КАЛЛАКЕСАР… (4-қисм)
ТИЛХАТ
* * *
Чамаси қирқ дақиқа ичида Меҳмонали чуқурни кўмиб, тупроқни текислаб, гиламни қайтадан жойига тўшади-ю, ҳарсиллаганча қария ва барзанги ўтирган стол қаршисига яқин борди.
— Баракалла-а, — дея ёқимсиз тиржайиш қилди Соли ота. — Бўларкан-ку! Қани, энди курсига чўк!
Меҳмонали кўрсатилган курсига чўкиб бир қарияга, бир барзангига жавдиради.
Тизза-ю, қўлларигача титрашдан тўхтамаганди. Титроқ устун келаётганини сездирмаслик, ўзини қўрқоқ кўрсатмаслик учун қаттиқроқ лаб тишлади.
— Билдинг-а нима кўмганингни? — ўртадаги жимликни бузиб сўради қария. — Ё тонасанми?
— Тонмайман, — деди бош эгиб Меҳмонали. — Мурда кўмдим чуқурга… Энди… Келишганимиздек ҳақимни берсангиз, кетсам!
— Нима?.. Кетсам? Қаерга? Катта холангникигами? Қара, Мўйдинбой бунинг гапини! Кетармиш!..
Мўйдин Меҳмоналига нафрат назари билан боқиб олди-да, қариянинг гапини маъқуллади.
— Аҳмоқ, овсар-да, бой ота, — деди у ёқимсиз ҳиринглаб. — Оғайни, иш энди бошланади! Бу денгиздан томчи холос.
— Менга қара, бола, — гапни илиб кетди Соли ота шоша-пиша стол четидаги қоғоз ва ручкани қўлига олиб. — Тонмаслигинг маъқул. Эркак деган қилган ишидан, гапирган гапидан тонмаслиги керак. Энди манави савил қолгур қоғозга тилхат ёзиб берасан.
Шундай деб қария қоғоз ва ручкани Меҳмоналининг қўлига тутқазди.
— Нима деб ёзишим керак? — сўради Меҳмонали. — Айтаверинг!
— Мен — унга шошилмай ёзажак матнини ўқий бошлади қария. — Фалончи фалончиев фалон куни фалончи фалончиевнинг фалончи деган ёлғиз қизини ўн ойдан бери зўрлаб келганимни, аёл ҳомиладор бўлиб кўзи ёригач, айбимни яшириш учун икки ҳафталик чақалоқ фарзандимизни ўлдириб, ҳовли ертўласига кўмиб юборганимни тан оламан…
— А-ахир… Бу… Ахир…
— Ёз дейилдими, ёзгин-да, хонасалот! — бақириб берди қария норозилик билдириш учун оғиз жуфтлаган Меҳмоналига. — Бўл тез! Ё Мўйдин акангнинг таёғини егинг келяптими? Агар қайсарлик қилсанг, ўша ўзинг ковлаган чуқурга тириклай кўмвораман! Мана шу қўлларим билан кўмвораман сени! Ё мелисага топшираман, қамалиб кетасан! Қамоқда чиритаман!.. Ёз дедим!!!
Ҳа, Меҳмонали қўлидаги бир парча қоғозга битилган тилхатни ёзиб, ўзи учун росмана қабр ҳозирлаб қўйганини идрок эта бошлаганди. Лекин қаршилик ҳам қила олмасди. Жон ширин. Қолаверса, шуни ҳам ёзиб қўлига топширса, Соли ота қўйиб юборишидан умид қиларди…
Ёзди, имзосини ҳам қўйди. Ундан кейин Мўйдин гувоҳлик қилганини тиркаб имзо чекди. Ва ниҳоят оқ қоғоз Соли отанинг қўлига тегди.
* * *
— Боракалло-о, боракалло, — дея қоғозни қўйинга урди Соли ота. — Ана энди битта ишимиз қонуний бўлди. Сен энди қочиб ҳеч қаерга бора олмайсан. Мен нима десам, шуни бажарасан. Худо кўрсатмасин, қочишга уринсанг борми, худди шу қоғозни мелисага топшираман-у, сени қаматвораман. Ё ишонмайсанми?
