“СЎҚИР”… (12-қисм)
* * *
Тун яримлади. Яйдоқ чўл ўртасидан оқиб ўтган сой шовқини янада кучайди.
Нортўхта ҳамон сой бўйида ўтирар, ўз ўйлари билан банд эди. Шу орада қаерлардандир отаси, онасининг ҳайқириғи қулоғига чалингандек туюлди. Аммо эътибор қилмади. Зардали қўл силташ билан кифояланди.
У нуқул келгуси тақдири ҳақида бош қотирди. Ота-онасини кўндириш режасини пухталади. Тўй ўтказиш, тенгқурларига нима дейиш, Нилуфарни қандай таништириш йўлларини излади. Асосийси, севгилисини ҳеч қачон дўхтирга яқинлаштирмасликка онт ичди. Шу кўйи хотирасиз қолишини, ўтмишини эслай олмаслигини, фақат ўзиники бўлиб қолишини Худодан тилади. Гарчи бу хаёл даҳшатли кечса-да, ўз бахтини йўқотишдан кўра шу йўлдан боришни маъқул билди.
Бир маҳал сой шовқини негадир пасайгандек, узоқ-яқиндаги чиябўриларнинг увиллаши тингандек бўлди.
Бу ҳолат беихтиёр Нортўхтани оёққа турғазди. Хаёллари ари каби тўзиб, чайла томон чопди.
Улгурмади. Тўсатдан атрофни гумбурлаган овоз тутди. Ер силкина бошлади.
Бу орада чайла ичкарисидан Нилуфарнинг дод-войи қулоғига чалинди.
Жонҳолатда ичкарига кириб Нилуфарни қучоқлаб олди.
— Қўрқаман! Ўлиб қоламан ҳозир! — қичқирарди Нилуфар Нортўхтанинг қучоғида ўзини у ёндан бу ёнга уриб. — Ер қимирлаяпти! Ҳозир бизни ер ютади, ер!..
— Қўрқма! Ҳозир ўтиб кетади! Қўрқма, асалим! Бардам бўл!..
Афсуски, бу овутишлар Нилуфарга таскин бермади. Азбаройи қўрқиб кетганиданми, силтана-силтана ҳушидан кетди.
* * *
Орадан беш дақиқача вақт ўтди. Ер силкинишдан аллақачон тўхтаганди.
Нортўхта бир неча марта Нилуфарнинг юзига муздек сув сепгач, у ўзига келди.
Пайпасланиб, кимларнидир қидирди, алаҳлай бошлади.
— Мастон!.. Ана, Мастон бостириб келаяпти!.. А-Арслон!.. Арслонни ушланглар! Мени сўйиб қўяди! Қўлида каттакон пичоғи бор! Кўраяпсизларми?..
— Нилуфа-ар! Ўзингни бос, жоним!.. Нималар деяпсан? Қанақа арслон?.. Қани?..
Нортўхта жазава аралаш Нилуфарнинг икки юзига шапатилади. Шундагина у тинчланиб алаҳлашдан тийилди.
Фақат… Хаёллари тикланганини аниқ сезди. Кўз ўнгида Мастон кампир, қария, кейинроқ Арслон гавдаланиб, ўзи билмаган ҳолда сесканди.
Азбаройи қўрқиб кетганидан Нортўхтанинг билагини топиб маҳкам ушлаб олди.
— Қўрқиб кетдингми, жоним? — сўради Нортўхта. — Зилзиладан шунчалигам қўрқадими одам?
— Жоним?.. — ҳайрон бўлиб бошини кўтарди Нилуфар. — Кимни жоним дедингиз? Кимсиз ўзи?..
— Ие, аҳмоққинам-эй!.. — деди Нортўхта кулимсираб. — Ким бўлардим? Эрингман! Нортўхтаман!.. Энди эсладингми?..
Нилуфар индамади. Сўзлашдан кўра ўй суришни, қай маконда эканини англашни, бошига бунга қадар қандай кунлар тушганини эслашни маъқул кўрди.
«Ҳа, мени Манноп деган қария хотин қилмоқчийди, — ўйлади ўзича. — Кейин мен ўзимни сой бағрига отдим. Қария ҳай-ҳайллаганча қолаверди. Демак, ёнимда ўтирган мана шу йигит мени қутқариб қолибди-да! Нега? Нима учун тинчгина ўлишга имкон бермади у?.. Кимдир қутқариб қолсин деб ўзимни сувга отмагандим-ку!.. Лекин-чи, барибир ўлиш даҳшатли кечаркан. Буни ҳозир ҳис этдим. Зилзила нақ жонимни ҳалқумимга келтирди… Қизиқ, нега бу йигит мени жоним деди. Эрингман деди?.. Исми нимайди?.. Нортўхтамиди?.. Ғалати экан исмиям. Ўзи-чи? Ўзи қанақайкин? Барвастамикан? Жоҳил бир кимса эмасмикан?.. Қайдам?.. Агар жоҳил бўлса, мени сув остидан олиб чиқмасди. Демак, яхши одам. Ким билсин? Мени севиб қолган кўринади. Нима учун? Сўқир аёл кимгаям керак, ахир? Бошига урармикан?.. Нима десам экан? Қандай йўл тутсам тўғри бўлади?..
Бор ҳақиқатни айтайми? Ишонармикан?.. Кейин-чи?.. Шубҳасиз, мени бирор йўл четига обориб ташлайди-ю, ўзи терс ўгирилиб кетади. Мен-чи? Мен тағин қора қисматнинг қулига айланаман. Мастонга ўхшаган ярамас кампирлар, Арслон каби жоҳиллар мени истаган кўйига солаверади. Ғуруримни, номусимни ер билан битта қилаверади…
Йўқ, айтмайман, айтолмайман! Яхшиси, кутаман! Бу йигитнинг аслида ким эканини яхшироқ билиб олиш пайида бўламан! Агар кўрсатаётган меҳри, сўзлари сароб бўлмаса, сукут сақлайман-у, тақдиримга тан бераман…»
— Эрингман дедингизми? — сўради жавдираган кўйи ундан арзирли жавоб кутаётган Нортўхта томон юзланиб. — Қачондан бери эримсиз?..
— Сенга минг марта айтдим, — деди Нортўхта тоқатсизланиб. — Тағин сўрашинг нимаси?
— Вой, ажал чангалидан қайтиб келдим, ахир! Сўрайман-да!.. Ҳомиладор эдингам дегандай бўлдингиз. Энангиз негадир мени уришиб ташлади… Тушунмадим-да ҳеч нарсага!..
— Қўявер, асалим, — деди Нортўхта Нилуфарнинг сўнгги сўзларини эшитгач, ҳийла енгил тортиб. — Қайноналар шунақа ўжарроқ бўлишади. Энам ҳам мени қизғонади-да!.. Ўтиб кетади ҳаммаси. Бошқатдан тўй қилайлик! Ё менга қайтадан турмушга чиқишга розимасмисан? Мени севмайсанми?..
Нилуфар лом-мим демади.
Елка қисган бўлиб эҳтиёткорона кўрпачага ёнбошлади ва икки кафти билан юзларини ёпиб олди.
* * *
Улар тунни чайлада ширин суҳбатлар қуриб ўтказишди. Нортўхта шинаванда ошиқ экан. Тун бўйи оғзи тинмай гоҳ латифа, гоҳ ривоятлар айтиб Нилуфарнинг кўнглини овлади.
Тақдир зарбаси қаддини дол этаёзган, вужудини музликлар қаърига отаёзган Нилуфар бир кеча бўлсин сўқирлиги, бахтсизлигини унутди. Қалб қийноқлари, безовта титрашлар, қўрқув, тушкунлик, аламли ўй, изтиробларга бурканган лаҳзалар нари чекинди.
Нилуфар сув гирдобида танасига чиппа ёпишган оғриқларга ён бермай қўйди. Сўқирлигига қарамай худди дунёни бошқалар каби бемалол кўраётгандек руҳан тетик бўлди.
Нортўхтанинг одамохун, мард, меҳрибон, куйинчак йигит эканига шубҳаси қолмади. Шунинг учунми, яқин ўтмишини ҳеч қачон унга ошкор этмасликка хаёлан онт ичди.
«Биламан, — дея ўйлади лаб тишлаб. — Ойни этак билан ёпиб бўлмайди. Бир кун келиб Нортўхта аслида ким бўлганим, бошимдан не кунлар ўтганини кимдандир эшитади. Арслон билан бирга умр кечирганимдан ҳам хабар топади. Бироқ ҳозирги ҳолатида бу йигитни қайириб ташлай олмайман. Ҳасратлари, юрак дардлари бир дунё ошиқ синиши, ҳеч қачон қиз болага исимаслиги, аёллардан нафратланиб яшаши, бахтидан, келажагидан воз кечиши ҳеч гап эмас. Қолаверса, ўзим ҳам бу соддадил йигитни негадир ёқтиргандекман. Тўғри, уни ёниб сева олмайман. Нари борса ҳурматлашим, қадрлашим мумкин. Нима қилай, худойим? Ўзинг мени шу кўйга солдинг. Кўзларимдан нурни тортиб олдинг. Мўъжизаларингни тўйиб томоша қилиш бахтидан мосуво этдинг. Шундай экан, норғул бир йигитнинг муҳаббатини қандай рад этай? У менга меҳрини бермоқчи, умрини бахшида этмоқчи. Кўйимда адо бўлмоқчи. Шу сабабли хотинимсан дея мени алдашга ҳаракат қилаяпти. Хотирам тикланганини сезса, аслида уники эмаслигимни тан олишга мажбур бўлса синади-ку бу йигит!.. Қолаверса, ундан яхшироқ, аълороқ йигитни қайдан топай?.. Шундай экан, Нортўхтанинг алдовларига ишонишга, ўзимни ҳақиқатан унинг хотини эканига ишонтиришга мажбурман. Ҳали кўрасан, Эгам, мен кўзларим кўрмаса-да, кўзи очиқлардан юз чандон кўпроқ ишлар қиламан. Сезиб турибман, мана шу қаршимдаги йигит ростакамига бахтим. Мен уни бадавлат эркакка айлантираман. Фақат… Шу бахтимни ҳам кўп кўрмасанг бас. Агар шундай қилсанг, мен… Менинг тўкилган япроқдан фарқим қолмайди… Кечир, Художон!..»
* * *
Орага чўккан сукутни яна Нортўхта бузди. У Нилуфарнинг ўйга толганидан хавотирга тушиб икки кафтини маҳкам сиқди-да, кўксига босди.
— Ундай қилманг! — деди Нилуфар қўлларини тортиб олишга уриниб. — Агар мени кўча аёлларидек енгилтак деб ўйлаётган бўлсангиз…
— Жим! — унинг гапини кесди Нортўхта. — Аҳмоқона гапларни гапирма! Сен менинг хотинимсан!.. Бир ўлимдан қолганингдан сўнг сенга баттар кўнглим тушди. Жигаримдан урдинг! Ишон, энди сени илгаригидек хафа қилмайман. Жонингдан кечишингга йўл қўймайман!.. Сен бағримга қайтганингдан бери… Ҳаловатимдан айрилдим, уйқуларимда шира қолмади.
— Олдин кўрлигимни юзимга солганмисиз? — атайин савол ташлади Нилуфар. — Шу нуқсоним туфайли кўчаларда менминан қўлтиқлашиб юришга ор қилгандирсиз ҳойнаҳой?..
— Жинни бўпсан! — қўл силтаб юзини терс бурди Нортўхта. — Илгари ҳар куни ўтовлар оралаб сайр қилардик. Ҳамма бизга ҳавас қиларди. Сен бир гапириб ўн кулардинг. Кулганингда янаям чиройли бўп кетганингни кўрганлар, ҳайратдан ёқа ушлаганча ортимиздан тикилиб қолишарди.
— Нега мени Нилуфар деб атадингиз? Ё исмим шунақамиди аслида?..
