермади. Бошини эгди. Унинг индамагани ҳофизнинг ғашини келтирди:
— Бир кун келмаганимга қовоқ-тумшуқ қилмоқчимилар? — деди аёлига ўқрайиб.
— Бир кунмас, охирги пайтларда уйга келмаслик сизга одат бўп қолган.
— Костюмларни булғаганинг иш бермовди, бошқа нарсаларниям булғаб кўр!
Лола илкис бошини кўтарди. Унинг кўзи ўт бўлиб ёнмоқда эди.
— Ҳали, — деди у вужуди титраб, — менинг лабларим булғайдиган бўп қолдими?! Ҳали костюмингиз менинг лабимдан тоза бўп қолдими?! Ҳали сиз шунақамисиз?!
— Ҳар қандай нарсага ортиқча нарсанинг тегиши унинг булғанишига олиб келади. К остюм костюмдай бўлиши керак. Қип-қизил лабингнинг изини значок қип тақиб юрмайман-ку. Сен кў-чага чиқсанг, ит ҳам танимайди. Мени янги туғилган чақалоқ ҳам қўли билан кўрсатиб: «Шу ҳофиз билан расм-га туширинг!» деб отасига хархаша қилади.
Лола бошини сарак-сарак қилди. Сўнг бармоғи билан кўзини ишқалади:
— Менимча, кўраётганим Бекали акам бўлмаса керак. Кимдир сизнинг қиёфангизга кириб олган.
— Яна нимани ўйлаб топмоқчисан? — энсасини қотирди ҳофиз. — Хотин зоти қаригани сайин мияси суюлиб кетади, дейишса, ишонмасдим. Сен билан ғиди-биди қилиб ўтиришга вақтим йўқ. Концертма-концерт юришимни, тўйдан бошим чиқмаслигини билиб теккансан менга. Шунинг учун бошимни қотирма. Ҳозир ҳам тўйга кетаяпман. Ки-йимларимни алмаштириш учун киргандим. Уйда хоҳлаганингча пул бор. Ўзинг бозорлик қилиб келавер. Оқшом келмаслигим ҳам мумкин.
Бекали ошхонадан чиқди. Ётоққа кириб, шкафни очди-да, костюмларидан иккитасини танлади. Обдан ҳамма ёғини кўриб чиқиб, булғанган жойига кўзи тушмагач, бирини кийиб, иккинчисини Лоланинг қўлига тутқазаркан:
— Мошинага обор, — деб буйруқ берди.
Ўзи ундан аввал хонадан чиқиб кетди. Ҳеч нарсага эътибор бермади. Эътибор берганида, шкафда костюмлари илинган жойда кийимлари остига бегона кўйлак тушиб ётганини кўрган бўларди.
Яна уй кимсасиз зимистонга айланди-қолди. Лоланинг кўнгли бундан-да зимистон эди.
— Уйга кетаман. Ота-онамни кўрмаганимгаям ярим йилча бўлиб қолди. Садқайи бу одамни кутиш, садқайи асабийлашиш! Садқайи рашк! Мараз, костюмини булғаб қўйганмишман. Бир пайтлар ўзинг мана шу лаблардан ютоқиб ўпардинг. «Бунча ширин! Новвот ҳам, асал ҳам бу лаблар ёнида обрўйини йўқотади!» дердинг. Энди булғовчи бўлиб қоптими? Тозасини топдингми? Майли, чидайман. Кўрамиз, қаергача бораркансан! Қанча вақт ўша манжалақингни яшираркансан? — деди у худди ўзи билан ўзи гаплашаётгандай.
Шу пайт телефон жиринглади. Лола истар- истамас гўшакни кўтарди.
— Кеннойи, узр, — деган овоз келди ундан салом-аликдан ҳам аввал, — кеча мазангиз бўлмаган экан, уйингизга олиб келувдим.
Лола дарров Дониёрни таниди. Лабида ўз-ўзидан беихтиёр табассум пайдо бўлди.
— Фақат опкеганмидингиз, фақат ташлаб кетганмидингиз? — деди у кесатиб.
Дониёр бир муддат жимликдан сўнг:
— Сира ўзимни кечиролмаяпман. Ҳозиргача жонҳалак юрибман… — деди.
— Ўзингиздан-ўзингиз кечирим сўрамасангиз ҳам бўлади, — деб бирдан унинг гапини бўлди Лола, — чунки мен… мен умуман хафа бўлганим йўқ. Агар сиз бўлмаганингизда… Ҳа, майли… Менимча, сиз ҳам тўйга кетаётган бўлсангиз керак.
— Йўқ. Ҳофиз бир ҳафтадан бери ёнига яқинлаштирмай қўйган. Ўрнимга бошқаларни олиб кетаяпти.
— Тушунаман. Чунки мен ҳам худди сизнинг аҳволингиздаман. Мана, бугун ҳам ёлғиз қолдим. Балки…
— Қўрқаяпман. Аслида, ҳеч кимдан қўрқмайман. Агар у менга ҳеч ким бўлса. Лекин шунча йил…
— Ҳақиқатнинг ўзи қолмаган бу дунёда. Сиқилманг. Кечки пайт келинг. Гапим бор. Бугун ичмайман, хавотир олманг.
Дониёр кеч соат тўққизларда келди. Бунгача Лоланинг тоқати-тоқ бўлди. Неча маротаба ётоғига кириб ухлашга уринди. Бироқ уйқу ҳам уни ёлғизлатиб қочиб қолди. Аламидан йиғлаб-йиғлаб олди у. Кўзи қизарди. Кеча ҳам қизарганди. Аммо у ичкиликники эди. Маст Лола кўзининг қизарганини сезмаганди, лекин бу сафар қоронғилик тушгач, тошойна қаршисига бориб қараса, кўзи қизариб кетибди. «Яхши бўпти, қанчалик азобланганимни билади», хаёлидан ўтказди у.
Дониёр уйга киргунча бошини кўтармади. Юзи лавлагидай қизариб кетганди. Уйда ҳам ер чизиб ўтираверди. Унинг аҳволи Лолага хуш ёқди. Пиқ этиб кулди. Шундан кейингина Дониёр кўзини ердан узди.
— Бунақада, — деди Лола жилмайиб, — эрталабгача шундай ўтирамиз, шекилли.
— Бир қошиқ қонимдан кечинг.
Лола ўрнидан туриб, секин Дониёрнинг ёнига келди. Тиз чўкди. Эркакнинг қўлини олди. Юз-кўзларига сурди.
— Раҳмат. Мени азобдан қутқардингиз, — деди шивирлаб.
* * *
Ҳофиз бир ҳафта уйига келмади. Аввал Қирғизистонда, сўнг Тожикистонда концерт берди. Кунда камида беш марталаб Ҳафизага қўнғироқ қилди-ю, бирор марта ҳам Лола ўтирган уйнинг телефонини безовта қилмади. Ҳафиза ҳар сафар Бекалининг овозини эшитиши билан қорнидаги гумонасининг қайси пайт қандай безовта қилганини, ҳалитдан тепонғичлигини, дадасини жудаям соғиниб кетганини айтиб хўрсинар, хўрсиниш орқасидан ўзининг ҳам кўзи тўртлигини билдириб кетарди.
— Сен бундан сира қайғуга ботмаслигинг керак. Хурсанд бўл. Мен яқинда бораман. Ўзингни уринтирма. Қўлингни совуқ сувга ҳам урма, — дея кенжа хотинининг кўнглини кўтарарди ҳофиз.
— Бекали ака, — нозланарди Ҳафиза, — оқ билаклар у ёқларда кўп бўлади, дейишади, тағин…
— Ха-ха-ха! — кулади унинг гапига жавобан Бекали. — Қўрқаяпсанми?! Хавотир олма. Сенга ўхшайдигани бу дунёда йўқ. Яккаю ёлғизсан!
Бекали шундай деб бирдан иржайди. Лолага эндигина уйланган кезлари, ҳали ишқ шаробидан мастлигида шундай дерди. Хотинини бундан ҳам ўтказиб мақтаганди, Лола шўрлик сувга тушган новвотдай эриб, оқиб кетишига сал қолувди. Ҳафиза ҳам шу аҳволдалигига Бекалининг ишончи комил эди. Ахир кимсан, булбулларнинг сардори, машҳур ҳофиз бу гапларни айтаяпти. Хурсанд бўлмай бўларканми бундай пайтда!
— Ҳозироқ сизни кўрмасам бўлмайди. Чидолмай кетаяпман! — дейди Ҳафиза бир муддатлик сукутдан сўнг тўлқинланиб.
— Мени кутгил ва мен тезда ёнингда пайдо бўламан, — дейди ҳофиз.
Гўшакни қўйгач, кўзини чирт юмади. Туғилажак бола тўғрисида ўйлайди. Ҳозирдан қанақа қилиб эркалаш ҳақида хаёлан режа тузади. Сўнг халқаро алоқалар кабинасидан чиқади. Ҳар доимгидай уни Бобир иржайиб-тиржайиб, устозига меҳри жўшиб, шундай одамнинг созандасига айланганидан ўзидан-ўзи хурсанд бўлиб кутиб олади.
— Уйдагилар яхши ўтиришганмикан? Овозингизни эшитиб роса хурсанд бўлишгандир, — дейди мулойимлик билан.
Ҳозир у Дониёрнинг вазифасини ўтаб юрибди. Лола Дониёрнинг ёнини олганидан сўнг ҳофиз неча йилдан бери садоқат билан хизмат қилиб келаётган созандасидан воз кечди. Бирдан эмас. Секин-аста, вақт ўтказиб… Ўрнини босоладиган, истеъдодли созандани топгунича индамади. Лекин ўша созанданинг топилиши қийин бўлди. Бири созни яхши чалгани билан бошқа нарсаларга уқуви йўқ, бошқаси созни унинг кўнглидагидай чалолмайди. Ниҳоят, Бобирни топди. Ҳарбийда юрган экан бу йигитча. Ўзи ёнига келиб, шогирдликка олинг, деб илтимос қилди.
Бекали аввал унга бошдан-оёқ разм солиб чиқди. Суҳбатлашди. Гаплари жўяли. Созни қўлига бериб: «Чал!» деди. Буниям эплади. Қизлар тўғрисида қочиримли гаплар айтиб кўрди. Йигит чаққонгина муносиб жавоб қайтарди. Кейин битта тўйга, иккинчи тўйга олиб борди. Кузатса, ҳар қандай даврага мослашиб кетадиган. «Бўпти, бундан бу ёғига ёнимда юрасан», деди унга. Шу-шу Дониёр четга чиқиб, унинг ўрнини Бобир эгаллади.
(давоми бор)
Нуриддин ИСМОИЛОВ