Меҳмонали индамай ер чизди. Билиб турарди. Қария унинг жон еридан тутди. Тутганда ҳам жуда қаттиқ, устамонлик, зўрлик билан тутди. Ҳақиқатан, қочиб ҳеч қаерга бора олмайди. Америкага қараб қочган тақдирда ҳам бирпасда тутиб олишади. Қолаверса, қишлоқдаги қўшнилари Салим тракторчидан эшитгани бор. У бировни бўғиб ўлдириб ўн йил ўтириб келган. Айтгандики, номусга тегиш, зўрлаш билан қамалганларни турмада ҳезалакка айлантириб юборишаркан. Қария буларни ҳам билса керак ҳойнаҳой…
«Аблаҳ, кўзинг чиққур чўққисоқол! — қалбан фарёд чекарди Меҳмонали. — Худодан қўрқмаскан-ку бу чол! Мени бўҳтонга белаб, нақ гирибонимдан олди. Ана энди занжирласаям, нон бермай томорқада итдай ишлатсаям Меҳмонали миқ эта олмайди. Боя қария қул қилиб олганини тан олмаган бўлса, энди тўлиқ амин бўлди. Соли ота бўйнимга ўта жиддий айбни қўйиб ташлади. Тилхатдан тонворган тақдирдаям чуқурга кўмилган гўдакнинг танасида бармоқ изларим қолгани тайин. Шунинг ўзи сабаб бўла олади. Жуда жирканч, хавфли, қаҳратон совуғидан-да совуқроқ айбни бўйнимга қўйди бу хунаса…»
— Ота, мана, ҳамма талабингизни бажардим, — деди барибир озодликдан умид қилиб Меҳмонали. — Қўйвора қолинг мени энди! Илтимос, ҳали ҳужжатимни топишим керак!..
Унга жавобан Соли ота масхараомуз тиржайиш қилди. Сўнгра ер остидан Меҳмоналига разм солганча бир неча ўн сония сукутга толди ва дафъатан бошини кўтарди.
— Йўқ, кетишдан умидни уз, болам, — дея шивирлади у. — Буёғига ўлигимиз ҳам, тиригимиз ҳам бир. Мен нима десам, шуни қиласан… Йўқ, сени қулликка маҳкум қилмайман. Озодликда юрасан. Бироқ мен айтган сўқмоқдан, мен кўрсатган кўчадан юрасан. Нима қилишинг кераклигини йўл-йўлакай ўзим айтаман. Ҳозир эса…
Қария илкис Мўйдин томонга юз бурди.
— Мўйдин, сен машинангда тез боргин-да, ичкилик, газак, егуликлар дегандай сотвол. Кейин Мўътабарникига боравер. Биз ўша ерда бўламиз бу йигит билан.
— Хўп бўлади, ота, — Мўйдин даст ўрнидан қўзғалиб икки қўлини кўксига қўйди. — Ест қиламиз ҳаммасини!
— Ҳа, шундай қил! Ҳарқалай, бу йигит мурда кўмди. Асабийлашаётгандир, қўрқаётгандир. «Истирес»лари чиқсин, майли!..
«СОВЧИ»
* * *
Мўйдин кетди. Соли ота эҳтиётини қилдими, Меҳмонали ёзиб берган тилхатни ҳам унинг қўлига тутқазиб юборди.
«Бу барзанги ўғли десам, ўғлига ўхшамайди, — ўйларди Меҳмонали қариянинг машинасида кетиб бораркан. — Аммо унга қаттиқ ишонаркан. Барзангиям айтганини қиляпти. Сўрасаммикан? Ие, ҳозир қаерга оборади-ю, яна бошимга не кунларни солади бу қари тулки. Билишга ҳаққим бор-ку ахир!.. Ё шартта эшикни очиб ўзимни пастга ташласаммикан? Тилхатиниям, ўзиниям бошини ерди бу сассиқ чол. Қамата олмасди ҳам. Аммо… Мен ўлиб кетсам, ким куяди? Ким ўлигимни одамбашара қилиб кўмади? Ҳеч ким. Нари борса, катта бир чуқур ковлашади-да, тузалмас касалга йўлиққанлар қаторида кўмиб ташлашади. Кимдир тепамга келиб тиловат ҳам қилмайди. Яхши-ёмонларнинг оёқлари остида қолиб кетаман… Йўқ, мен ортга чекинмаслигим керак. Бу чолнинг миясида яна қандай балолар айланаётганини кўришим керак. Бир кунмас-бир кун менга кўрсатган куни, гуноҳлари учун жазо топишига гувоҳлик қилишим керак…»
— Ота, бир гап сўрасам бўлар? — деди Меҳмонали таваккал бошини кўтариб. — Ё бунгаям рухсат йўқми?..
— Сўра, дардинг ичингда қолиб кетмасин тағин, — деди заҳархандалик билан қария. — Яна нима қилиб берай сен нодонга?
— Бояги барзанги ўғлингизми?
— Мўйдинни айтяпсанми? Ўғлимданам яқинроқ. Катта аммамнинг кенжаси. Локигин унинг жаҳлини чиқариб юрмагин яна. Жуда тезоб йигит. Сўйворишданам тоймайди у қурмағур…
— Ҳозир қаерга кетяпмиз? Тилхат дедингиз, ёзиб бердим, кўм дедингиз, кўмдим. Тағин нима қилишим керак? Қўйворсангиз, ишга чиқиб кетардим. Ахир…
— Бас, — гапни кесди Соли ота. — Ҳаддингдан ошаверма, бола! Жа индамаса… Мендақанги ҳотамтойни топиб бўпсан! Катта холангникига борасанми?
— Унда айтинг-да нима ишлигини! Менам одамман-ку, ахир, ота!..
Соли ота Меҳмоналининг сўнгги гапидан кейин сал шаштидан тушдими, машинани тўхтатди-да, ёнида ўтирган Меҳмоналининг елкасига қоқди.
— Иқболинг боракан, болам, — деди совуқ кулимсираб. — Ҳадемай манзилга етайлик, ўзинг кўрасан. Қўрқма, афсусланмайсан! Менга раҳмат дейсан ҳали, ҳа!..
Меҳмонали жавоб бермади.
Асабий лаб тишлаганча ташқарига бош бурди.
* * *
Улар то манзилга етгунча миқ этишмади. Меҳмонали хаёлан олдинда ўзини кутиши мумкин бўлган кўнгилсизликларни тасаввур этар, қалбини афсус ва надомат ўти куйдирарди. Қишлоқдан чиқиб бегона шаҳарга келганларига пушаймонлар ерди.
«Тоғам кўчалар, ҳеч бўлмаса, далалардаги ташландиқ шийпонларга эга чиқмасди-ку, — дерди хаёлан. — Нега ўша ерда қолмадим? Далаларда ишласам, ёки бировларникига мардикор бўлиб ёллансам ҳам тешиб чиқмасди-ку! Қишлоқларда қанчалаб одам шоли экади. Бири бўлмаса бошқаси албатта ишлатарди, ҳақимни берарди. Асосийси манавинга ўхшаган иймонини ютганлар қош-қабоғига қараб сарғаймасдим. Одам боласининг пешонаси шунчалар шўр бўладими?.. Хўш, энди нимага эришаман? Бу чол кабиларга одам ўлдириш чўтмасакан-ку! Акс ҳолда ертўладаги чақалоқни чуқурга кўмдириб хотиржам юра олмасди. Қассобдан баттар жоҳил экан булар…»
Шундай хаёллар кўксини кемирганча ўтирганда, машина тор кўчалардан бирига бурилиб тўхтади.
Ўнгдаги нақшинкор дарвоза очиқ эди. Қария рулни ичкарига бурди. Кирганлари ҳамоно паст бўйли, калта юбкали, сийналари ярим очиқ, қизил кофтали 30 ёшлар атрофидаги аёл пайдо бўлди.
«Қизи шекилли, — ўйлади Меҳмонали қиздан кўз узмай. — Шаҳарлик-да, отасининг ёнида ҳам манавинақанги очиқ-сочиқ юраверади булар. Лекин жа кетворган экан. Чол пули кўплигидан қизини яхши парвариш қилади шекилли…»
— Сен юр мен билан, — деди Соли ота Меҳмоналига совуқ тикилиб. — Оғзингни юм, пашша кириб кетади! Юр дедим!..
Меҳмонали яна бир карра зимдан аёлга қараб олди-да, қарияга эргашди.
(давоми бор)
Олимжон ҲАЙИТ