— Албатта шунақайди. Сен эслай олмасанг, ҳарқалай мен эслайман-ку, тентаквой!.. Исмингни ўзинам яхши кўрардинг.
— Чунки чиройли-да, — эркаланган оҳангда кулиб жавоб қилди Нилуфар. — Бунақа исм ҳеч кимда бўлмаса керак.
— Дунёда битта исминг бор, жоним! — деди Нортўхта жўшиб. — Хоҳлайсанми, сенга бир шеър айтиб бераман.
— Вой, ҳали шоир ҳаммидингиз? — кулиб юборди Нилуфар. — Буниси қизиқ бўлди-ку!..
Нортўхта оғир хўрсинди-да, чўнтагидан бир парча қоғоз чиқарди.
— Ишонасанми, айрилиқ одамни шоирсифат қилиб қўяркан. Аламимга чидолмай, қаердандир бир шеърий китоб олиб ўқигандим. Шеърларнинг биттаси юрагимга яқин чиқиб қолди. Кел, ўқиб берай!
— Шартми?
— Ахир, шу шеърни ўқибоқ ҳўнг-ҳўнг йиғлаганман. Ота-онам қўрққанидан нима қилишни билмай роса атрофимда гирдикапалак бўлишган.
— Ундай бўлса, ўқий қолинг! — деди Нилуфар жиддий тортиб. — Сиздан йигитни унча-мунча шеър йиғлата олмаслигига ишонаман. Ўқинг, яхши шеър бўлса керак!..
Нортўхта бир-икки томоқ қириб олди-да, шам ёруғига яқинроқ ўтириб қоғозга кўчирилган шеърни ўқий бошлади:
Биз учрашдик кўзи хумор,
Фасли баҳор, эсингдаму?
Ишқимизга тўқиб ашъор,
Фасли баҳор эсингдаму?
Сен ҳам мендек суйганмидинг,
Камалакни кийганмидинг,
Капалакни қувганмидинг,
Фасли баҳор эсингдаму?
Шаршаралар шовулларди,
Шамол сирли шивирларди,
Юраклар ҳам жимирларди,
Фасли баҳор эсингдаму?
Ишқ дегани кўҳна дунё,
Дилдан дилга йўл бор барно,
Юрагимда жўшар наво,
Фасли баҳор эсингдаму?
— Вой, зўр шеър экан! — тўлқинланиб кетди Нилуфар. — Юракка яқин экан. Яна шеър ўқиб бери-инг!.. Барибир тонг отишига пича бор-ку!..
Нортўхта сўзсиз бошқа чўнтагига қўл солиб яна бир қоғоз чиқарди-ю, Нилуфарга ер остидан бирпас тикилиб тургач, аста билагига туртиб қўйди.
— Эшит! Буниси унисиданам зўр!
Аслида ким қарарди
Ётганда хор сурма.
Бўлди азиз кўзига
Суртганда ёр сурма.
Ёр кўзига етишмак
Савдо эканки душвор
Ёниб кўмир бўлибди
Бечора зор сурма.
Ўртанма куйма ортиқ
Жисмим қаро экан деб
Ишқ йўлида қаролик
Тақдирда бор сурма.
Минг йил ётиб сенингдек
Ғам тоғининг тагида
Сўнг майли бўлсам охир
Толега ёр сурма.
Бу шеър ростакамига Нилуфарнинг хаёлларини чалкаштириб, аъзойи баданини музлатган эди.
Юзини терс бурганча унсиз йиғлай бошлади.
— Ие, бу нимаси? — Нортўхта қўрқиб уни маҳкам қучоқлаб олди. — Йиғлашга келишмагандик-ку!..
Нилуфар кўз ёшларини қўлидаги дастрўмолчага артган бўлди-да, титроқ аралаш хўрсиниб бошини кўтарди.
— Узр, — деди лабларидаги титроқни боса олмай. — Шеърингизни тинглаб туриб кўнглим бўшаб кетди. Ҳаммаси яхши… Яхши… Кечиринг!..
(давоми бор)
Олимжон ҲАЙИТ