Ҳақиқий ҳангома мана бунақа бўлади, оға!!!
«АҚЛЛИ» ГАДЖЕТЛАР
Азиз ўқувчим, биласиз, ҳозирги техника ривожланган бир пайтда ихтирочи ҳам, тадбиркор ҳам кўпайиб кетган. Улар етти ухлаб тушингизда кўрмаган матоҳларни яратиб ташлашмоқда. Аммо мен ҳам улардан сира қолишмайман. Мен ҳам техника тараққиётидан фойдаланиб янги ихтироларга қўл урдим. Аммо менинг ихтироларим бошқаларникидан буткул фарқ қилади. Улар жуда фойдали ва фойдалансангиз сира афсусланмайсиз. Мабодо қизиқаётган бўлсангиз, ёшларимиз қарғаб ташлашмаса, фурсатдан фойдаланиб мен ҳам ўз гаджетларимни реклама қилмоқчийдим. Ҳа-а, шунақами? Ёшлар ҳам қизиқишарканми? Вой, қандай яхши! Унда шошила қолай, айниб қолмасингиздан матоҳларимни реклама қилволай бўлмаса…
Бугунги кунда мен ҳам замондан орқада қолмасликка ҳаракат қиляпман. Масалан, янги пайдо бўлган «гаджет» атамасини чуқур таҳлил қилдим. Билдимки, мен яратган матоҳлар айни ўша «гаджет» атамасига мос тушаркан. Демак, шахсан ўз қўлларим, мана шу миям билан яратган гаджетларим рўйхатини эълон қиламан.
1. Чекиш қанчалар саломатликка зиён эканини барчамиз яхши биламиз. Шунинг учун ақлли электрон сигаретлар гаджетини яратдим. Бу гаджет интернетга уланган бўлиб, сиз видеоалоқа ёрдамида оғайнингизнинг электрон сигаретидан ўзингизникини тутатиб олишингиз мумкин. Бунга тўлиқ «гарантия» бор. Қолдиғини эса яна шу интернетдаги «Кладбище. ру» сайтида қолдирасиз.
2. Ёлғиз эркаклар учун «Робот дардкаш» гаджети. У сизга аёлларнинг эркак киши учун қанчалар зарарли эканини айтиб кўнглингизни тинчлантиради. Унинг ҳикояларини эшитгандан кейин умуман аёллар ҳақида хаёл сурмай қўясиз.
3. «Ақлли фотошопли кўзгу» гаджети. Нимаям қилардингиз? Эркакчилик-да! Кечаси чойхонада керагидан ортиқ улфатчилик қилиб юборсангиз, бу фотошопли кўзгу гаджети эрталаб башарингизни сал одамбашара қилиб кўрсатиб, сизга илиқ кайфият бахш этади.
4.»Ақлли катмон» гаджети. Пулингиз тугай бошласа, катмондан автомат тарзда «Ишон, жоним, мен ҳам жуда афсусдаман», деган ашула янграй бошлайди.
5. Ақлли ва бармоқ учини ёритувчи чироқча ўрнатилган скотч. Биласиз, скотчни очиш қанчалар муаммо туғдиради. Айниқса, кечаси. Ақлли скотч сизга қоронғи кечаларда яқиндан ёрдам беради.
6. Ота-оналар учун «Ақлли камар» гаджети. У мактабда ўқийдиган фарзандингизнинг кундалик дафтарини шахсан назорат қилиб боради.
7. «Ақлли болға» гаджети. Башарти болғани қўлингизга уриб олсангиз, баланд овозда сизнинг ўрнингизга сўкина бошлайди.
8. Оилали эркаклар учун «Ақлли-смарт бўйинбоғ». Худо кўрсатмасин, расман никоҳингизда бўлмаган аёлнинг қўлини билмасдан ушлаб қўйсангиз ҳам сизни автомат тарзда бўға бошлайди.
9. Калитлар учун «Ақлли илгичлар» гаджети. Тасаввур қилинг, кечаси қаердандир келдингиз-у, уй калитини қайси чўнтакка солганингиз ёдингиздан кўтарилди. Калит қидира бошлаганингизда ақлли илгичлар «Братан, биз бу ердамиз!», деб бақиради.
10. Эркак ва аёллар учун «Ақлли ич-кийимлар» гаджети. Бу ич кийимларни кийсангиз ҳам, ечсангиз ҳам олдиндан логин-парол сўрайди. Башарти уларга бегона қўл тегса, автомат тарзда бармоқ изларини олиб хотирасига сақлаб қўяди.
11. «Ақлли музлаткич» гаджети. Озишни истаган, парҳезда ўтирган аёл кечқурун соат 7: 00 дан кейин музлаткичга яқинлашса, автомат тарзда уни «Йўқол бу ердан! Ҳе сигирга ўхшаб семирмай ўл!», деб қарғай бошлайди. Аёл бу қарғишларга қулоқ тутмай, музлаткич эшигини очганда ҳам барибир фойдаси йўқ. Музлаткич ичкаридаги егуликларни паққос тушириб қўйган бўлади.
12. Интернет ишқибозлари учун «Ақлли сковородка» гаджети. Уни газга қўйгансиз, аммо унутдингиз дейлик. Ичидаги қовурилаётган овқат куйиш арафасида ақлли сковородка автомат тарзда интернетни ўчириб қўяди.
13. «Ақлли этик» гаджети. Эркакчилик-да, кечқурун оғайнилар билан чойхонада керагидан ортиқ улфатчилик қилиб юборсангиз, ақлли этик сизга асқотади. Унинг ўзи сизни тўғри уйингизга етаклаб келади.
Омон бўлинг!
Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади