“СЎҚИР”… (10-қисм)
* * *
Олам зулмат кўрпасига ўранди. Ҳатто оймома зулматнинг қаҳридан қўрқа — писа булутлар қуршовида қур — қур мўралаб эркинлик учун пайт пойлади.
Нилуфар худди зиндонбанд этилган маҳбус каби узоқ вақт ҳиссиз ўтирди. Бағрини қоплаган муз ич — ичига ботиб азобига азоб, дардига дард қўшаверди.
Нима қилишни, кимга дод дейишни билмади. Нариги хонада эса Мастон кампир ва Манноп бувалар унинг адабини ейиши, ўзи ичкарига чорлаб розилик билдиришидан умидвор эдилар. Нилуфар ҳаммасини сезиб, па йқаб турарди. Шу сабабли хаёлан бу зиндондан халос бўлиш, боқий дунёга равона бўлиш йўлларини қидирди. Қалбан дунёга ён бермас бўлди. Афсуски, бу йўл ҳадеганда кўрина қолмас, ўйлаганлари сароб бўлиб чиқаверарди.
Биларди. Ишонарди. Бу икки кекса, жоҳил бандалар яхшилик қилмоқдан, кўнглини олмоқдан, шафқатнинг зилол сувига қондирмоқдан йироқ. Икковини ҳам манфаат, нафс гирдобига тортиб турибди. Бу гирдоб чангалидан халос бўлмоққа уларнинг қурби етмайди.
— Раҳмат сенга, Худойим! — киноя аралаш сўзлана бошлади Нилуфар. — Шунча қаттол кунларни бошимга солганинг учун овунсин, кўнгли кўтарилсин, ғуборлари арисин деб менга эр ҳам топиб қўйибсан — да! Тағин қанақасини дегин?!. Наҳотки мени ўша қари чолга тенг кўрган бўлсанг? Шунчалар назарингдан қолганмидим? Қайси гуноҳларим учун шўримга шўрва тўкмоқчисан?.. Йўқ, мени синдира олмайсан! Қийноқларингга, синовларингга ён бериб бўпман!.. Шу чолга тегишимни хоҳладингми? Хўп, тегаман! Ишонмайсанми? Ўзинг кўрасан ҳали… Мен жуда қайсар бандангман!.. Айтган сўзимдан қайтмайдиган аёлман!..
Нилуфар бирдан сўзланишни бас қилди — да, бор овозда қичқирди.
— Ҳой, ким бор? Киринглар! Мен кўндим! Розиман! Фақат мени қамоқда сақламанглар! Ёш жонимга жабр қилманглар!..
Шу захоти хона эшиги шаралаб очилди — ю, ичкарига Манноп бува ва Мастон хола олдинма — кетин кириб келишди.
— Ана, кўрдингми, Мастон, — дея соқолини тутамлади Манноп бува. — Бунинг кўнибди! Мен хотинли бўлаяпман, эшитаяпсанми?
— Кўнмай каёкка борарди? — саннаб берди Мастон кампир. — Бунакалар ўлгудай қўрқоқ бўлади. — Тағин тиланчилик қилиб одамларнинг раҳмини келтирганига ўлайми? Кўрлигини рўкач қилиб жарақ — жарақ пул ишлади бу мегажин.
— Э: гапни кўпайтирмасанг — чи, дўст! — кампирни силтаб ташлади Манноп бува. — Ҳозир бу гапларнинг мавридимас. Бўладиганидан гаплашайлик!
— Бу кампир чиқиб турсин, — деди Нилуфар қарияга юзланиб. — Уминан гаплашадиган гапим қолмади. Мен бўлгуси эримминан келишиб олишим керак.
— Ана кўрдингми? — деди жонланиб Манноп бува. — Сени чиқиб турсин деяпти хотиним. Қани, туёқларини шиқиллатиб қолсинлар — чи, дўст! Икки ёшга халал бермасинлар — чи!
— Вой — бў! — совуқ тиржайди кампир. — Ҳали ёш бўп қолдиларми? Шартинг кетиб партинг қолиб турибди — ю, дўст!
— Бўпти, бўпти, кўп бидирлама! Чиқ дегандан кейин чиққин — да энди!
Мастон кампир Нилуфарга нафрат аралаш қараб олди — да, пилдираганча йўлакка чиқиб кетди.
* * *
Нилуфар Мастон кампир чиқиб кетгани ҳамоно эҳтиёткорлик билан ўрнидан кўзғалди.
Қувончдан ёрилай деёзган Манноп бува эса азбаройи меҳри жўшиб унинг қўлтиғидан олди — да, оғзига тикилди.
— Хўш, меҳрибоним, гапиравер, — деди шивирлаб. — Ўлай агар, менга хотин бўлсанг, айтган талабингни бажараман. Сени ҳеч кимга хафа қилдириб қўймайман!
— Рост айтаяпсизми? — сўради Нилуфар жилмайиб. — Алдамаяпсизми?
— Ие, сендай меҳрибонимни алдасам дўзахга дўмбира бўлай! — беихтиёр касам ичди Манноп бува. — Ахир, жуфти ҳалолим бўлай деб турибсан! Нега алдарканман? Гапиравер, жоним!
Нилуфар сўзлашга шошилмади. Ёлғондакам ибо аралаш терс ўгирилиб сочларини бошқатдан турмаклади.
Пайпасланиб кўйлагини тўғрилади. Сўнгра яна қарияга юзланди.
— Илтимос, жойимга ўтиришга ёрдамлашворинг! — деди мулойимлик билан. — Сизга айтадиган баъзи гапларим бор.
Манноп бува эпчиллик билан Нилуфарни кўрпача устига ўтқазди — да, ўзи ҳам ёнига чўкди.
— Тезроқ гапира қолсанг — чи, соҳибжамолим! — деди у ҳарсиллаб. — Юрагим қинидан чиқиб кетай деяпти, ахир!
Нилуфар бошини эгган кўйи оҳиста пичирлади.
— Ростданам ҳамма талабимни бажарасизми? — сўради. — Сўзларингиз ҳақиқатми?
— Ҳақиқат, ҳақиқат! Гапиравер! Оллоҳ гувоҳ, ҳаммасини адо қиламан. Фақат менга хотин бўлсанг, кечаларимни оймомадай ёритиб, умримга мазмун киритсанг бас. Гапир, асалим, гапир!
— Унда мени бир жойга олиб борасиз, — деди Нилуфар. — Шундан кейин никоҳ ўқитсангиз розиман.
— Х — хўп, олиб бораман. Қ — қаерга? Бирор шаҳар ё қишлоққами?
— Олтинсой деган ерни эшитганмисиз?
— Э — эшитганман, — деди Манноп бува тутилиб. — Бир-икки борганманам. Сойи тушмагур жа тез окади… Ие, сен у ерда нима қиласан? Ёки бирор қариндошинг яшайдими Олтинсойда?
— Йўқ, у ерда ҳеч кимим йўк. Илгари оғир аҳволга тушиб қолсам, ўша сой бўйига бориб шарқираб оқаётган сув билан дардлашардим. Шу захоти ғамларим ариб енгил тортардим. Бугун хам ўша ёққа борсам девдим.
— Б-бугун кеч бўлди — ку, ҳаётим! Эрталаб борсак-чи? Ҳар холда… Олис жойда булса…
— Демак, қасамингиз ёлғон экан — да! Ҳозиргина айтдингиз — ку!
— Й — йўк, нега ёлғон бўлсин? Гапим гап. Локигин ярим кечаси нимада борамиз у ёққа? Шунисидан хавотир олаяпман.
— Мен ёши отамданам катта одамга хотин бўлишга розилик билдирдим-ку! Хавотирга тушмадим-ку! Шунчалик қўрқоқмисиз ҳали?
Нилуфарнинг сўнгги гапи Манноп буванинг ҳамиятига тегдими, даст ўрнидан турди-да, Нилуфарнинг билагига ёпишди,
— Меҳрибоним, — деди у жаҳл билан Нилуфарни ўрнидан туришга ундаб. — Ҳали Маннопнинг кимлигини билмас экансан. Манноп-чи, эркак, ҳа! Ие, эрта-индин қўйнимга кирадиган аёл мени қўрқоққа чикариб ўтирса — я!.. Йў-ўқ, бунақаси кетмайди, хоним, Манноп буванинг арслонни йиқитгулик кучи бор ҳали! Олтинсой экан-у, ундан нарига бўлсаям олиб борасан сени! Қани: кетдик! Нега туриб қолдинг, хотин? Кетмаймизми?,,
Нилуфар қариянинг бу тахлит гапидан дили оғриса-да, мажбуран жилмайган бўлиб аста ташқарига юрди.
* * *
Манноп бува ўткинчи машинани ёллаб Нилуфарни ўша сой бўйига олиб борди.
Улар олдинма — кетин юриб сойга яқин боришди. Олтинсой тошдан тошга урилиб, пишқириб оқар, сув шовқини сокин кечага ягона ҳукмрон эди.
— Сиз ҳов анави ерга бориб мени кутинг! — деди Нилуфар дарахтзорга ишора қилиб. — Суҳбатимга халал берманг!
— Қизиқмисан, хотин? — норози қўл силтади Манноп бува. — Сувнинг пишқиришини қара! Сени ёлғиз ташлаб кетолмайман. Сойга тушиб кетсанг, нима бўлади? Йў — ўқ, ундай қила олмайман.
— Ўзингиз «Ҳамма айтганларингни сўзсиз бажараманг» демабмидингиз боя? Нега энди гапингиздан қайтаяпсиз?
— Ахир… Тушун, — деди Манноп бува. — Ярим кеча бўлса. Бунинг устига сой тез оқади…
— Мен ёш бола эмасман. Боринг, ўша ерда кутинг! Акс ҳолда…
— Хўп, хўп, бўлди, кетаман, — гапни калта қилди қария. — Сен нима десанг шу, хотин! Фақат — чи, узоқ чўзма! Тезроқ бўл! Ҳали уйга етволишимиз керак. Эрта тонгда мулла чиқади уйга!.. Никоҳ… Ўқитишимиз керак, ахир!
Нилуфар индамади. Хаёлан Манноп бувани қарғай — қарғай, сой бўйидаги харсанг тош устига ўтирди — да, кўзларини юмди.
Хаёлан болаликдаги шўхликлари, маҳзун кечган онларни тасаввур этди.
Арслон билан ўтган энг тотли кунларни эслаб энтикди. Сўнгги бор еган шапалоқ зарбини танасида туйиб кўрди.
Зарба шу қадар кучли эдики, вужуди сесканди. Ўпкаси тўлиб келиб, сал қурса додлаб юбораёзди.
Кетидан пиёнистанинг уйида кечирган тунни, Мастон кампир, Мажидни эсга олди. Уларга Худодан диёнат, инсоф тилади. Дунёдаги барча жонзотларга Яратгандан узоқ умр, хотиржам ҳаёт сўради.
— Сен мени синаб, мен курашиб чарчамадим, — деди бошини баланд кўтариб. — Кўрдингми, Нилуфар ҳеч қачон сўзидан қайтмаган. У бир сўзли аёл. Айтганини қилмай қўймайди. Нима, мени ҳузурингга қабул қилмоқчи эмасмисан? Тағин бошимга турфа кўргиликларни солиб, аҳволимни томоша қилмоқчимисан? Йўқ, энди бундай бўлмайди. Ўзим ҳузурингга бораман. Қара, сой шовқини қулоқни қоматга келтирай деяпти! Агар ҳозир унинг қаърига ўзимни отсам, шовқин вужудимга сингади. Бир зумда сокин тортаман. Ўшанда ўзинг мени кўтариб олиб, овутасан, таскин берасан. Худойим, шу лаҳзаларни озмунча кутдимми?!. Кел, менга мадад бер! Қалбимга қувват ато эт! Токи сувга сакраётганимда бир туким қилт этмасин!..
Шундай деди-ю, Нилуфар эмкалаганча бориб сувга сакради…
* * *
Олтинсойнинг қайсидир қишлоқдан чиқавериши, тевараги бийдай даладан иборат ерида барваста, ёши ўттизларга бориб — бормаган, мўйлаби сабза урган бир йигит ўй сурарди.
Кутилмаганда ой шуъласида лопиллагганча оқиб келаётган қорамтир нарсага кўзи тушиб жонҳолатда ўзини сойга отди.
Сув ҳадеганда бу қорамтир нарсага яқинлашишга имкон бермасди. Аммо йигит ҳам бўш келмади. Харсанг тошларга илина -илина, охири унга етиб олди ва бор кучини ишга солиб соҳилга олиб чиқди.
У ҳеч нарсани идрок этмасди. Оқиб келган нарса одам эканини англаган заҳоти шошиб қолганди.
Таваккал оёғини кўтариб, ичига тўлган сувларни тўка бошлади. Бу иш бир неча дақиқа амалга оширилгач, тана эгаси ўқчий бошлади.
— Ие, тирик экан — ку! — бақирди йигит. — Аёл киши экан! Нима қиламан энди? Уни қаерга олиб бораман? Ҳа, уйга… Уйга обораман, уйга! Тирик экан! Тирик экан!..
Йигит деярли жонсизлана бошлаган Нилуфарни шартта елкасига ортди — да, уйи томон жўнади.
* * *
Сойдан унча узоқ бўлмаган ўтов ёнида ёши етмишдан ошган чол — кампир ёлғиз ўғли Нортўхтани кутишарди.
Узоқдан ҳалпиллаганча ниманидир ортмоқлаб келаётганини кўришди — ю, ўша тарафга юришди.
— Кампир, боланг бўри тутволдими дейман? — сўради узун соқолини тараб қария. — Қара, ҳовлиқиб келишидан шунақага ўхшайди.
— Олдин келсин, чол! Ҳадеб фол очаверманг! Милтиқ олиб кетмаган бўлса. Бўрини қай гўрдан тутсин?..
Бу орада Нортўхта уларга яқинлашди — ю, онасига бақирди:
— Эна, тез жой ҳозирланг! Манави аёл сойда оқиб келаётган экан. Тутволдим!
— Вой… Вой шўрим қуриб қолди!.. Сойда дейсанми? Нимага оқади? Қайдан оқибди — и?..
— Э, бўлди — да энди! — уни жеркиб берди қария. — Бор, жой ҳозирла!.. Аёл киши эмиш! Ўлиб қолмасин тағин?..
Кампир пилдираганча ўтовга кириб ерга кўрпача тўшади…
* * *
Шу тобда Нилуфар ўзга оламда кезарди. Айланасига гулдарахт билан ўралган боғга боқиб тўймасди.
Боғда сайр қилиб юрган йигит — қизлар, ёш — қарига нимадир демоқчи бўларди — ю, юрак ютиб сўз қота олмасди.
Улар ҳам Нилуфарнинг ниятини сезгандек қур — қур у томонга қараб қўйишар, бир — бирларини турта — турта, ўзаро шивир — шивир қилишарди.
— Шумикан боқий дунёнинг жаннати? — деди ўзига ўзи Нилуфар. — Боя ташқарида эканимда нафас олишга пича қийналгандим. Ҳаво диммиди — ей, ишқилиб, нафасим қайтаверганди. Боққа кирдим — у, бирдан енгил тортдим — а! Шунинг учун ҳамма жаннатга талпинаркан — да! Қара, қандай гўзал! Одамлариям бир — биридан хушрўй!.. Наҳотки, шуларнинг қуршовида қолган умримни кечирсам?.. Кўзларим — чи?.. Ие, кўзларим кўрмоқда! Ҳалигина кўр, нотавон эдим — ку! Фақат ёруғ дунёдагина кўр бўладими одам? Бу дунёда кўрлар бўлмайдими? Кўрлик, ожизлик уёқда қоладими?..
— Ўзига келаяпти чоғи, — деди кимдир. — Қаранг, эна, қимирлаяпти!..
«Ким гапирди ҳозир? — ўйлади Нилуфар. — Биров сўзлагандек бўлдими? Нега дарров жим бўлди? Ким эди ўзи?.. Вой, боғ ғойиб бўлди! Қани у? Қани хушрўй кимсалар, қани?..
* * *
— Қизим, тирикмисан?.. — сўради кимдир тепасида туриб. — Нега кўзларингни очмайсан? Очақол!
Нилуфар димоғида айрон таъмини туйиб беихтиёр ўрнидан қўзғалишга тутинди.
Бироқ қурби етмади. Тепасидагиларга қўл чўзиб кўмак сўрашга уринди.
Тили айланмади. Бир неча марта ҳиқичоқ тутиб, вужуди музлаб бораётгандек бўлди.
Шундан кейингина ўлмаганига амин бўлиб, оғир хўрсинди. Қалбини афсус булути қоплади. Тақдирига хаёлан лаънатлар ўқиди. Ажални қарғади. Бағрини нафрат ту йғуси тиғлай бошлади.
— М — мени боғга олиб боринг! — деди ниҳоят ўзида куч топиб. — Қаердаман? Мен… Боғда бўлишим керак. К — ким мени боғдан олиб кетди? Нега? Нима ҳақи бор эди олиб кетишга?.. Обориб қўйинг!
— Қўй, қизим, тинчлан! — деди тепасида ўтирган кампир. — Чироғим, ёшсан! Жонингга қасд қилишинг яхшими? Ҳали ҳаётинг олдинда бўлса! Яхшиям ўғлим кўриб қопти. Йўқса, жувонмарг кетардинг — ку! Худо асрасин — а, Худо асрасин!..
Нилуфар ортиқ сўзлай олмади. Томоғи қуриётган каби қайта — қайта ютинди.
Нортўхта унинг истагини пайқаб, дарров оғзига айрон тўлдирилган пиёлани тутди.
Нилуфар айрондан бир қултум ичди — ю, ўзини яна енгил ҳис этди.
— Мен ҳеч нарсани билмайман!
Нилуфар пайпасланиб кампирнинг билагини топди — да, маҳкам сиқиб олди.
— Боғдайдим! Ўша боққа олиб борасиз! А — агар…
Бу унинг сўнгги сўзи бўлди. Тўсатдан бошида қаттиқ оғриқ турди. Кўнгли айниб қайта — қайта ўқчиди.
Сўнгра боши айланиб ҳушдан кетди.
(давоми бор)
Олимжон ҲАЙИТ